Ўзбекистон | 20:57 / 03.09.2024
27644
3 дақиқада ўқилади

«Тошкент–Самарқанд» ва «Тошкент–Андижон» пулли йўллари қурилиши санаси белгиланди

Шунингдек, йирик шаҳарлар ўртасида қулай ва тезкор автомобил қатнови учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида камида 1000 км замонавий пулли магистрал автомобил йўллари қурилади ва модернизация қилинади.

Фото: Reuters

«Тошкент–Самарқанд» пулли йўлини қуриш ишлари 2024 йилда, «Тошкент–Андижон» пулли йўлини қуриш ишлари 2026 йилда бошланади. Бу ҳақда «Ўзбекистон Республикасида 2024–2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорида белгилаб қўйилди.

Қарорга кўра, қуйидагилар тасдиқланди:

- 2024–2026 йилларда устувор давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар;

- 2024–2030 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар дастури.

Бунда қуйидагилар инобатга олинади:

- йирик шаҳарлар ўртасида қулай ва тезкор автомобиль қатнови учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида камида 1 000 км замонавий пулли магистрал автомобил йўлларини қуриш ва модернизация қилиш, шу жумладан Тошкент–Самарқанд йўлини қуриш ишларини 2024 йилда ҳамда Тошкент–Андижон йўлини 2026 йилда бошлаш;

- йиллик энергия йўқотишларини камида икки баравар пасайтиришни белгилаган ҳолда барча ҳудудларда электр тақсимлаш тармоқларини 2027 йил 1 июлга қадар, табиий газ тақсимлаш тармоқларини эса 2027 йил якунига қадар хусусий операторларга топширишни назарда тутувчи шартномаларни имзолаш;

- йилига қўшимча 30 фоизгача электр энергиясини тежаш мақсадида 2028 йилга қадар барча маънан эскирган ирригация насос станцияларини модернизация қилиш бўйича келишувларга эришиш;

- тоза ва доимий ичимлик суви билан таъминлаш қамровини 87 фоизга, марказлашган оқова сув таъминоти қамров даражасини 30 фоизгача оширишни назарда тутган ҳолда 2028 йил якунига қадар ҳар бир ҳудудда ичимлик ва оқова сув тармоқларини модернизация қилиш ва бошқарувга бериш учун хусусий компанияларни жалб қилиш;

- 400 мингдан ортиқ ўқувчилар сиғимига эга замонавий таълим муассасалари ҳамда 300 мингдан ортиқ тарбияланувчилар сиғимига эга мактабгача таълим муассасаларини ташкил қилиш мақсадида 2026 йилдан бошлаб давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида ҳар йили камида 100 та мактаб ва 100 та мактабгача таълим муассасаларини қуриш ва бошқаришни ташкил этиш;

- илғор технологияларга асосланган тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида 100 мингдан ортиқ беморларга хизмат кўрсатувчи кўп тармоқли шифохоналарни қуриш ва уларни хусусий операторлар бошқарувига бериш.

Мавзуга оид