Жаҳон | 11:40 / 16.08.2024
3564
3 дақиқада ўқилади

Украина Ҳаво кучлари: 29 та ҳужумкор дрон уриб туширилди

Украина Ҳаво кучлари хабар беришича, Россиянинг 29 та Shahed ҳужумкор учувчисиз учоқлари уриб туширилган. Украина Қуролли кучлари ҳужуми «Россиянинг мудофааси, логистикаси ва хавфсизлигига жиддий таъсир қилади», дея маълумот берди ISW.

Фото: GLEB GARANICH/REUTERS

15 август куни Россия Қуролли кучлари Курск вилояти ҳаво ҳудудидан учта Х-59 бошқариладиган ракета ҳамда Приморско-Ахтарск, Ейск ва Курск туманларидан 29 та Shahed типидаги ҳужумкор дронлари билан ҳужум уюштирди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълум қилди. 

Украина мудофаа кучларининг мобил ўт очиш гуруҳлари, авиация, зенит-ракета бўлинмалари ва радиоэлектрон кураш воситалари Миколайив, Черкасск, Кировохрад, Херсон, Запорижжя, Суми, Чернихив ва Киев вилоятлари осмонида 29 та УУАни уриб туширди. 

ISW: Украина ҳужуми «Россиянинг мудофааси, логистикаси ва хавфсизлигига сезиларли таъсир кўрсатади» 

Урушни ўрганиш бўйича Америка институти (ISW) россиялик уруш тарафдори бўлган блогерларга таяниб, 14 август куни Украина қўшинлари «Курск вилоятида озгина муваффақиятга эришгани» ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, Украина Қуролли кучлари ҳужуми «Россиянинг мудофааси, логистикаси ва хавфсизлигига сезиларли таъсир кўрсатади», деб таъкидлади ISW таҳлилчилари. Россия расмийлари Курск вилоятида Украина қўшинларига қарши курашиш мақсадида ёллашни давом эттирмоқда, дея қўшимча қилди улар. 

14 августга келиб, Украина Қуролли кучлари маълумотларига кўра, Украина томони Россия ҳудудининг 1000 квадрат километрини, жумладан камида 74 та аҳоли пунктини назорат қиляпти.

Курск вилоятининг Глушково туманида эвакуация 

Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов 14 август, чоршанба куни Украина билан чегарадош Глушково тумани аҳолиси мажбурий эвакуация қилиниши ҳақида билдирди. Аввалига расмий Глушково поселкаси аҳолиси эвакуация қилинишини айтди, бироқ икки соатдан сўнг қарор бутун ҳудудни қамраб олди. 

Кетиш жараёни ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳарбий хизматчилар, маҳаллий маъмурият ва Курск “Патриот” маркази аъзолари томонидан мувофиқлаштирилади, деди Смирнов. “Ҳурматли ватандошлар, мавжуд вазиятга тушуниш билан муносабатда бўлишингизни ҳамда хавфсизлик кучлари ва маҳаллий ҳокимиятларнинг барча тавсияларига амал қилишингизни сўрайман”, — деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида. 

Курск ва Белгород вилоятларининг чегара ҳудудлари аҳолиси Украина Қуролли кучларининг ҳужуми фонида уйларини тарк этмоқда. Аввалроқ Курск вилоятининг Болшесолдатский, Коренев ва Суджа туманларида эвакуация эълон қилинган эди. Бундан ташқари, губернатор Вячеслав Гладковнинг хабарига кўра, қўшни Белгород вилояти Краснояружский тумани аҳолиси уни деярли бутунлай ташлаб кетишган. 

Украина Қуролли кучлари 6 август куни Россиянинг Курск областига ҳужум бошлади. Жанглар Коренев ва Суджа ҳамда Беловский туманларида давом этмоқда. 

Мавзуга оид