Жаҳон | 18:41 / 24.08.2024
6857
3 дақиқада ўқилади

Россия Украинага «қизил чизиқлар» шартини қўёлмайди — Зеленский

Украина президенти мамлакат Мустақиллик куни муносабати билан халққа мурожаат қилди.

Фото: president.gov.ua

Россия ҳукумати Украинага «қизил чизиқлар» шартини қўймайди, деди Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат Мустақиллик куни муносабати билан халққа қилган мурожаатида.

Унинг сўзларига кўра, баёнот видеоси Россиянинг Курск вилояти билан чегарадош Суми вилоятида амалга оширилган. Украина қуролли кучлари август ойи бошидан буён Курск вилоятига ҳужум қилмоқда.

«Украиналиклар ҳар доим қарзларини қайтаради. Юртимизга фалокат тилаган киши эса уни ўз уйида олади. Ортиғи билан. Юртимизга зулм сепмоқчи бўлганлар унинг мевасини ўз ҳудудида териб олади. Бу башорат эмас, мақтаниш эмас, кўр-кўрона қасос олиш эмас, бу тақдир. Адолат. Зулм учун бумеранг… Бугун Украина Мустақиллигининг 33 йиллигини нишонлаяпмиз. Душман юртимизга олиб келган уруш энди ўз уйига қайтди. Ким бизнинг ерларимизни буфер зонага айлантирмоқчи бўлса, ўз мамлакати буфер федерацияга айланиб қолмаслигини ўйлаши керак», деди Зеленский.

Зеленский, шунингдек, Россияни «дунёдаги биринчи рақамли террорчи ташкилот» ва Владимир Путинни «Қизил майдондаги касал бобо» деб атади, аммо унинг номини тилга олмади.

«Уларнинг хўжайинини хира кўзлари бутун дунёни кулранг майдон сифатида қабул қилади. Лекин биз ҳақли равишда кўк-сариқ байроқ бўлиши керак бўлган ернинг кулранг зонага айланишига йўл қўймаймиз. Доимий равишда ҳаммани «қизил тугма» билан қўрқитадиган «Қизил майдондаги касал бобо» ўзининг баъзи «қизил чизиқларини» бизга шарт қилиб қўёлмайди. Қандай яшаш, қайси йўлни танлаш ва қандай танлов қилиш фақат Украина ва украиналиклар томонидан белгиланади. Чунки мустақиллик шундай ишлайди», деди Зеленский.

Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери Володимир Зеленский бир неча бор Владимир Путинни «касал» ва «хавфли» деб атаган. У Украинадаги рус қўшинларининг хатти-ҳаракатларини, шунингдек, Россия расмийларининг «Крокус»даги терактда Киевнинг алоқадорлиги ҳақидаги айбловларини шундай изоҳлаган.

Мавзуга оид