Ўзбекистон | 21:16 / 25.09.2024
5187
6 дақиқада ўқилади

25 сентябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Самарқандда эълон қилинган режалар, туманларга тайинланган янги ҳокимлар, бекор бўлаётган Умра лицензияси ва Чорвоққа пулли йўл режаси — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Президентнинг Самарқанддаги нутқи

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун Самарқандда очилган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилари кенгашининг тўққизинчи йиллик йиғилишида нутқ сўзлади.

Қайд этиш керакки, анжуманда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларидан 2 мингга яқин вакиллар қатнашмоқда.

Президент ўтган даврда ЯИМ ҳажми 2 баробар кўпайиб, 100 млрд доллардан ошгани, келгуси беш йилда бу рақамни 160 млрд долларга етказиш режа қилинганини айтиб ўтди.

Кўзланган асосий мақсад – мамлакат аҳолиси даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига олиб чиқиш экани таъкидланди.

Келгуси йилдан бошлаб давлат-хусусий шериклик асосида ҳар йили барча шаҳар ва қишлоқларда энг илғор стандартларга мос келадиган 100 тадан янги мактабларни ишга туширишни режа қилдик. Бунга келгуси йилларда 2 миллиард доллар инвестиция киритилиши эълон қилинди.

2030 йилгача 30 млрд долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича катта дастур қабул қилинди. «Тошкент – Самарқанд» ва «Тошкент – Андижон» йўналишларида пулли автомобил йўллари, «Тошкент – Самарқанд», «Самарқанд – Навоий – Бухоро» йўналишларида тезюрар поездлар учун янги темирйўл қуриш лойиҳалари амалга оширилади. Республиканинг 6 та халқаро аэропортини модернизация қилишни давлат-хусусий шерикликка берамиз.

Президент «Яшил» иқтисодиётни жадал ривожлантиришни устувор вазифа сифатида қўйиб, 2030 йилгача «яшил» энергия манбаларини 40 фоизга етказиш бўйича катта марра қўйилганини қайд этди.

Келгуси йилларда яна 18 гигаватт қуёш ва шамол, 3 гигаватт гидро электр станциялари, 5 гигаватт энергия жамлаш сиғимлари ҳамда 5 млрд долларлик электр тармоқлари ишга туширилиши айтиб ўтилди.

Туманларга тайинланган янги ҳокимлар

Бугун Тошкент шаҳрининг иккита туманига янги ҳокимлар тайинланди.

Баҳодир Рихсиалиевич Ғойибназаров Мирзо Улуғбек тумани ҳокими этиб тайинланди. У 2021 йилдан шу кунга қадар у Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташкилий-кадрлар бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келган.

Бўшаб қолган Шайхонтоҳур тумани раҳбарлиги ўрнига ҳам тайинлов бўлиб ўтди. Бобур Йўлдошович Абубакиров Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани ҳокими этиб тайинланди. У 2019 йилдан шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган.

Шунингдек, Сурхондарё вилояти Музработ туманига ҳам янги ҳоким тайинланди.

Сўнгги икки йил давомида туманга раҳбарлик қилиб келган Абдурашид Исмоилов ўрнига Алишер Қурбонович Қурбонов Музработ тумани ҳокими этиб тайинланди.

Алишер Қурбонов мазкур тайинловга қадар «Амирқулбобо КАА» фермер хўжалиги раҳбари бўлиб фаолият юритиб келаётган эди.

Умра лицензияси бекор бўлмоқда

2024 йил 5 октябрдан «умрачи» сайёҳлик фирмаларига Туризм қўмитаси берган лицензиялар ўз кучини йўқотади. Бундай фирмалар энди Дин ишлари бўйича қўмитадан янги лицензия олиши керак.

Ҳозиргача янги лицензияни олиш шартлари эълон қилинмаган. Жамоатчилик талаблар кучайтирилиши ва Умра «монополияси» қайтишидан хавотирда.

Дин ишлари бўйича қўмита баёнотига кўра, 2024 йил 2 июлда қабул қилинган қонун билан жорий йил 5 октябрдан Дин ишлари бўйича қўмита Умра хизматини кўрсатиш бўйича лицензия берувчи ваколатли орган сифатида белгиланган.

«Бу жорий йил 5 октябрдан Туризм қўмитаси томонидан Умра зиёратини амалга ошириш учун берилган лицензиялар автоматик равишда тўхтатилишини билдиради», деган Дин ишлари бўйича қўмита зиёрат туризми бўлими ходими.

5 октябрдан бошлаб Умра зиёрати бўйича Туризм қўмитасининг лицензияси асосидаги фаолият ноқонуний ҳисобланади. Бу юридик шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.

Лекин ҳозирча соҳадаги лицензияловчи ваколатли органга айланган Дин ишлари бўйича қўмитанинг ўзида лицензия бериш учун тартиб-таомиллар йўқ. Бу борада ҳукуматнинг янги қарори чиқиши кутилмоқда.

Чорвоққа пулли йўл

Бектемир – Чирчиқ – Ғазалкент – Чорвоқ автомобил йўлининг 6−77-километри пулли йўлга айлантирилиши режалаштириляпти.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Туркиянинг Onur Group компанияси билан «лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлаш ва уни амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олиш» юзасидан келишувга эришган.

Учрашув давомида икки мамлакат ўртасида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида автомобил йўллари, туннеллар қуриш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан эришилган келишувлар кўриб чиқилган.

Хусусан, Бектемирдан Чорвоқ қўрғонигача бўлган автомобил йўлининг 6–77-километрлари орлиғини асфалт-бетон қоплама билан реконструкция қилиб, пулли йўлга ўтказиш лойиҳаси юзасидан музокаралар олиб борилган. Учрашув якунида томонлар лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлаш ва уни амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олиш юзасидан келишувга эришди.

Автомобил йўллари қўмитасига кўра, ҳали транспорт вазирлиги ушбу пулли йўл учун тендер ўтказмаган. Вазирлик турк компанияси таклифлари кўриб чиқилганини ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ҳали ишлаб чиқилмаганини маълум қилди. Шундан сўнг тендер ўтказилади ва лойиҳа пудратчиси аниқланади, дея билдирган вазирлик.

Мавзуга оид