Жаҳон | 07:24 / 07.08.2024
9194
2 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги Курск вилоятига захира кучлар юборилганини эълон қилди

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 6 август куни эрталаб Украина Қуролли кучларининг бир неча юзлаб аскари ва ҳарбий техникаси Курск вилоятига бостириб киришга уринган. Киев жанглар ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Фото: Telegram / Алексей Смирнов

Курск вилоятида бир кун давомида Украина ўққа тутиши оқибатида уч киши ҳалок бўлди, яна 18 киши жароҳатланди, деб хабар берди вилоят губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов 6 август, сешанба куни Telegram-каналида. Унинг сўзларига кўра, Суджа шаҳридаги отишмалар пайтида бир аёл ҳалок бўлган. Нехаевка ва Комаровка қишлоқларида икки киши - транспорт воситалари ҳайдовчилари УУА ҳужумларида ҳалок бўлди.

Сешанба куни аввалига Курск вилояти расмийлари, кейинроқ эса Россия Мудофаа вазирлиги Украинадан Россия чегарасини бузиб ўтишга уриниш ҳақида эълон қилган эди. Ҳарбий департамент маълумотларига кўра, эрталаб Украина Қуролли кучларининг 300 га яқин аскари, 11 та танк ва 20 та зирҳли техникаси Николаево-Дарино ва Олешня ҳудудларида россиялик чегарачиларга ҳужум қилган. 

Губернатор Смирновга кўра, 26 та Украина самолёт типидаги дрони Курск вилояти осмонида уриб туширилди ва кун давомида ракета таҳдиди қайта-қайта эълон қилинди. 

Украина чегарадаги жангларга изоҳ бермади

Мудофаа вазирлиги Курск вилоятига «Россия қўшинлари гуруҳи захиралари» юборилгани, улар Россия ФСБ чегара қўшинлари бўлинмалари билан биргаликда ҳужумларни қайтараётгани ҳақида хабар берди. Кечқурун департамент маълумотларига кўра, украиналик ҳарбийларнинг бир қисми «тўғридан тўғри давлат чегарасига туташган ҳудудда мустаҳкам ўрнашиб олишга уринган», бироқ «катта йўқотишлар» кўрган ва Украина ҳудудига чекинган. Кейинчалик пост таҳрир қилинди ва ундан «Украина»нинг чекиниши ҳақидаги ибора йўқолди. 

Украина томони Курск вилояти билан чегарадаги жанглар ҳақида изоҳ бермади.

Украинадан Курск ва Белгород вилоятлари ҳудудига бостириб киришга уринишлар 2023 йилнинг баҳорида бошланган. Улар учун жавобгарликни Россия кўнгиллилар корпуси (РДК), «Россия эркинлиги» легиони ва Украина Қуролли кучлари томонида жанг қилаётган Сибир баталиони ўз зиммасига олди.

Мавзуга оид