Жаҳон | 18:43 / 01.10.2024
1689
2 дақиқада ўқилади

Шигэру Ишиба Япониянинг янги бош вазири бўлди

Мамлакат парламентининг ҳар иккала палатаси 102-бош вазирни тасдиқлади.

Фото: Kyodo News

Япония парламентининг юқори ва қуйи палатаси ҳукмрон Либерал-демократик партия (ЛДП) раҳбари Шигэру Ишибани мамлакатнинг янги бош вазири этиб сайлади. Бу ҳақда NHK хабар берди.

Овоз бериш натижаларига кўра, 67 ёшли Исиба номзоди депутатларнинг ярмидан кўпи – 465 нафардан 291 нафари томонидан ёқланди. Ҳукмрон коалиция парламентнинг ҳар иккала палатасида ҳам кўпчиликни ташкил этади.

1 октябр куни собиқ бош вазир Фумио Кисида бошчилигидаги Япония ҳукумати тўлиқ истеъфога чиқди.

Шунингдек, Япония императори Нарухито бош вазир Исиба томонидан таклиф этилган мамлакат ҳукуматининг янги таркибини тасдиқлади. Тасдиқлаш маросими Токиодаги Император саройида бўлиб ўтди.

Ҳукуматнинг янги таркиби аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Ёсима Хаяси томонидан эълон қилинган эди, у ўз лавозимини сақлаб қолди. Собиқ мудофаа вазири Такэси Ивая Япония ташқи ишлар вазирлигига раҳбарлик қилади. У 2018—2019 йилларда мамлакат Мудофаа вазирлигини бошқарган. 2014 йилдан 2016 йилгача Мудофаа вазири бўлган Гэн Накатани яна лавозимига қайтди.

Япония парламенти қуйи палатаси 9 октябрда тарқатиб юборилиши, 27 октябрда эса навбатдан ташқари умумий сайловлар ўтказилиши кутилмоқда.

67 ёшли Шигэру Ишиба энг тажрибали сиёсатчилардан бири. Мудофаа вазири (2007–2008), Қишлоқ хўжалиги вазири (2008–2009) ва Аҳоли сонини камайишига қарши курашиш ва маҳаллий иқтисодиётни жонлантириш вазири (2014–2016) лавозимларида ишлаган. Унинг отаси Жиро Исиба бир вақтлар Ички ишлар вазирлигини бошқарган.

Мавзуга оид