Жаҳон | 09:33 / 23.08.2024
2224
3 дақиқада ўқилади

Камала Ҳаррис АҚШ президентлигига номзоди илгари сурилишига расман розилик берди

Демократик партиянинг Чикагодаги миллий қурултойида ўз тарафдорлари олдида нутқ сўзлаган Камала Ҳаррис «барча америкаликлар учун президент бўлишга» ваъда берди.

Фото: AP

АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис 22 август, пайшанба куни Чикагода бўлиб ўтган Демократик партиянинг миллий қурултойида ўз номзодини АҚШ президентлигига илгари сурилишига розилик берди.

Ҳаррис тарафдорлари билан суҳбатда ўз таржимайи ҳолидаги асосий фактлар ҳақида гапирди, кампаниянинг асосий нуқталарини айтиб берди ва сайловолди пойгасидаги рақиби, собиқ президент Доналд Трампни яна бир бор танқид қилди. «Бугун тунда бизни турли сиёсий қарашларга эга одамлар кузатаётганини биламан ва мен барча америкаликлар учун президент бўлишга ваъда бераман», — дея Ҳаррис сўзларини келтиради AP.

Камала Ҳарриснинг қурултойда эълон қилинган сайловолди ваъдалари орасида ўрта синф учун солиқларни камайтириш, АҚШ иммиграция тизимини ислоҳ қилиш, Яқин Шарқдаги можарони ҳал этиш ва Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш бор.

Бир кун аввал Миннесота губернатори Тим Уолз ўз номзодини Демократик партиядан АҚШ вице-президентлигига илгари сурилишини қабул қилди. Шу куни АҚШ собиқ президенти Билл Клинтон қурултойда нутқ сўзлади ҳамда Уолз ва Ҳаррисни маъқуллаб, уларни «оддий америкалик, аммо ақл бовар қилмайдиган ҳаётий воқеаларга эга» лидерлар деб атади. Клинтон ишонч билдиришича, Ҳаррис ва Уолз Қўшма Штатлар учун «тоза ҳаво» нафаси бўлади ва уларни сайлаган америкаликлар «бутун умри давомида бундан фахрланадилар».

Ҳарриснинг президентликка илгари сурилиши

21 июл куни АҚШ амалдаги президенти Жо Байден, жумладан, партиядошлари томонидан кўпайиб бораётган танқидлар фонида президентлик пойгасини тарк этишини эълон қилди. Унинг аниқлик киритишича, ваколат муддати тугагунга қадар давлат раҳбари сифатида ишлашда давом этади ва Демократик партиядан Камала Ҳаррисни президентликка номзод сифатида кўрсатади.

Тез орада Ҳаррис демократ делегатларнинг онлайн овоз беришида расман номзод сифатида кўрсатилиш учун етарлича қўллаб-қувватланди ва сайловчилар ўртасидаги рейтингда республикачи номзод Доналд Трампни ортда қолдира олди.

АҚШда президентлик сайловлари 2024 йил 5 ноябрда бўлиб ўтади.

Мавзуга оид