Жаҳон | 19:16 / 14.08.2024
3746
2 дақиқада ўқилади

Япония бош вазири сентябрь ойида истеъфога чиқишини маълум қилди

Фумио Кисида кейинги ой ўтказиладиган сайловларда Либерал-демократик партиясидан иккинчи муддатга номзодини қўймайди.

Фото: AP

Япония бош вазири Фумио Кисида кейинги ой ўтказиладиган сайловларда Либерал-демократик партиясидан (ЛДП) иккинчи муддатга номзодини қўймаслигини маълум қилди.

«Сентябрда ваколатим тугагунга қадар бош вазир сифатида қўлимдан келганини қилишда давом этаман», — дейди Кисида 14 август куни ўтказилган матбуот анжуманида.

Кисида ушбу «оғир қарорни» мамлакатда «сиёсий ислоҳотларни олдинга силжитиш» истаги сабаб қабул қилинганини билдирди. «Шаффоф ва очиқ сайловлар, эркин ва энергияга бой дебатлар ҳозир ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. ЛДП ўзгаришини кўрсатадиган энг яққол биринчи қадам — бу менинг истеъфога чиқишимдир», — дейди у. Шу билан бига, ҳукумат раҳбари сиёсатда қолиш ва партиянинг янги раҳбарини қўллаб-қувватлаш ниятида эмас.

Reuters агентлигини қайд этишича, жамоатчилик томонидан бош вазирни қўллаб-қувватлаш анчадан буён сусайган, бу Либерал-демократик партия ичидаги қатор сиёсий можаролар билан боғлиқ. Хусусан, Кисиданинг ЛДП партияси товламачилик ва фирибгарлик моддалари бўйича иш қўзғатилган «Бирлашув черкови» христиан черкови билан алоқаларга эга эканлиги аниқланган. Бундан ташқари, сайлов кампаниясида партия черковдан ва бир қанча номаълум манбалардан маблағлар олган. Бу эса аҳоли орасида саволларни келтириб чиқарган. Шунингдек, мамлакатда кузатилаётган инфляция сабаб жамоатчилик норозилиги кучайган.

67 ёшли Кисида ЛДП раиси этиб 2021 йилда сайланган эди, унинг уч йиллик ваколатлари сентябрь ойида тугайди. Сайловларга қайта номзодини қўймаслик партия овоз беришида ғалаба қозонган янги етакчи бош вазир лавозими эгаллашини англатади — чунки ЛДП парламентда иккала партияни ҳам назорат қилади. Ушбу партия 1955 йилдан бери ҳокимиятни узлуксиз бошқариб келмоқда.

Мавзуга оид