Жаҳон | 23:24 / 02.08.2024
3785
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАС етакчисининг ўлдирилиши ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларга ёрдам бермайди — Байден

Байден ҲАМАС раҳбари ўлдирилишига биринчи марта изоҳ берди.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байденнинг айтишича, ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши Ғазо секторида эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларга «ёрдам бермайди».

Ҳания ҲАМАС ҳаракатининг энг юқори мартабали амалдори бўлиб, ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинган исроилликларни озод қилиш бўйича музокараларда фаол иштирок этган. У Теҳронда бомба портлаши оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Эрон ушбу қотилликда Исроилни айблади.

Байден Яқин Шарқдаги кескинлик ортиб бораётганидан «жуда хавотирда» эканини айтди. «Бизда ўт очишни тўхтатиш учун асос бор. У [Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу] буни бошлаши керак ва улар [ҲАМАС] буни ҳозир бошлаши керак».

Яқинда Исроил ва ҲАМАС Ғазодаги урушда ўт очишни тўхтатиш бўйича дастлабки билвосита музокараларни қайта бошлаган эди, бироқ музокаралардаги тараққиёт ҳақида зиддиятли хабарлар мавжуд.

Май ойи охирида Байден Исроилнинг ўт очишни тўхтатиш таклифи шартларини айтган эди. Шундан бери бу ҲАМАС ва Исроил ўртасида Қатар, Миср ва АҚШ воситачи бўлган даврий билвосита музокаралар учун асос бўлди.

Байден ҲАМАС раҳбари ўлдирилганидан кейин бу борада биринчи марта изоҳ берди.

У Нетаняҳу билан аввалроқ гаплашганини ва Исроилни «Эрондан келаётган барча таҳдидлардан» ҳимоя қилишга ваъда берганини айтди.

Мавзуга оид