Фуқарога тарсаки туширган Чироқчи тумани ҳокими интизомий жазога тортилди
Ҳолат вилоят ҳокимлиги аппарат йиғилишида кескин муҳокама қилинган. Фуқарога қўл кўтарган туман ҳокими Файзулла Юсупов бу каби ҳолатларга яна йўл қўйган тақдирда тегишли жавобгарликка тортилиши тўғрисида қатъий огоҳлантирилган.
Фуқарога тарсаки туширган Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсупов интизомий жазога тортилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов маълум қилди.
Унга кўра, ушбу масала вилоят ҳокимлиги аппарат йиғилишида кескин муҳокама қилинган. Туман ҳокими Ф.Юсупов шу ва иш фаолиятида йўл қўйган бошқа камчиликлари учун интизомий жазога тортилган.
“Туман ҳокими ҳар бир фуқаро билан хушмуомала ва ҳурмат билан муносабатда бўлиши, мулоқот чоғида одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиши уқтирилди ва келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўйган тақдирда тегишли жавобгарликка тортилиши тўғрисида қатъий огоҳлантирилди”, дейилади муносабатда.
Олдинроқ Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсупов фуқарога қўл кўтаргани хабар қилинганди. Ҳоким ИИБ ходимлари гаплашиб турган фуқаро олдига келган ва кутилмаганда унинг юзига тарсаки тортиб юборган.