Жаҳон | 08:44 / 03.08.2024
2783
3 дақиқада ўқилади

Байден Яқин Шарқда кескинлик ортиб бораётганидан хавотир билдирди

АҚШ президентининг айтишича, у Яқин Шарқда кескинлик ортиб бораётганидан «жуда хавотирда».

Фото: Reuters

ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши «ўт очишни тўхтатишга эришиш имкониятига ёрдам бермади».

Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден Туркия Миллий разведка ташкилоти (MİT) томонидан мувофиқлаштирилган маҳбусларни алмашиш амалиёти доирасида мамлакатга қайтган уч АҚШ фуқароси билан учрашиш учун борган Эндрюс ҳаво кучлари базасида журналистларга айтиб ўтди.

Ҳанияга қилинган суиқасд Ғазода ўт очишни тўхтатишга эришиш имкониятига қандай таъсир қилгани ҳақида сўралганда, Байден «Ёрдам бермади», деб жавоб қайтарди.

Байден Яқин Шарқда кескинлик кучайиб бораётганидан «жуда хавотирда» эканини айтди ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан «жуда батафсил» суҳбатлашганини таъкидлади.

«(Суҳбат давомида) мен аниқ айтдим. Бизда ўт очишни тўхтатиш учун асос бор. (Нетаняҳу) тегишли қадам ташлаши керак. Улар шу йўлдан боришлари керак», – деди давлат раҳбари.

Оқ уй аввалроқ Байден ва Нетаняҳу ўртасидаги телефон суҳбати ҳақида хабар берган эди.

Баёнотда Байден Нетаняҳуга Исроил хавфсизлигини кафолатлагани, «президент Исроилнинг Эрон ва унинг ҲАМАС, «Ҳизбуллоҳ» ҳамда ҳусийчилар каби террорчилик тармоғидан келаётган барча таҳдидлардан хавфсизлигини таъминлашга содиқлигини қайд этгани» айтилади.

Теҳронда ҲАМАС етакчисининг ўлдирилиши

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳания Эрон янги сайланган президенти Масъуд Пезешкиён инаугурация маросимида иштирок этиш учун Теҳронга келганди. 

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси 31 июл куни эрталаб Эрон пойтахтида Исмоил Ҳания қароргоҳига зарба берилгани ҳақида маълумот тарқатди. 

Эрон ва ҲАМАС Исроилни қотилликни уюштирганликда айблади. Бироқ Исроил расмийлари воқеага изоҳ беришдан ўзларини тийиб турибди.

Исмоил Ҳания 2017 йил 6 май куни ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари этиб сайланган эди. У бу лавозимда Холид Машал ўрнини эгаллади.

Мавзуга оид