Жаҳон | 14:19 / 14.09.2024
25483
10 дақиқада ўқилади

150 метрдан 9 минг километргача — дунёнинг энг узун ва қисқа чегаралари

Дунёда 200 дан ошиқ мустақил давлат бор. Уларнинг ҳудуди хилма-хил: бирининг ҳудуди Ер куррасидаги қуруқликнинг 15 фоизини ташкил этса, яна бирининг ҳудуди бор-йўғи 1 километр квадратга тенг. Улар орасидаги чегаралар ҳам шунга мос.

Россия, Хитой каби йирик давлатлар 14-15 та давлат билан чегарадош бўлса, айрим орол давлатлар қуруқликда бирор мамлакат билан чегарага эга эмас.

Баъзи давлатлар ўртасидаги умумий чегаралар бир неча минг километр бўлса, айрим давлатлар орасидаги чегара бор-йўғи 150 метрни ташкил этади.

Қуйида икки давлат ўртасидаги қуруқликдан ўтган энг узун ва энг қисқа чегаралар ҳақида маълумотларни келтирамиз.

Энг узун чегаралар

10. АҚШ – Мексика: 3145 километр

Шимолий Америкада жойлашган Мексика қуруқликда бор-йўғи учта давлат – шимолда АҚШ, жанубда Белиз ва Гватемала давлатлари билан чегарадош.

Мексиканинг АҚШ билан чегараси қуруқликдан ўтган энг узун чегаралар рейтингида ўнинчи ўринда жойлашган. У дунёдаги энг тиғиз чегара ҳисобланади ва бир йилда уни бир неча ўн миллион одам қонуний ва ноқонуний кесиб ўтади.

Шунингдек, ушбу чегара нафақат Марказий ва Жанубий Америка, балки бутун дунёдан АҚШга ноқонуний кирмоқчи бўлган одамлар учун асосий йўлак ҳисобланади.

Бундан ташқари, Лотин Америкасидан АҚШ ва Канадага олиб кириладиган гиёҳванд моддалар ҳам чегара остида қазилган туннеллар орқали шу ердан ўтади.

АҚШ томони бу чегарани назорат қилишда катта қийинчиликларга дуч келгани учун 2016 йилда Доналд Трамп президент бўлиб сайлангандан сўнг бу чегарага баландлиги 5 метрли девор қуриш ишлари бошлаб юборилди. Трамп президентликдан кетгач, девор қурилиши тўхтаб қолди.

9. Хитой – Ҳиндистон: 3380 километр

Хитой қуруқликдан ўтган чегаранинг узунлиги бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллайди. Бу давлат қуруқликда 22,8 минг км чегарага эга.

Унинг Ҳиндистон билан бўлган чегараси дунёдаги энг узун чегараларидан бири ҳисобланади.

Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги чегаранинг асосий қисми «дунё томи» деб аталадиган Ҳимолай тоғлари устидан ўтган.

8. Бразилия – Боливия: 3423 километр

Бразилия ҳам дунёда қуруқликдан ўтган чегаралар узунлиги бўйича юқори ўринларда туради. Унинг қуруқликдан ўтган чегараси умумий узунлиги 15 минг километрга етади.

Бразилиянинг Боливия билан чегараси 3423 км бўлиб, у энг узун чегаралар рўйхатида саккизинчи ўринда жойлашган. Ҳар икки давлат ўртасидаги чегара Амазонка ўрмонлари бўйлаб ўтган.

7. Россия – Мўғулистон: 3543 километр

Мўғулистон жуда катта ҳудудга эга бўлса ҳам у бор-йўғи иккита давлат — шимолда Россия, жанубда Хитой билан чегарадош.

Бу давлатнинг умумий чегараси 8200 километрдан ошиқ. Шундан Россия билан чегара 3543 километр ва Хитой билан чегара 4709 километрни ташкил этади.

Мўғулистоннинг ҳар икки чегараси ҳам дунёда икки давлат ўртасидан ўтган энг узун чегаралар рейтингида дастлабки ўнликка киради.

6. Россия – Хитой: 3645 километр

Россия дунёда қуруқликдан ўтган чегаралар бўйича Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради ва унинг қуруқликдан ўтган чегаралари умумий узунлиги 22,1 минг километрни ташкил этади.

Россиянинг Қозоғистон, Хитой, Муғулистон билан бўлган чегаралари икки давлат ўртасидаги энг узун чегаралар рейтингида юқори ўринларни эгаллайди.

5. Ҳиндистон – Бангладеш: 4053 километр

Ҳиндистон ҳам қуруқликдан ўтган чегаралар узунлиги бўйича дунёда юқори ўринларда туради. Бу давлат қуруқликда 15,2 минг км чегарага эга.

Ҳиндистон ва Бангладеш бир пайтлар битта давлат таркибида бўлган. 1949 йилда мамлакат Британия мустамлакасидан озод бўлгач унинг мусулмонлар яшайдиган қисми алоҳида бўлади ва Покистон деб аталади.

Кейинчалик Бангладеш Покистон таркибидан ажралиб чиқади ва мустақил давлатга айланади. Шу тариқа бу давлат Ҳиндистон билан узун чегарага эга бўлади.

Бангладеш қуруқликда фақат иккита давлат, Ҳиндистон ва Мьянма билан чегарадош.

4. Хитой – Мўғулистон: 4677 километр

Хитой қуруқликда жами 14 давлат билан чегарадош. Унинг энг узун чегараси Мўғулистон билан бўлган чегараси ҳисобланади.

Мўғулистон эса бор-йўғи иккита давлат билан чегарадош. Улардан бири Хитой, иккинчиси Россия.

3. Аргентина – Чили: 5308 километр

Чили ҳудуди шимолдан жанубга қараб 6 500 километрга чўзилган. Мамлакат кенглиги ўртача 175 километрни ташкил этади. Чили фақат уч давлат – Перу, Боливия ва Аргентина билан чегарадош.

Жанубий Америка қитъасида жойлашган Аргентина ва Чили ўртасидаги чегара 5 308 километр бўлиб, у дунёдаги энг узун чегаралар рейтингида учинчи ўринни эгаллайди.

2. Россия – Қозоғистон: 7598,8 километр

Россия ва Қозоғистон ўртасидаги чегара энг узун чегаралар рейтингида АҚШ-Канада чегарасидан сўнг иккинчи ўринни эгаллайди.

Бироқ АҚШ-Канада чегараси икки қисмдан иборат. Биринчи қисми Канада жануби ва АҚШ шимолидаги чегара. Иккинчи қисми Канаданинг Аляска билан чегараси.

Шу сабабли Россия ва Қозоғистон ўртасидаги чегара яхлит чегаралар рейтингида у биринчи ўринда жойлашган.

Қозоғистоннинг умумий чегараси 13200 км бўлиб, у дунё океанига чиқмайдиган давлатлар орасида ҳудудининг катталиги жиҳатдан биринчи ўринда туради.

Қозоғистон ва Россия чегараси ҳудудида бу икки мамлакатнинг биридан иккинчисига оқиб ўтадиган дарёлар шунчалик кўпки, чегаранинг 5936,1 километри қуруқликдан, 1516,7 километри дарёлардан, 60 километри эса кўл устидан ўтади.

1. АҚШ – Канада: 8893 километр

Дунё харитасидан биламиз, Шимолий Америка қитъасида асосан икки йирик давлат – АҚШ ва Канада жойлашган. Қитъанинг ўртасидан узун чегара ўтади ва у АҚШ ҳамда Канадани ўзаро ажратиб туради.

Шунингдек, қитъанинг шимолий қисмида АҚШнинг Аляска штати жойлашган ва у ерда ҳам Канада билан узун чегара бор.

АҚШ ва Канада ўртасидаги чегара икки давлат ўртасидаги энг узун чегара рейтингида биринчи ўринда жойлашган. Бироқ у узлуксиз чегаралар рейтингида Қозоғистон ва Россия ўртасидаги чегарадан сўнг иккинчи ўринда жойлашган.

Энг узун чегаралар рейтингда кучли йигирматаликда Ўзбекистоннинг ҳам чегараси бор. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги 2 203 километрлик чегара рейтингда ўн еттинчи ўринни эгаллайди.

Энг қисқа чегаралар, Топ-10лиги

1. Ботсвана – Замбия: 150 метр

Ботсвана ва Замбия ўртасидан ўтган 150 метрли чегара дунёдаги икки давлат ўртасидан ўтган энг қисқа чегара ҳисобланади. Ушбу чегара Замбези дарёси бўйлаб ўтган.

Айнан шу жойда дунёдаги энг ажабтовур чегара жойлашган. Бир томондан Намибия, иккинчи томондан Зимбабве давлати ерлари кириб келган жойда Ботсвана ва Замбия ўртасидаги 150 метрлик чегара юқоридаги икки давлатнинг туташувини кесиб қўйган.

2. Гиблартар – Испания: 1200 метр

Пиреней яриморолининг жанубий қисмида жойлашган Гиблартар Британиянинг денгизорти ҳудуди ҳисобланади. Гиблартар яриморолида жойлашган бу давлат ўз пули, байроғи, герби ва мадҳиясига эга.

Узоқ йиллардан буён Испания Гиблартар ўзига тегиши кераклигини айтиб келади. Бироқ бу давлат фуқаролари Испания таркибига ўтишга қарши. Гиблартар ва Испапияни 1200 минг метрли чегара ажратиб туради. Гиблартарнинг бошқа томонларини Ўртаер денгизи сувлари ўраб туради.

3. Дания – Канада: 1200 метр

Дания ва Канада ўртасидаги чегара Гренландия шимолида жойлашган миттигина Ҳанс оролидан ўтган. Узоқ йиллар давомида бу орол икки мамлакат ўртасида баҳсли бўлиб келди.

2022 йилда томонлар келишувга эришди ва оролни иккига бўлиб олди. Шу тариқа Шимолий Америкада жойлашган Канада ва Европада жойлашган Дания қуруқликда ўзаро чегарага эга бўлди.

4. Ватикан – Италия: 3200 метр

Ватикан дунёдаги энг митти давлат ҳисобланади ва у Италия пойтахти Рим шаҳрининг марказида жойлашган. Ҳар икки давлат ўртасидаги чегара бор-йўғи 3200 метрни ташкил этади.

5. Монако – Франция: 5469 метр

Монако ҳам Ватиканга ўхшаб дунёдаги энг митти давлатлардан бири ҳисобланади. Франциянинг жанубий-шарқий қисми билан чегарадош бўлган бу давлатнинг бир қисмини Ўртаер денгизи сувлари ювиб туради. Қолган 5469 метр қисми Франция билан чегарадош.

6. Озарбойжон – Туркия: 13-15 км

Озарбойжон давлатининг Нахичеван мухтор республикаси деб аталадиган қисмини Арманистон, Эрон ва Туркия ҳудуди ўраб туради.

Нахичевонда Озарбойжон ва Туркия ўртасидаги чегара 13-15 км атрофида. Озарбойжон бу чегарани 15 км деб ҳисобласа, Туркия 13 км ҳисоблайди.

7. Нидерландия – Франция: 10,2 км

Европада Нидерландия ва Франция чегарадош эмас. Бироқ Кариб ҳавзасида уларнинг қуруқликдан ўтган чегараси бор. Гап шундаки Кариб ҳавзасидаги Сен-Мартен ороли иккига бўлинган ва унинг ярми Нидерландияга, қолган қисми Францияга қарайди. Шу ерда икки давлат 10,2 км жойда чегарадош.

8. Испания – Марокаш: 15,9 км

Испания Европада, Марокаш Африка қитъасида жойлашган ва уларни Ўртаер денгизи ажратиб туради. Бироқ Марокаш шимолида Испаниянинг иккита митти ҳудуди бор.

Сабта ва Малиля деб аталувчи бу ҳудудларда Испания ва Марокаш қуруқликдан ўтган чегараларга эга. Бу чегараларнинг умумий узунлиги 15,9 км.

Марокаш ҳар икки ҳудудни узоқ йиллардан буён Испаниядан қайтариб беришни сўрайди. Бироқ испанлар Африка шимолидаги муҳим нуқталарда жойлашган бу ҳудудларни қайтариб бермоқчи эмас.

9. Россия – Шимолий Корея, 17 км

Узоқ Шарқда Корея яриморолининг шимолий қисмида жойлашган Шимолий Корея бор-йўғи учта давлат – Жанубий Корея, Хитой ва Россия билан чегарадош.

Бу давлатнинг Россия билан чегараси Туманная деб аталувчи дарё бўйлаб ўтади ва унинг узунлиги 17 км атрофида. Дарё устидан ўтган кўприк ҳар икки давлатни темирйўл орқали боғлайди.

10. Хорватия – Қоратоғ (Черногория), 25 км

Болқон яриморолида жойлашган бу икки давлат Адриатика денгизи қирғоқларида 25 километрлик масофада ўзаро чегарадош ҳисобланади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид