30 сентябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ўқитувчилар билан мулоқот қилган президент, халқаро фан олимпиадалари ғолиблари учун мукофотлар, Марказий Осиёнинг ўзгараётган иқлими ва Хитойга темирйўл қурилиши бошланиш санаси — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Президент ўқитувчилар билан мулоқот қилди
Бугун президент Шавкат Мирзиёев республикамизнинг таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқот ўтказди.
Мулоқот аввалида алоҳида ўрнак кўрсатган таълим соҳаси ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Президент мамлакатимизнинг барча таълим-тарбия ходимларини Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этиб, давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
«Ватан ва халқ манфаати учун мардонавор курашадиган, фаол фуқаролик позициясига эга, билимли ва бунёдкор авлодни ким тарбиялайди? Албатта, сизлар – заҳматкаш ва жонкуяр устозлар.
Бунинг учун аввало ўқитувчининг ўзи ҳуқуқий, ижтимоий ва молиявий томондан ҳимоя қилинган ва етарли таъминланган бўлиши керак.
Шундагина у ўзининг чинакам инсоний ва касбий фазилатларини амалда намоён қила олади», деди президент.
Таълим соҳасида қилинадиган ислоҳотларга тўхталар экан, «бундан буён таълим сифатини янги босқичга кўтариш учун ишни 7 та йўналишда ташкил этамиз», — деди президент.
Муаллимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш, албатта, давом эттирилиши таъкидланди.
Келгуси ўқув йилидан халқаро стандартлар асосида малака сертификатини бериш йўлга қўйилади. Синовларда 86 ва ундан юқори балл олган педагоглар қўшимча 70 фоиз устама олади.
Мисол учун, олий тоифали биология ўқитувчиси ўз фани бўйича халқаро сертификати бўлса – 50 фоиз, директор жамғармасидан 40 фоизгача ва янги талабга жавоб берса яна 70 фоиз устама олади. Шу тариқа ўқитувчининг умумий ойлик маоши 4 миллион 500 минг сўмдан 12 миллион сўмга етади.
Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳар йили соғлиғини тиклаш учун санаторий ва дам олиш масканларига юбориладиган ўқитувчилар сонини 2 баробар ошириши таъкидлаб ўтилди.
Мактаблар ва уларнинг таъминоти
Ўзбекистонда аҳоли ўсиши туфайли йилига мактабларда – 120 мингта, боғчаларда – 30 мингта қўшимча ўринга талаб юзага келаётгани қайд этилди.
Келгуси йили бюджетдан ажратиладиган 3 трлн 200 млрд сўм ҳисобидан 375 та мактаб ва 97 та боғча реконструкция қилинади ва янгилари барпо этилади.
Бундан ташқари Ислом тараққиёти банки ва ОПЕК жамғармасининг 50 миллион доллар маблағи доирасида келгуси 4 йилда 200 та хусусий боғча қурилиб, янги 30 мингта ўрин яратилади.
Янги йилдан бошлаб хусусий секторда ўқувчи ўринларини кўпайтириш учун мактаб очадиган тадбиркорларга 20 млрд сўмгача маблағ ажратилади.
Шунингдек, янги қуриладиган хусусий мактаб бинолари учун коммунал харажатларнинг 50 фоизи 5 йил муддатгача бюджетдан тўлаб берилади.
Тадбиркорлар ўз ҳисобидан мактаб қурса, унга кетган харажатлар фойда солиғидан икки йил давомида тенг улушларда чегириб ташланади.
Ўтган 5 йилда 13 минг 500 дан ортиқ компютер синфхоналари 200 мингта замонавий компютер билан таъминланган. Келгуси йил яна 2 мингдан зиёд компютер синфлари янгиланади, бунга бюджетдан 400 миллиард сўм берилади.
Рағбатлантириладиган халқаро фан олимпиадалари сони 18 тадан 22 тага етказилади.
Бунда нуфузли халқаро олимпиадада олтин медал олган ўқувчига – 170 млн сўм, кумуш медалга – 102 млн сўм, бронза медал учун – 68 млн сўм мукофот пули берилади.
Марказий Осиёнинг ўзгараётган иқлими
Бошқа минтақаларга нисбатан ҳаво ҳарорати тезроқ кўтарилаётган Марказий Осиё минтақасида иқлим ўзгариши оқибатида сўнгги бир неча ўн йилликда аҳоли жон бошига сув таъминоти даражаси икки баробарга камайди.
Иорданиянинг Ammon News газетасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессиясида нутқи асосида мақола эълон қилинди.
«Марказий Осиёда ҳаво ҳарорати ўртача жаҳон даражасидан тезроқ кўтарилмоқда. Бу озиқ-овқат ва энергия хавфсизлиги учун жиддий хавф туғдиради», – дейилади мақолада.
Ўзбекистон вазирига кўра, иқлим ўзгариши оқибатида сўнгги бир неча ўн йилликда Марказий Осиёда аҳоли жон бошига сув таъминоти даражаси икки баробарга камайди.
Орол денгизи ҳалокати минтақадаги барча давлатларнинг экотизимларига ўта салбий таъсир кўрсатишда давом этмоқда. «Биз халқаро донор ҳамжамиятни Оролбўйида ушбу офатнинг ҳалокатли оқибатларини юмшатишга қаратилган лойиҳаларни кенгайтиришга чақирамиз», — деган Саидов.
Хитойга темирйўл қурилиши қачон бошланади?
Хитойдан Қирғизистон орқали ўтадиган темирйўлнинг Ўзбекистондаги қисми қачон қурилиши маълум бўлди. Транспорт йўлагининг умумий қиймати 8 млрд долларга баҳоланмоқда, Ўзбекистон унда 225 млн доллар улуш билан иштирок этади.
Йўлнинг Ўзбекистонга тегишли қисми қурилиши шу йилнинг октябр ойида бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев маълум қилган.
Қайд этилишича, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўл коридори лойиҳасини амалга ошириш учун лойиҳа компанияси ташкил этилган.
Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли лойиҳаси 2024 йил июн ойида Хитойда имзоланди ва кейинчалик иштирокчи мамлакатлар томонидан ратификация қилинди. Темирйўл Хитойнинг Қашғар шаҳридан бошланади ва Торугарт, Мақмал, Жалолобод ва Андижон орқали ўтади.
Мавзуга оид
22:09 / 04.11.2024
4 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:09 / 01.11.2024
1 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:32 / 31.10.2024
31 октябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:05 / 30.10.2024