Жаҳон | 16:30 / 01.09.2024
7578
13 дақиқада ўқилади

Энг арзон транспорт: дунё кемасозлигида етакчи давлатлар ва компаниялар

2023 йилда дунё бўйлаб кемаларда 12,4 млрд тонна юк ташилган ва бу кўрсаткич жорий йилда янада ошиши кутилмоқда. Бугун жаҳонда йирик юк кемалари сони 61 мингдан зиёд ва уларнинг аксариятини Хитой, Жанубий Корея ва Япония компаниялари ишлаб чиқаради.

Жаҳон бўйлаб амалга оширилаётган савдо-сотиқда асосий сув транспорти бўлган кемаларнинг ҳиссаси жуда катта. Бугунга кунга келиб, юк ташувчи кемаларга фақат юк автомобиллари рақобат қилмоқда.

Жумладан, 2022-2023 йилларда дунё бўйлаб юкларнинг 41 фоизи юк автомобилларида, 32 фоизи кемаларда, 23 фоизи темирйўллар орқали, 4 фоизи ҳаво транспорти орқали ташилган. Ҳисоб-китобларга кўра, кейинги 5-6 йилда ҳам бу кўрсаткичлар ўзгармайди ва турли юкларни сув орқали кемаларда ташиш ҳажми 32-35 фоиз атрофида сақланиб қолади.

Агар қуруқлик ва сув транспорти таққосланса, юк автомобиллари асосан нисбатан яқин ҳудудларга, кемалар эса узоқ ҳудудларга олиб бориладиган юкларни ташийди. Боз устига, сувда ташиладиган асосий юк – контейерлар ва суюлтирилган газни юк автомобилларидан кўра кемаларда ташиш жуда арзон тушади.

Бунинг устига, юк автомобиллари ўзлари кесиб ўтадиган ҳар бир давлатга транзит учун турли миқдорларда бож тўлашади. Кемаларда эса бундай эмас. Улар асосан халқаро сув ҳудудида ҳаракатланади ва ҳеч кимга ҳеч қандай бож тўламайди.

Дунёдаги контейнер ташувчи йирик кемалардан бири
Фото: sapo.pt

Шу сабабли ҳам темирйўллар ва автомобилсозик ривожлангандан кейин ҳам турли юкларни кемаларда ташиш долзарблигича қолмоқда.

2023 йилда дунё бўйлаб кемаларда 12,4 млрд тонна юк ташилган. Бу кўрсаткич 2024 йилда 12,6 млрд тонна бўлиши кутилмоқда.

Дунё давлатлари орасида юк ташувчи кемаларни энг кўп Хитой, Жанубий Корея ва Япония компаниялари ишлаб чиқаради.

Қуйида дунёнинг энг кўп кема ишлаб чиқарувчи давлатлари ва энг йирик кемасозлик компаниялари ҳақида сўз юритамиз.

Хитой

Хитой дунёда турли кемалар ишлаб чиқариш бўйича етакчи ҳисобланади. 2022 йилда дунёда ишлаб чиқарилган кемаларнинг 47 фоизи “Чин юрти”да тайёрланган.

Хитойдаги кема қурувчи заводлардан бири
Фото: maritimeeconomy.com

2022 йилда Хитойда 2014 йилга нисбатан кема ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 15 фоизга ошган. Бу давлатда кемаларнинг турли турлари, жумладан, лайнерлар, танкерлар, балкерлар, контейнер ташувчи кемалар, йирик пороходлар ишлаб чиқарилади.

Жанубий Корея

Жанубий Корея иқтисодиёти ҳажми ва аҳоли сони Хитойникидан анча кам бўлса ҳам бу давлат кемасозликда етакчи давлат ҳисобланади. 2022 йилда дунёда ишлаб чиқарилган турли кемаларнинг 29 фоизи шу мамлакатда тайёрланган.

Жанубий Кореядаги кема қурувчи заводлардан бири
Фото: maritimetransport.ir

Жанубий Кореядаги кемасозлик компаниялари газ ташувчи кемаларни тайёрлашда дунёда биринчи ўринни эгаллайди. Жумладан, дунё бўйлаб бундай кемаларнинг 90 фоизи айнан шу давлатда ишлаб чиқарилади.

Япония

Тўрт томони сув билан ўралган Японияда кемасозлик азалдан ишлаб чиқариш секторининг асосий тармоқларидан бири бўлган. Ҳозир ҳам бу давлат турли кемаларни тайёрлашда етакчи ҳисобланади.

2022 йилда Япония дунёда ишлаб чиқарилган турли кемаларнинг 17 фоизини тайёрлаб берган. Японияда ҳам Жанубий Кореяда бўлгани каби сўнгги йилларда кема ишлаб чиқариш камаймоқда. 2014 йилдан буён кўрсаткичлар 28 фоизга пасайган.

Япониядаги кема қурувчи заводлардан бири
Фото: ifeng.com

Умумий ҳисобда 2022 йилда дунёда ишлаб чиқарилган турли кемаларнинг 80 фоиздан ошиғи Осиёнинг юқоридаги уч давлатида ишлаб чиқарилган. Қолган 20 фоиз кемалар Италия, Франция, Виетнам, Филиппин, Германия, Россия, Финландия ва бошқа давлатларда тайёрланган.

Дунёнинг энг йирик кемасозлик компаниялари

Hyundai Heavy Industries компаниясининг кема қурувчи заводи
Фото: maritimetransport.ir

Hyundai Heavy Industries (Жанубий Корея)

Ташкил топган йили – 1972 йил

Штаб квартираси – Улсан шаҳрида жойлашган

Ходимлар сони – 12 800 киши

2023 йилда даромади – 9 млрд доллар атрофида

Hyundai Heavy Industries нафақат Жанубий Кореяда, балки дунёдаги энг йирик кемасозлик компанияси ҳисобланади. Бу компания асосан йирик кемаларни, жумладан танкерлар, контейнер ва газ ташувчи ҳамда бурғилаш кемаларини, платформаларини ишлаб чиқаради.

2023 йилда Hyundai Heavy Industries 2 300 дона турли катталикдаги кемаларни тайёрлаган ва уларни дунёнинг 51 давлатида жойлашган 331 та ташувчи компанияга етказиб берган.

China State Shipbuilding Corporation компаниясига тегишли завод
Фото: ft.com

Хитой давлат кемасозлик компанияси (China State Shipbuilding Corporation – CSSC)

Ташкил этилган йили – 1999 йил

Штаб квартираси – Пекин шаҳрида

Ходимлар сони – 170 минг киши

2023 йилда даромади – 10,291 млрд доллар

Хитой давлат кемасозлик компанияси (China State Shipbuilding Corporation – CSSC) 2019 йилда Хитой кемасозлик саноати корпорацияси (China Shipbuilding Industry Corporation) билан бирлашгач дунёнинг энг йирик кемасозлик компанияларидан бирига айланди.

2023 йилда компания ўзининг бир нечта шуъба корхоналари билан дунё бозорининг 20 фоизига эгалик қилган. Компания танкерлар, контейнер ва газ ташувчи кемалар ҳамда бурғилаш платформалари билан бирга Хитой Мудофаа вазирлиги учун ҳарбий кемалар ҳам ишлаб чиқаради.

Компания ўз маҳсулотларини дунёнинг 70 дан ортиқ давлатига экспорт қилади.

Fincantieri компаниясига қарашли кема қурувчи завод

Fincantieri (Италия)

Ташкил этилган йили – 1959 йил

Штаб квартираси – Венеция шаҳри

Ходимлар сони – 21,1 минг киши

2023 йилдаги даромади – 8,278 млрд доллар

Fincantieri компанияси 230 йиллик тарихга эга. Ҳозирги номини у 1959 йилда олган. Бу компания танкерлар, контейнер ва газ ташувчи кемалар билан бирга асосан саёҳат учун йирик круиз лайнерлар ишлаб чиқаради. Бундан ташқари, ҳарбий кемалар ҳам тайёрлайди.

2023 йилда компания дунёда тайёрланган круиз лайнерлари ва ҳарбий кемаларнинг 70 фоизини ишлаб чиқарган. Компаниянинг Италиядан ташқари Норвегия, Руминия, АҚШ, Виетнам ва Бризилияда кемалар тайёрланадиган верфлари бор.

Samsung Heavy Industries компаниясига қарашли кема қурувчи завод
Фото: dongbacshin.com.vn

Samsung Heavy Industries (Жанубий Корея)

Ташкил этилган йили – 1974 йил

Штаб квартираси – Сэул

Ходимлар сони – 10 минг нафар атрофида

2023 йилдаги даромади – 5,77 млрд доллар

Samsung Heavy Industries Жанубий Кореядаги энг йирик учта кемасозлик компанияларидан бири ҳисобланади ва у корпорация Samsung Group таркибига киради.

Компаниянинг энг йирик верфи Коже оролида жойлашган ва у дунёдаги энг йирик кемасозлик корхонаси ҳисобланади. Бу ерда йирик танкерлар, контейнер ва газ ташувчи кема, бурғилаш платформалари ишлаб чиқарилади.

2023 йилда Samsung Heavy Industries дунё бозорининг 8,5 фоизини эгалланган ва 1 200 дона турли катталикдаги кемаларни тайёрлаб, буюртмачиларга етказиб берган.

Hanwha Ocean компаниясига қарашли кема қурувчи завод
Фото: The Korea Times

Hanwha Ocean (Жанубий Корея)

Ташкил этилган йили – 1973 йил

Штаб-квартираси – Сэул

Ходимлар сони – 9 000 минг атрофида

2023 йилдаги даромади – 5,34 млрд доллар

Бу компания номи 2023 йил майгача Daewoo Shipbuilding and Marine Engineering бўлган. Компанияни Hanwha Group компанияси сотиб олгач, унинг номини Hanwha Ocean деб ўзгартиради.

Hanwha Ocean Жанубий Кореядаги яна иккита гигант компаниялар – Samsung Heavy Industries ва Hyundai Heavy Industries билан бирга кемасозлик соҳасида “Катта учлик” деб аталади.

Бошқалар каби Hanwha Ocean ҳам танкерлар, контейнер ва газ ташувчи ҳамда бурғилаш платформаларини ишлаб чиқаради. Бундан ташқари, компания йўловчи ташувчи ва ҳарбий кемалар, жумладан, эскадрон мина ташувчиси ҳамда сувости кемаларини ҳам тайёрлайди.

2023 йилда компания дунё бозорида 6,5 фоизга эгалик қилган ва дунё кемасозлик компаниялари орасида 3-ўринни эгаллаган.

Hanwha Ocean компаниясининг асосий корхонаси ҳам Кожа оролида жойлашган. Бу ерда компания дунёдаги энг йирик – 900 тонналик кўтарма крандан фойдаланди.

Sumitomo Heavy Industries компаниясига қарашли кема қурувчи завод
Фото: Flickr

Sumitomo Heavy Industries Ltd. (Япония)

Ташкил топган йили – 1934 йилда

Штаб-квартираси – Токио

Ходимлар сони – 24 минг киши

2023 йилдаги даромади – 7,14 млрд доллар

Sumitomo Heavy Industries Ltd. Япониядаги йирик кемасозлик корхоналарига эга компания ҳисобланади. У танкерлар, контейнер ва газ ташувчи кемалар ишлаб чиқаради.

Компания кўп тармоқли компания ҳисобланади. У турли кемалар билан бирга оғир техникалар, юк машиналари ва бошқа ускуналар тайёрлайди.

Бундан ташқари, компания ҳарбий кемалар ва бошқа қуроллар ҳам ишлаб чиқаради.

Seatrium Ltd. компанияси турли кемалар билан бирга кўпроқ нефт платформалари тайёрлайди
Фото: LinkedIn Singapore

Seatrium Ltd. (Сингапур)

Ташкил этилган йили – 1963 йил

Штаб-квартираси – Сингапурда

Ходимлар сони – 5 минг киши

2023 йилдаги даромади 5,4 млрд доллар

Seatrium Ltd. компанияси 2023 йил апрелда Sembcorp Marine Ltd. ва Keppel Offshore & Marine компаниялари бирлашиши натижасида пайдо бўлган. У Жанубий-Шарқий Осиёдаги йирик кемасозлик компанияларидан бири ҳисобланади.

Компания танкерлар, контейнер ва газ ташувчи кемалар билан бирга асосан бурғилаш платформалари ва бошқа кемалар ишлаб чиқаради. Seatrium Ltd. Осиё қитъасидаги бурғилаш платформалари тайёрловчи йирик компания саналади.

Naval Group компаниясига тегишли кема қурвчи завод
Фото: Defense Expert

Naval Group (Франция)

Ташкил этилган йили – 1631 йил

Штаб-квартира – Париж шаҳрида

Ходимлар сони – 18 минг киши

2023 йилдаги даромади – 4,61 млрд доллар

Naval Group бошқа кемасозлик компанияларидан фарқли ўлароқ асосан ҳарбий кемалар ишлаб чиқаради. Улар орасида сув устида ҳаракатланувчи эсминецлар ва атом сувости кемалари ҳам бор.

Компания Европадаги энг йирик кемасозлик компанияларининг бири сифатида у дунёда ҳарбий кемалар экспорт қилувчи энг йирик компания ҳисобланади.

Компаниянинг асосий мижози Франция Мудофаа вазирлиги ҳисобланади. Naval Group ишлаб чиқарадиган кемаларнинг ярмидан кўпроғини шу вазирлик буюртма беради.

Mitsubishi Heavy Industries компанияси қурган кемалардан бири
Фото: ettoday.net

Mitsubishi Heavy Industries (Япония)

Ташкил топган йили – 1884 йил

Шатб-квартираси – Токио шаҳрида

Ходимлар сони 22,4 минг киши

2023 йилдаги даромади – 29 млрд доллар атрофида

Mitsubishi Heavy Industries Япониядаги йирик корпорациялардан бири бўлган Mitsubishi Group таркибига киради. У “кунчиқар юрт”даги энг йирик кемасозлик компанияси ҳисобланади.

Компаниянинг Японияда бир нечта верфлари бор ва уларда танкерлар, контейнер ва газ ташувчи ҳамда бошқа турдаги кемалар ишлаб чиқарилади.

Mitsubishi Heavy Industries компанияси кўп тармоқли бўлиб, унинг турли корхоналарида қарийб 100 минг одам меҳнат қилади. Шундан кемасозлик корхоналарида 20 мингдан ошиқ одам ишлайди.

Сўнгги йилларда компания бошқарувчисиз ҳаракатланадиган кемалар ишлаб чиқаришга урғу бермоқда. Жумладан, 2022 йилда Mitsubishi Heavy Industries бошқарувчисиз ўзи автоном тарзда ҳаракатлана оладиган Soleil кемасини муваффақиятли синовдан ўтказди.

Imabari Shipbuilding Co. Ltd. компаниясига қарашли кемақурувчи завод
Фото: jmty.jp

Ташкил топган йили – 1901 йил

Штаб-квартираси – Имабари шаҳрида

Ходимлар сони – 2 минг киши атрофида

2022 йилдаги даромади – 2,49 млрд доллар

Imabari Shipbuilding Co. Ltd. Япониядаги йирик кемасозлик компанияларидан бири ҳисобланади. Унинг Японияда 14 та верфи бор. Компанияга Японияда асосан Mitsubishi Shipbuilding кемасозлик компанияси рақобат қилади.

Бошқа компаниялар каби Imabari Shipbuilding Co. Ltd. асосан танкерлар, контейнер ва газ ташувчи ҳамда бошқа кемалар ишлаб чиқаради.

Жанубий-Шарқий Осиёда Imabari Shipbuilding Co. Ltd. турли кемаларни қуриш бўйича Жанубий Кореянинг учта кемасозлик компаниясидан сўнг тўртинчи ўринни эгаллайди.

Юқоридагилардан ташқари, Саудия Арабистонининг Zamil Offshore Services Company Тайваннинг CSBC, Германиянинг ThyssenKrupp Marine Systems, Нидерландиянинг Deman, АҚШнинг Austall USA, Шимолий Ирландиянинг Harland and Wolff, Россиянинг “Бирлашган кемасозлик корпорациси” АЖ каби компаниялар кемасозлик йўналишида йирик ишлаб чиқарувчилар ҳисобланишади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид