Спорт | 19:07 / 22.09.2024
30909
5 дақиқада ўқилади

“Ўғлимни “Камаз” босиб кетиб, ҳайдовчиси қочиб кетганди” – Паралимпия чемпиони ҳақида ҳикоя

Ёрқинбек Одилов Париж-2024 паралимпия ўйинларида енгил атлетиканинг найза улоқтириш йўналишида 50 метр 32 см натижани қайд этиб, чемпионликни қўлга киритди. “Оёғимни “Камаз” босиб кетган кун ҳамон ёдимда. Бир оёқ билан соғлом одамлар сафига қўшилиш осон бўлмади. Лекин ҳаммасини уддаладим”, дейди чемпион.

Kun.uz мухбири Қўштепа тумани Шомирза маҳалласида яшовчи Ёрқинбек Одилов оиласида бўлиб, унинг яқинлари билан суҳбатлашди.

Бахтсиз ҳодисада бир оёқдан айрилдим...

“7 ёшимда автоҳалокат туфайли бир оёғимдан айрилдим. 9 ёшимда протез оёқ кийганман. Бу ота-онам, оилам учун қаттиқ тушкунликка сабаб бўлувчи ҳодиса бўлган.

Айни ўйнаб-куладиган даврда бундай бахтсиз ҳодисага учраш оғриқли эди. Вақтлар ўтиб Олимпиа захиралари коллежига ўқишга қабул қилиндим. Бобом анча йиллардан бери педагог сифатида фаолият юритганликлари учун характерим ва жисмоний, руҳий ҳолатимга қараб турли тавсиялар берган. Биринчи устозим бобом.

Париж-2024 паралимпия ўйинларида енгил атлетиканинг найза улоқтириш йўналишида 50 метр 32 см натижа билан чемпион бўлдим. Париж-2024 ўйинлари мен учун алоҳида аҳамиятга эга майдон бўлди, чунки шу давргача халқаро мусобақаларда иштирок этиб рақибларим устидан ғалаба қозона олмаган эдим.

2023 йил пара жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритдим. Ўшанда 49 метр 39 сантиметр узунлик натижаси қайд этилган эди.

Ҳар бир спортчи олимпиада ўйинларида иштирок этишни орзу қилади. Париж-2024 паралимпия ўйинларида олтин медалли бўлдим.

Бунгача ҳам Токио-2020 ўйинларида иштирок этиб, рекорд натижани янгилаганман, мендан кейин яна 3 нафар жаҳоннинг кўзга кўринган спортчилари ўз рекордларини янгилади.

Олтин медални қўлга киритган мусобақам мустақилликнинг 33 йиллик байрами кунига тўғри келди. Мураббийим Сардорбек Абдуҳаликов, Яҳёбек Ёқубов мусобақадан олдинги кунларда руҳий жиҳатдан ўйинларга тайёргарлигимизга кўпроқ эътибор беришади. Мураббий шундай инсонларки, ўз шогирдларининг муваффақияти учун ҳам диетолог, ҳам мураббий, баъзида маслаҳатчи ҳам бўлишади.

Ўйинга тушишимдан олдин майдондаги томошабинларнинг ҳайбати озроқ чўчитди, кейинроқ барчаси ўз жойига тушди.

Аллоҳга шукур, шундай ғалабага қодир қилди ва президентимиз, халқимиз, оилам олдида юзим ёруғ бўлди.

Бошимиздан шунча воқеалар ўтган бўлса ҳам, ота-онам меҳр ва эътиборларини аямади. Барчаси учун улардан миннатдорман. Келгусидаги олимпиада, мусобақаларда бундан ҳам яхши натижаларни кўрсатишга ҳаракат қиламан. Ҳар сафар олимпиада ўйинларида иштирок этганимда ёнимда халқим турганини ҳис қиламан ва бу менга илҳомлантирувчи куч беради”, дейди чемпион.

Совчиликка энди Tahoeʼда борамиз …

“Ёрқинбек жуда шўх ва жисмоний жиҳатдан бақувват эди. 7 ёшида автоҳалокатга учраганидан кейин мусибатли кунлар бошланди.

Шукриё Шаропова, чемпионнинг онаси

Маҳалламизда тўй бўлаётган эди. Шу куни ўғлим велосипедда ҳаракатланаётганда “Камаз” оёғини босиб кетди. Врачлар отасидан оёғини кесиб ташлаш учун рухсат сўрашди. Боламнинг тақдирини ўйлаб кўп сиқилдим. Айни югуриб, кулиб юрадиган вақтида бундай ҳолатга тушиши даҳшатли эди. Оёқлари қон бўлиб кетса ҳам болам протез оёқда юришни хоҳларди. Биринчи марта ҳассага таяниб юрганида анча тушкунликка тушиб қолган эди.

Ўғлимнинг олимпиададаги иштирокини бир жойда ўтириб томоша қила олмайман. Шу галги ўйинида ҳам ҳаяжонландим. Бошқа рақибларининг натижаларини кўриб, энди нима бўлар экан, деб тургандим. Аллоҳга шукур, шунча меҳнат ва машаққатлари ўз самарасини берди. Олтин медал олган кунинг тўйни бошлаймиз, дегандим. Мана энди янги машиналарда совчиликка борамиз иншаа Аллоҳ”, дейди чемпионнинг онаси Шукриё Шаропова.

Набирам барчасини уддалади...

“Набирамни мураббий олдига олиб борганимда озғингина, нимжон бола эди. Мураббийси имкониятлари, ҳаракатини кўрамиз, спорт кўникмасини эгаллаш бўйича сабоқ бераман, лекин барчаси ўзига боғлиқ деган эди.

Аллоҳга шукурки, шунча меҳнатлар ўз натижасини берди. Аллоҳдан доим набирам тақдири шундай бўлишини ёзган ўзингсан, унинг муваффақиятини ҳам ўзинг бер, деб сўрадим.

Иродали ва шижоатли инсон имконияти чекланганига қараб ўтирмайди. Олға ҳаракат қилади, бунга мана менинг набирам мисол. Ҳар бир спортчи олимпиада ўйинларида ғолиб бўлишни мақсад қилади. Набирам бунга эришди. Бутун оиламиз, қишлоғимиз билан бундан фахрланамиз”.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Оператор ва монтаж устаси – Сардор Мамиров.

Мавзуга оид