Жаҳон | 08:17 / 10.08.2024
16016
4 дақиқада ўқилади

Россиянинг уч вилоятида АТО режими жорий этилди

Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида «вазиятни беқарорлаштиришга мисли кўрилмаган уриниш» туфайли аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликлари жиддий чекланмоқда.

Фото: AP

Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида аксилтеррор операцияси (АТО) режими жорий этилди. Бу ҳақда 9 август, жума куни Россия Федерацияси Миллий аксилтеррор қўмитаси (МАҚ) маълум қилди.

Бу ҳақда Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников қарор қабул қилди. Украина Қуролли кучлари (УҚК) Курск вилояти билан чегарани ёриб ўтганидан сўнг, гап «вазиятни беқарорлаштиришга мисли кўрилмаган уриниш» ҳақида кетяпти, деб тан олди МАҚ.

Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирновнинг сўзларига кўра, расмийлар кейинги «саботаж ва террорчилик таҳдидлари»дан хавотирда.

Аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларини жиддий чеклаш

Режимнинг параметрлари «Терроризмга қарши курашиш тўғрисида» ги федерал қонун билан белгиланади.

Шундай қилиб, у жисмоний шахсларнинг ҳужжатларини текшириш ва ҳужжатлар йўқ бўлган тақдирда уларни ички ишлар органларига юборишни ўз ичига олади. Аҳолига маълум ҳудудлар ва объектларга кириш тақиқланиши мумкин. Расмийлар электрон ёзишмаларни ўқиш ва телефон суҳбатларини тинглаш ҳуқуқига эга.

Ушбу чора фуқароларни «вақтинчалик кўчириш»ни, шунингдек, транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатини чеклашни назарда тутади. Хавфсизлик хизматига уй-жой ва ер участкаларига тўсиқсиз кириш ҳуқуқи берилади.

Режим ҳарбий техникадан фойдаланишни ўз ичига олади

АТО учун ҳарбийлар, Миллий гвардия, фуқаролик мудофааси ва федерал идоралардан иборат махсус кучлар гуруҳи яратилиши мумкин. Россияда уни ким бошқариши мумкинлиги ҳозирча аниқлаштирилмади. Режим ҳарбий техника, қурол ва махсус техникадан фойдаланишга расман рухсат беради.

Урушни ўрганиш бўйича Америка институтининг 8 август куни хабар беришича, Украина Қуролли кучлари Украинанинг Суми вилояти билан чегарасидан Россия ҳудудига 35 километр чуқурликда илгарилаб кетган.

Айни вақтда, Қодировнинг «Ахмат» кўнгилли махсус бўлинмаси қўмондони Апти Алаудинов аввалроқ унинг бўлинмалари ҳамон Россия-Украина чегарасида қолаётганини таъкидлаган эди.

Федерал фавқулодда ҳолат

Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «Курск вилоятидаги вазиятни» федерал фавқулодда ҳолат деб тан олди. «Минтақада федерал даражадаги чоралар ўрнатилди», дея хабар берди вазирлик 9 август куни.

Айни пайтда, Россия Мудофаа вазирлигига яқин бўлган "Рыбарь" Telegram-канали Украина қуролли кучлари Суджанинг ғарбий чекка ҳудудларини назорат остида ушлаб турганини маълум қилди.

Россиянинг Венадаги доимий ваколатхонасида айтилишича, Россия Атом энергияси бўйича халқаро агентликни Курск атом электр станциясидаги вазият ҳақида хабардор қилган. Миссия маълумотларига кўра, 8 август куни станцияда, шу жумладан, радиоактив чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуаси ҳудудида уриб туширилган ракеталарнинг бўлаклари топилган.

Материал эълон қилинган пайтда бошқа манбалардан бу маълумот тасдиқланмаган.

2023 йил май ойида Белгород вилоятида Украина томонида жанг қилаётган Россия кўнгиллилар корпуси ва «Россия эркинлиги легиони» жангчиларининг Украина ҳудудидан кириб келиши муносабати билан қисқа муддатга АТО режими жорий этилганди.

Мавзуга оид