Ўзбекистон | 07:42 / 07.09.2024
2529
3 дақиқада ўқилади

Августда ҳаво ҳарорати ўртача йиллик қийматлардан бироз юқори бўлди 

Ўзбекистонда 2024 йилнинг август ойи биринчи ярми жуда илиқ кечиб, меъёрдан ўртача 2-3,5 даражага юқори бўлди. 

Фото: Kun.uz

“Ўзгидромет” хабарига кўра, ушбу даврда кундуз кунлари ҳаво ҳарорати +36...+41 даражагача, жанубда +42...+43 даражагача, энг чекка жанубда айрим кунларда +45 даражагача кўтарилди. Марказий ва жанубий ҳудудларда +40 даража ва ундан юқори ҳароратли кунлар сони сўнгги 10 йил ичида, айниқса республиканинг энг чекка жанубида ўртача кўрсаткичлардан юқори бўлди. Бироқ жуда юқори ҳарорат қийматлари август ойида кузатилмади. 

Ойнинг иккинчи ярмида яқинлашиб келаётган кузнинг хабарчиси сифатида Ўзбекистон ҳудуди бўйича бир қатор салқин ҳаво кириб келиши кузатилди. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳарорат фони меъёргача пасайди. Кундузги ҳаво ҳарорати асосан +29...+34 даража, жанубда +35...+38 даража атрофида бўлди. Ҳарорат энг салқин бўлган кечаларда +14...+17 даражагача пасайди.

Август ойида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати ўртача йиллик қийматлардан 1-2 даражага юқори бўлди. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида 2024 йил август ойи барча кузатув йиллари учун энг илиқ август ойлари учлигига кирди.

Август ойи қуруқ бўлди. Ёмғир жуда кам ёғди — ҳудуднинг катта қисмида 1 кундан 3 кунгача бир оз ёмғир ёғиши кузатилди, ойлик ёғингарчилик миқдори 1-2 ммни, Андижон, Фарғона вилоятларида 3-5 ммни, Қорақалпоғистон Республикасининг айрим жойларида 9-10 ммни ташкил этди. Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ҳам ёмғир кам ёғди, аммо ёмғир ёғиши жадалроқ бўлди. Ойлик ёғингарчилик миқдори 6-11 ммни, Тошкент вилоятининг баланд тоғларида ва Қамчиқ довони ҳудудида 19 ммни ташкил этди. Республиканинг жанубий ва жануби-ғарбий ҳудудларида ой давомида ёмғир умуман ёғмади. 

Ой давомида республиканинг айрим ҳудудларида шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши кузатилди, Устюртда баъзи жойларда шамолнинг кучайиши баъзида 20-25 м/с га етди. Шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда шамолнинг кучайиши чанг-тўзонлар билан қайд этилди, кўринувчанлик 800 мгача ёмонлашди.

Ушбу йилда август ойи меъёрдан 1-2 даражага илиқроқ бўлиб, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми бўйича эса 2021 ва 2023 йилларнинг ёзги мавсумлари билан бир қаторда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг илиқ учликка кирди.

Мавзуга оид