Жаҳон | 22:10 / 28.09.2024
3260
1 дақиқада ўқилади

Украина разведкаси Москва вилоятида Россия армияси полковниги ўлдирилганини маълум қилди

Полковник Алексей Коломейцев дронлардан жанговар фойдаланиш бўйича мутахассисларни тайёрлагани таъкидланмоқда.

Фото: Украина Мудофаа вазирлиги

Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси 27 сентябр куни Москва яқинидаги Коломна шаҳрида Россия армияси полковниги Алексей Коломейцев ўлдирилганини маълум қилди.

Бош разведка бошқармаси тарқатган хабарда айтилишича, Коломейцев «Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг учувчисиз авиация 924-давлат марказига раҳбарлик қилган, у дронлардан, хусусан, «Шоҳид» дронларидан жанговар фойдаланиш бўйича мутахассисларни тайёрлаган.

Бош разведка бошқармаси Коломейцевни Украинага кенг кўламли бостириб киришда бевосита иштирок этган «ҳарбий жиноятчи» деб атади.

«Hromadske» хабарига кўра, Коломейцевнинг ўлдирилиши Украина разведкаси ва «маҳаллий қаршилик ҳаракати» вакилларининг биргаликдаги операцияси бўлган. «Россия режими урушни тўхтатиб, барча жиноятлари учун жавоб бермагунча, қўлида украиналикларнинг қони бўлган ҳар бир кишини йўқ қиламиз», деди нашр суҳбатдоши.

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари Коломнадаги қотиллик ҳақидаги хабарларга изоҳ бермади.

Мавзуга оид