Берлин: Красиковни Россияга топшириш қийин қарор бўлди
Қотил Красиковни маҳбуслар алмашинуви доирасида Россияга топшириш қийин қарор бўлди, дея маълумот берди Германия ҳукумати. У Россия Федерацияси ва Беларусда ноқонуний равишда судланган 16 кишининг озод этилишига эришганликларини таъкидлади.
Германия ҳукумати 1 август, пайшанба куни Россия Федерацияси ва Ғарб ўртасидаги йирик маҳбус алмашинуви доирасида қотил Вадим Красиковни Россияга топшириш осон қарор бўлмаганини тан олди. Берлин Россияда ноқонуний қамоқ жазосига ҳукм қилинган 15 кишини ва Беларусда аввалроқ ўлим жазосига ҳукм қилинган бир Германия фуқаросини озод қилишга эришилганини таъкидлади.
«Тарози бир томонида давлатнинг қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахс (Красиков) ҳукмини ижро этишдан манфаатдорлиги, иккинчи томондан - эркинлик, жисмоний фаровонлик ва - баъзи ҳолларда - бегуноҳлар ҳаёти. Россияда қамалган одамлар ва ноҳақ ҳукм қилинган сиёсий маҳкумлар, немис фуқароларини ҳимоя қилиш ва АҚШ билан бирдамлик муҳим сабаблар эди», деди Германия ҳукумати вакили Штеффен Хебештрайт.
Расмий Берлин Россия ва Беларус ҳукуматини ноҳақ судланган барча сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирди. «Биз Россия Федерациясида Украинага қарши тажовузкор уруш ҳақида ўз фикрларини ва ҳақиқатни айтгани учун ҳали ҳам қамоқда ўтирганларнинг барчасига қўллаб-қувватлов билдирамиз», деб таъкидлади Хебештрайт.
Айни пайтда, Германиянинг Bild таблоиди ёзишича, ГФРдаги терговчилар Красиков озод этилишидан «ғазабланган». Нашрнинг ёзишича, Федерал бош прокуратура воқеани Россия президенти Владимир Путинга нисбатан «ҳаддан ташқари ён босиш» деб ҳисоблайди.
Шолц: Германия бегуноҳ қамалган маҳбуслар учун курашишни давом эттиради
Германия ҳукумати Россия ва Беларусда сиёсий сабабларга кўра қамалганларнинг барчасини озод қилиш учун курашни давом эттиради. Бу ҳақда Германия канцлери Олаф Шолц 2 август, жумага ўтар кечаси Кёлн/Бонн аэропортида Россия Федерацияси ва Беларусда озод этилган сиёсий маҳбуслар билан Анқарадан учган самолёт қўнишидан бироз олдин журналистларга маълум қилди.
Маҳбуслар алмашинувида кимлар иштирок этди?
1 август, пайшанба куни Анқара аэропортида Россия, Беларус ва Ғарб давлатлари ўртасида маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтганини Туркия расмийлари тасдиқлади. Туркия оммавий ахборот воситалари жараёндан олинган тасвирларни намойиш қилган ва унда 26 киши иштирок этганини хабар берган.
Россия алмашинув пайтида Ғарб давлатларига: сиёсатчилар Владимир Кара-Мурза ва Иля Яшин, ҳуқуқ ҳимоячиси Олег Орлов, жамоат арбоби Андрей Пивоваров, рассом Саша Скочиленко, мухолифатчи Алексей Навалнийнинг шериклари Лилия Чанишева, Ксения Фадеева ва Вадим Останин, Германия фуқароси Кевин Лик; журналист Иван Сафронов иши қатнашчиси, Россия ва Германия фуқаролигига эга сиёсатшунос Дитер Воронин, Германия ва Россия фуқароси Германа Мойжес, АҚШ фуқаролари Пол Уилан, Эван Гершкович, Алсу Курмашева, Германия фуқароси Патрик Шобелни топширди. Беларус ҳукумати ҳам ўлим жазосига ҳукм қилинган Германия фуқароси Рико Кригерни экстрадиция қилди.
Россияга «Тиргартен қотили» Вадим Красиковдан ташқари, АҚШда компютерни бузиш ва фирибгарликда айбланиб 9 йилга қамалган Владислав Клюшин; Словенияда жосусликда айбланиб 1 йил 7 ойга қамалган Артем ва Анна Дулцевлар; Полшада Россия фойдасига жосусликда айбланган Павел Рубцов; Норвегияда Россия фойдасига жосусликда айбланган Михаил Микушин; Қўшма Штатларда киберфирибгарликда айбланиб 27 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Роман Селезнев; АҚШда Россия ҳарбий-саноат комплекси учун технология ва Америка ўқ-дориларини контрабанда қилишда айбланган Вадим Коношченок қайтди.
Гершкович, Уилан, Курмашева ва Кара-Мурзанинг озод этилгани Оқ уй томонидан тасдиқланди. Der Spiegel нашри Красиков Германиядан учган самолётда бўлганини ёзди. Лик, Орлов, Скочиленко, Фадеева, Яшин ва Пивоваровларнинг озод этилгани улар қариндошлари ва қўллаб-қувватловчи гуруҳлар томонидан тасдиқланган.
Америкалик журналист Пётр Сауэр X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида Гершкович, Курмашева ва Уиланнинг озодликка чиққанидан сўнг тушган биринчи суратини эълон қилди. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, учаласи ҳам АҚШга йўл олган.
ОАВ: МРБ алмашинувда муҳим рол ўйнади
Бу совуқ уруш давридан бери Россия ва Ғарб ўртасидаги энг йирик маҳбус алмашинувидир. CNN маълумотларига кўра, бунда АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ва хусусан, унинг раҳбари Уилям Бернс муҳим рол ўйнаган.
Мавзуга оид
18:58
Германия Ўзбекистонга «яшил» иқтисодиёт учун яна 3 млн евро грант ажратади
14:00
ХДИ раҳбари Мерц Германия сиёсатини тубдан ўзгартиришни талаб қилмоқда
11:47
Ўзбекистон давлат хизматчилари Германияда малака оширади
20:26 / 12.11.2024