Жаҳон | 09:36 / 09.08.2024
2546
3 дақиқада ўқилади

Исроил Норвегия элчихонасининг 8 дипломати аккредитациясини бекор қилди

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Норвегиянинг Фаластин мустақиллигини тан олиш қарорини танқид қилди. ФММ билан алоқалар учун масъул элчихона ходимларининг аккредитацияси бекор қилинди.

Фото: Beate Oma Dahle/NTB/REUTERS

Исроил Норвегиянинг мамлакатдаги элчихонасида Фаластин миллий маъмурияти (ФММ) билан алоқалар учун масъул бўлган саккиз нафар дипломатнинг аккредитациясини бекор қилди. Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац бу қарор ҳақида Скандинавия қироллигини хабардор этди, деб хабар берди 8 август, пайшанба куни Исроил ТИВ.

Баёнотда бу қарорга «Норвегия ҳукуматининг Исроилга қарши ва бир томонлама қадамлари» сабаб қилиб кўрсатилган. 2023 йил 7 октябр куни Ҳамас ҳужумидан кейин Фаластин террорига қарши курашиш ва Исроилни қўллаб-қувватлаш ўрнига, «Норвегия Ҳамаснинг қотиллари ва зўрловчиларини Фаластин давлатини тан олиш билан мукофотлашга қарор қилди», деди Кац.

«Ким бизга ҳужум қилса ва бизга қарши бир томонлама сиёсат юритса, бунинг учун нарх тўлайди», - дея қўшимча қилди Исроил вазири. Норвегия элчиси тегишли нота топшириш учун Исроил Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.

Норвегия Фаластин давлатини тан олди

Май ойининг охирида Норвегия Испания ва Ирландия билан биргаликда Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олди. «Ушбу эътироф туфайли биз Осло келишувлари билан (Исроил ва Фаластин ўртасида) бошланган жараёнга янги дастур тақдим этмоқдамиз», деди Норвегия ташқи ишлар вазири Эспен Барт Эйде. Унинг фикрича, бу қарор, агар бошқа давлатлар Норвегиядан ўрнак олса, Яқин Шарқда вазият «тинч йўл билан ечим топишига кўпроқ туртки бериши» мумкин.

Норвегия 1993 йилда Исроил ва Фаластин ўртасида Фаластин миллий маъмуриятини ташкил этиш тўғрисидаги Осло келишувлари имзоланганидан буён минтақада муҳим рол ўйнади.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 40 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид