БМТ ҳисоботи: Исроил томонидан ушланган фаластинликлар қийноққа солинмоқда
ИҲОКБ Исроил қамоқхоналарида сақланаётган минглаб фаластинликларнинг аҳволи ҳақида ҳисобот эълон қилди.
Исроил томонидан ўзбошимчалик билан ва яширин равишда қўлга олинган фаластинликлар қийноққа солинмоқда.
Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (ИҲОКБ)нинг 2023 йил 7 октябрдан бери Исроил ҳукумати томонидан минглаб фаластинликларнинг ўзбошимчалик билан, узоқ муддат ва якка тартибда ҳибсда сақланиши ҳақидаги ҳисоботида айтилади.
Ҳисоботда Исроил томонидан ҳибсга олинган фаластинлик аёллар ва эркакларга нисбатан қийноқлар, жумладан жинсий зўравонлик ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муносабат ҳақидаги даъволар мавжуд.
Ҳужжат муаллифларининг қайд этишича, 7 октябрдан бери минглаб фаластинликлар, жумладан тиббиёт ходимлари, беморлар ва маҳаллий аҳоли, шунингдек, жанглардан қочган бошқа одамлар Ғазо секторидан занжирланган ва кўзлари боғланган ҳолда Исроилга олиб кетилган.
Ҳисоботда айтилишича, фаластинликлар кўпинча яширин жойларда, ҳеч қандай сабабсиз ҳибсда сақланади ва уларга ҳуқуқий маслаҳат берилмайди ҳамда тегишли жараёндан маҳрум қилинади.
ИҲОКБ, шунингдек, 2023 йил 7 октябрдан бери Исроил қамоқхоналари ва ҳарбий базаларида камида 53 нафар фаластинлик ҳалок бўлганини аниқлади.
Ғазода қўлга олинганлар асосан эркаклар, жумладан, ўсмирлар бўлиб, уларнинг аксарияти Ғазо шимолидан жанубга кўчиб ўтаётганда мактаблар, шифохоналар, уйлар ёки назорат пунктларида ушланган.
«Исроил армияси, одатда, Ғазода фаластинликларни ҳибсга олиш сабабларини ошкора тушунтирмайди, гарчи баъзи ҳолларда улар Фаластин қуролли гуруҳлари ёки уларнинг сиёсий қанотлари билан боғлиқлигини даъво қилади», деб таъкидлайди муаллифлар.
Исроил ушланганларнинг аксарияти тақдири ва қаерда эканлиги ҳақида маълумот бермаяпти ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ)га уларнинг ҳибсхоналарига киришга рухсат берилмаган, дейилади матнда.
Ҳисоботда фаластинлик маҳбусларнинг қафасга ўхшаш хоналарда сақланганликлари, узоқ вақт кийимсиз қолдирилганликлари ёки битта мато ичида қолдирилганликлари ҳақида гувоҳликлари ҳам ўрин олган.
Гувоҳликларга кўра, фаластинликлар узоқ вақт давомида кўзлари боғлаб қўйилган, озиқ-овқат, уйқу ва сувдан маҳрум бўлган, электр токи уришига дучор қилинган, баданларида сигарет ўчирилган, итларга талатилган.
Бу ҳаракатлар халқаро гуманитар ҳуқуқнинг очиқдан-очиқ бузилиши
Ҳисоботда фикрлари ўрин олган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк 2023 йил 7 октябрдан бери ҳибсга олинган кўплаб эркаклар, аёллар, болалар, шифокорлар, журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг аянчли шароитларда сақланишини айтди. Улар ҳар қандай айбловларсиз ва суд қарорисиз ушлаб турилибди, қийноқларга дучор бўляпти.
Турк тегишли жараён кафолатларининг бузилиши ҳақидаги хабарлар жиддий ташвишга солаётганини таъкидлаб, бу каби ушлаш ва ҳибсга олишларнинг ўзбошимчалик билан жазолаш хусусиятига эга эканига эътибор қаратди.
«Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва бошқалар томонидан тўпланган далиллар шуни кўрсатадики, сув билан қийноққа солиш ва итларга талатиш каби бир қатор даҳшатли хатти-ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари ва халқаро гуманитар ҳуқуқнинг очиқ-ойдин бузилишидир», - деди у.
Халқаро гуманитар ҳуқуқ қамоқхонадаги ҳар бир кишини зўравонлик ва таҳдидлардан ҳимоя қилади, дея эътибор қаратган Турк. У Ғазода ҳамон ушлаб турилган барча маҳбуслар ва Исроил томонидан ўзбошимчалик билан қўлга олинган барча фаластинликларни озод қилиш чақириғини такрорлади.