Ургутда табиатга 1 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилгани маълум бўлди
Номаълум шахслар «Омонқўтон» миллий табиат боғига тегишли бўлган майдонда «Тахти Қорача» довони билан боғловчи йўл ҳосил қилган.
Самарқанд вилояти Ургут туманида жойлашган «Омонқўтон» миллий табиат боғига номаълум шахслар болалар дам олиш оромгоҳи орқали ноқонуний тарзда кириб, махсус техникалар ёрдамида қазиш ишларини амалга оширган. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тезкор ишчи гуруҳи ҳолатни ўрганди.
«Натижада қонунбузарлар томонидан боғ ҳудудида техникалар ёрдамида текислаш, ковлаш ишлари олиб борилгани ва «Омонқўтон» миллий табиат боғига тегишли бўлган 869 метр квадрат майдонда «Тахти Қорача» довони билан боғловчи йўл ҳосил қилингани маълум бўлди.
Бунинг оқибатида йўлда мавжуд бўлган 7 турдаги жами 64 туп дарахт ва буталарга зарар етказилган, шундан 27 туп дарахт ва буталар таг қисмидан кесилган ёки қўпориб олинган, қолган 37 туп дарахт ва буталар эса ўсишдан тўхтамайдиган даражада шикастланган. Ўсимлик дунёсига 67 млн 726 минг сўм миқдорда зарар етказилган.
Бундан ташқари, ҳудудда олиб борилган йўл солиш ишлари натижасида жами 2296 метр квадрат ер майдонида мавжуд Қизил китобга киритилган, камёб, камайиб бораётган ва ноёб тур ҳисобланган 12 турдаги 2 минг 591 туп ўсимликлар пайхон қилиниб, табиатга 1 млрд 48 млн сўм миқдорида зарар етказилган», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.
Умумий ҳисобда табиатга етказилган зарар миқдори 1 млрд 115 млн сўмни ташкил этмоқда.
Иш юзасидан тўпланган ҳужжатлар тегишли чора кўриш мақсадида Бош прокуратурага юборилган.
Аввалроқ Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот котиби Лола Раҳмонбоеванинг телеграм каналида 2-3 август кунлари Самарқанд вилояти Ургут туманида жойлашган «Омонқўтон» миллий табиат боғига бир неча номаълум шахс болалар дам олиш оромгоҳи орқали ноқонуний тарзда кириб, махсус техникалар ёрдамида қазиш ишларини амалга оширгани ҳақида хабар берилган эди.
Мавзуга оид
22:32 / 19.09.2024
Чанг бўронларига қарши курашиш ва оқибатларини юмшатиш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилди
10:06 / 19.09.2024
“Омонқўтон” миллий табиат боғидаги ноқонуний йўл: прокуратура жиноят иши қўзғатди
21:39 / 17.09.2024
Олимлар Антарктида устидаги озон тешигининг қисқарганини эълон қилди
19:03 / 14.09.2024