Жаҳон | 15:40 / 23.08.2024
16418
3 дақиқада ўқилади

АҚШда президентлик пойгаси: устунлик ким томонда? Америкалик таҳлилчи билан суҳбат

Америкада президентлик сайловига 2,5 ой қолди. Амалдаги президент пойгадан чиққан, унинг ўрнига вице-президент Камала Ҳаррис президентлик учун курашмоқда. Республикачилар эса учинчи марта Доналд Трамп номзодини илгари суришмоқда. Kun.uz сайлов жараёнлари ҳақида америкалик сиёсатшунос Жеймс Дурсо билан суҳбат уюштирди.

Дурсонинг сўзларига кўра, ҳозирда иккала икки номзоднинг имкониятлари тенг. Айрим сўровларда Ҳаррис 2-3 фоизга, яна айрим сўровларда эса Трамп 5 фоизгача олдинда бормоқда. Америкаликларга Трампнинг миграция ҳақидаги ваъдалари ёқяпти. Номзодлардан ташқари, партияларнинг ролини ҳам эътироф этиш керак, улар жамоатчилик фикрини буриш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилмоқда, дейди у.

Сиёсатшуноснинг фикрича, Жо Байденнинг пойгадан чиқиши дебатдаги муваффақиятсиз иштирок ёки Пенсилвания штатида ўққа тутилган Трамп воқеаси билан боғлиқ эмас. Байденнинг асосий муаммоси соғлигида, унда Паркинсон ёки шунга ўхшаш касаллик ривожланаётган бўлиши мумкин. Партия лидерлари билан ички келишув бўлиб, томонлар Байден муддатининг охиригача президент бўлиши борасида келишиб олган. Оммага эса унинг касаллиги айтилмаяпти, дейди Дурсо.

Таҳлилчи, шунингдек, Камала Ҳарриснинг вице-президент сифатида бирор бир катта масалада ўзини кўрсатмаганини қайд этди.

“Барак Обама даврида унинг вице-президенти бўлган Байден Украина, Ироқ ва Афғонистонга масъул бўлган. Лекин Байденнинг ўзи Ҳаррисга муайян бир катта вазифа юкламади. Унга меҳрибонлик қилиб юборди. Ҳаррис ҳозирча аниқ бирор иш қилгани йўқ”, – дейди Жеймс Дурсо.

Сиёсий таҳлилчи Трамп ва Байденнинг президентлик йиллари қандай кечгани ҳақида гапирди. Унинг фикрича, Трамп даврида АҚШнинг иқтисодий ҳолати анча яхши бўлган. Демократ президент бошқарувида эса энг қийин нуқта иқтисодиятда бўлди: инфляция ва нарх-навонинг ошиши танқидларни кўпайтирди. Яна битта катта салбий нуқта – Украинадаги уруш. АҚШ урушга таъсир ўтказган асосий давлат бўлиб, Байден Украинани сулҳ тузишга кўндириши керак эди, дейди таҳлилчи.

Америкалик суҳбатдошимизга кўра, АҚШда президент алмашинуви Марказий Осиё билан алоқаларга таъсир қилмайди.

“АҚШ Марказий Осиёга икки нуқтадан қарайди: бири – Афғонистоннинг қўшниси, иккинчиси эса – Россия ва Хитой таъсири остидаги минтақа. Ўтган йилларда Си Жинпинг Ўзбекистон, Қозоғистонга борди, Путин эса минтақа давлатларига ўз уйидек келиб кетмоқда. Россия билан Марказий Осиё мустаҳкам бизнес, маданий, оилавий алоқаларга эга. АҚШнинг бирор президенти ҳали бу давлатларга ташриф билан бормаган. Вашингтон бу борадаги позициясини ўзгартиришидан умидворман”, – дейди Дурсо.

Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид