Сийярто: ЕК Венгрия энергия таъминоти учун муаммолар келтириб чиқаряпти
Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто Европа комиссиясини Россия Федерациясидан Венгрия ва Словакияга нефт етказиб беришни тўхтатишга алоқадорликда айблади.
Будапешт Европа комиссиясини Украина ҳудудидан ўтувчи «Дружба» қувури орқали Европа Иттифоқининг қатор мамлакатларига Россия нефтини етказиб беришни тўхтатишга алоқадорликда гумон қилмоқда. Бу ҳақда Венгрия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Петер Сийярто баёнот берди, деб ёзади 24 август куни Reuters.
«Европа комиссиясининг Венгрия ва Словакияни энергия билан таъминлашда ёрдам беришга тайёр эмаслиги, Брюсселдан Киевга Венгрия ва Словакия энергия таъминотида муаммолар юзага келтириш учун буйруқ юборилганидан далолат беради», - дея сиёсатчининг сўзларини келтиради агентлик.
ЕК Венгрия билан Россиядан нефт етказиб бериш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказмади
Сийярто баёноти Украинанинг Россия «Лукойл» нефт компаниясига қарши июн ойида жорий этган санкциялари юзасидан Европа Иттифоқида давом этаётган мунозаралар чоғида айтилди. Россия Федерациясининг нефт гиганти Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан кейин ҳам Украина ҳудуди орқали ўтган «Дружба» қувури тармоқларидан бири орқали камида иккита Европа Иттифоқи давлатига - Словакия ва Венгрияга ёнилғи етказиб беришни давом эттирди.
Санкциялар киритилгандан сўнг, Киев «Лукойл»дан қувур орқали нефтни етказишни тўхтатишни талаб қилди, бироқ айни пайтда уни Европа Иттифоқига бошқа нефт етказиб берувчилар учун очиқ қолдирди. Расмий Будапешт ва Братислава бу қарорга қарши чиқди. Россияпараст қарашлари билан танилган икки давлат ҳукуматлари агар Киев «Лукойл» нефтини ўтказишни тикламаса, Украинага энергия ресурсларини етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилган.
Еврокомиссия Венгрия ва Словакия энергия таъминоти учун хавф белгиларини кўрмаётганини маълум қилди, чунки «Дружба»нинг ЕИга жанубий тармоғи орқали энергия етказиб бериш ҳажми камаймаган. ЕК маълумотларига кўра, қувур орқали ўтказиладиган нефт ҳажми бошқа етказиб берувчилар томонидан қопланган.
Мавзуга оид
12:41 / 21.12.2024
Полша собиқ амалдорига Венгрияда бошпана берилганидан норози
21:33 / 20.12.2024
Виктор Орбан Россияга қарши санкцияларни узайтиришдан олдин Трампнинг инаугурациясини кутмоқчи
14:03 / 12.12.2024
Венгрия Москва ва Киевга сулҳ тузишни таклиф қилди
23:06 / 06.12.2024