Жаҳон | 12:18 / 14.08.2024
3084
2 дақиқада ўқилади

Россия Олий суди уруш қатнашчилари ишини суд босқичида тўхтатмоқчи

Олий суд лойиҳасида уруш қатнашчиларига нисбатан жиноят ишлари судда кўриб чиқилаётган вақтда тўхтатилиши мумкинлиги кўрсатилган. Ҳозир бунга фақат тергов босқичида ёки ҳукм чиқарилгандан кейин рухсат берилади.

Фото: Екатерина Кузьмина / РБК

Россия Олий суди уруш қатнашчиларини жиноий жавобгарликдан озод қилиш механизмини тўлдиришни ва Украинада жанг қилишга рози бўлганлар жиноий ишларини нафақат тергов босқичида, балки суд жараёнларининг ўзида ҳам тўхтатиб қўйишни таклиф қилди. Бу ҳақда 13 август, сешанба куни ТАСС хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, тегишли қонун лойиҳаси Олий суд пленумида тақдим этилган ва уни Давлат думасига киритиш режалаштирилган.

2024 йил март ойидан бошлаб жиноят қонунчилигига ҳарбий хизматга чақирилган ёки қуролли кучлар билан шартнома тузган шахсларга нисбатан жиноят ишларини тўхтатиб туриш ва эҳтиёт чораларини бекор қилиш имконини берувчи ўзгартишлар кучга кирди. Шу билан бирга, жиноий жавобгарликдан озод қилиш фақат дастлабки тергов босқичида - иш судга топширилгунга қадар, шунингдек ҳукм чиқарилгандан кейин амалга ошиши мумкин.

Олий суд қонун лойиҳаси ушбу механизмни суд муҳокамаси босқичида, жиноят иши судга юборилган ва биринчи инстанция ёки апелляция судида бўлганида қўллашни таклиф қилмоқда, деб ёзади ТАСС. Иш биринчи бўлиб келиб тушган суд, ҳукм чиқарган суд ёки апелляция инстанцияси жиноят ишини тўхтатиб туриши ва эҳтиёт чорасини бекор қилиши мумкин.

Мавзуга оид