Ўзбекистон | 22:17 / 01.10.2024
1682
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов Ереванда Эрон биринчи вице-президенти билан учрашув ўтказди

Учрашувда Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бизнес-форумга пухта тайёргарлик кўриш масаласи муҳокама қилинди.

Фото: Бош вазир матбуот котиби

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Ереванга ташриф доирасида Эрон биринчи вице-президенти Муҳаммад Ризо Ореф билан икки томонлама учрашув ўтказди. Бу ҳақда бош вазир матбуот котиби хабар берди.

Қайд этилишича, икки давлат раҳбарлари томонидан кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланган.

Учрашувда Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бизнес-форумга пухта тайёргарлик кўриш, давлатлар ўртасида турли соҳаларда саноат кооперация лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилган.

Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Ереванга ташриф доирасида Евросиё иқтисодий форумида ҳам иштирок этган.

Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Евросиё Иқтисодий Иттифоқи Ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги мажлисида кузатувчи мақомида иштирок этиш учун Ереванга ташриф буюрди.

Ўзбекистон бош вазири ўз нутқида президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётганини алоҳида таъкидлади. Йиғилиш сўнгида Евросиё иқтисодий комиссияси ва Ўзбекистон ҳукуматининг 2024-2026 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлари режаси имзоланди.

Мавзуга оид