Жаҳон | 21:32 / 23.08.2024
5773
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Россияга қарши кенг кўламли янги санкцияларни жорий қилди

Санкциялар рўйхатига Россия ҳарбий-техник мажмуаси, шунингдек, ёқилғи-энергетика ва металлургия соҳалари билан алоқадор компаниялар киритилган.

Фото: AFP/Getty Images

23 август куни АҚШ Россия ва хориждаги жами 400 юридик ва жисмоний шахсга қарши янги санкциялар пакетини эълон қилди. АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, рўйхатга «маҳсулот ва хизматлари Россияга Украинадаги ҳарбий саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга имкон берадиган» 60 дан ортиқ Россия мудофаа технология компаниялари киритилган.

«Россия ўз иқтисодиётини Кремлнинг ҳарбий-саноат комплекси хизмати воситасига айлантирди. Молия вазирлиги бугунги ҳаракатлари билан президент Байден ва унинг G7 бўйича ҳамкасблари томонидан Россия ҳарбий-саноат базасининг таъминот занжирлари ва тўлов каналларини бузиш бўйича олган мажбуриятларини бажаришда давом этмоқда», деди АҚШ Молия вазири ўринбосари Уолли Адейемо.

Санкциялар рўйхатига Россиянинг ёқилғи-энергетика ва металлургия тармоқлари, молия сектори ва Россия ҳарбий-саноат комплекси учун иккимақсадли маҳсулотлар етказиб бериш билан боғлиқ компаниялар кирди. Янги чекловлар Россия учун муҳим нефт ва газ лойиҳаларига сезиларли таъсир кўрсатишига умид билдирилмоқда.

Жумладан, санкцилар рўйхатига «Экропромстрой» МЧЖ («Новатек» шуъба корхонаси), «Межрегионстрой» МЧЖ («Роснефт» компаниясининг «Восток Ойл» лойиҳаси учун объектлар қуради) ва «Якутская топливно-энергетическая компания» («Якутия СПГ» лойиҳаси учун масъул) киритилди.

Санкциялар, шунингдек, Россиянинг «СДС Уголь», «УК Мечел-Майнинг», «Стройсервис» каби йирик кўмир экспортчиларига, шунингдек, «Росатом»нинг иккита шуъба корхонаси нисбатан қўлланилади.

Бундан ташқари, Россия ҳарбий тадқиқот институтлари, учувчисиз учиш аппаратлари ва электроника ишлаб чиқарувчилари, шунингдек, Россия ҳарбий-саноат комплекси эҳтиёжларига хизмат кўрсатувчи компаниялар эгалари ва раҳбарияти билан бирга санкциялар рўйхатига киритилган.

Санкциялар БАА, Ҳонконг, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Хитойнинг санкцияларни четлаб ўтиб, Россияга микроэлектроника етказиб берган кўплаб воситачиларини, Россия ҳарбий-саноат комплексини, шу жумладан Су қирувчи самолётларини ишлаб чиқарувчига Ғарб компонентларини етказиб бериш билан таъминлайдиган шахсларни ҳам қамраб олади.

Бундан ташқари, Россия ва Беларусга экспорт устидан назорат ҳам кучайтирилмоқда ва бу мамлакатлардаги компанияларнинг рақамли бошқариладиган машиналар учун дастурий таъминотга киришини чекламоқда. Россия, Хитой, Эрон, Туркия, БАА, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардан санкцияларни бузганликда гумон қилинган 131 та компания экспорт лицензиялаш бўйича қатъий талаблар қўйиладиган компаниялар рўйхатига киритилган.

Шунингдек, санкциялар рўйхатига Россия мудофаа вазири Андрей Белоусовнинг ўғли Павел Белоусов ҳам киритилган. Бундан ташқари, чекловлар амалдорнинг келини Евгения Белоусовага ҳам таъсир қилган.

Эслатиб ўтамиз, Қўшма Штатларнинг Россияга нисбатан июн ойида эълон қилинган аввалги санкциялар тўплами ҳам Россияда, ҳам хорижда, жумладан, Осиё, Яқин Шарқ, Европа, Африка, Марказий Осиё ва бошқа мамлакатларда 300 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга қарши қаратилган эди.

Мавзуга оид