Ўзбекистон | 13:50 / 02.10.2024
2505
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Олтой ўлкаси университетлари филиали очилиши мумкин

Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консули Аслам Акбаров Россиянинг Олтой ўлкаси губернатори Виктор Томенко ва сайлов комиссияси раҳбари Ирина Акимова билан музокаралар ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Олтой ўлкаси губернатори Виктор Томенко билан учрашув чоғида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни қўллаб-қувватлаш, жумладан, Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашлари доирасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Губернатор Олтой ўлкасининг ташқи савдо ҳамкорлари орасида Ўзбекистон айни пайтда Хитой ва Қозоғистон каби давлатлар қаторида кучли учликдан жой олганини таъкидлади.

Айниқса, Олтой корхоналари Ўзбекистондан пахта, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, трикотаж газламалар, кимёвий толаларни фаол харид қилаётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистонда етиштирилаётган турли мева-сабзавотларга ҳудуд аҳолисининг талаби жуда юқори.

Томонлар, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма корхоналар, шунингдек, тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш кластерларини яратишга эътибор қаратдилар ва ўзаро савдо йўналишларини диверсификация қилиш зарурлигини таъкидладилар.

Агросаноат мажмуасидаги кооперация ҳам истиқболли йўналиш ҳисобланади. Бугунги кунда Олтой ўлкаси қишлоқ хўжалиги машинасозлари ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ерга ишлов бериш техникасини ишлаб чиқариш соҳасида фаол иш олиб бораётгани, чорвачилик соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш мавжудлиги таъкидланди.

Губернатор Виктор Томенконинг айтишича, Олтой тадбиркорлари ушбу масалаларни ўзбекистонлик ҳамкасблари билан, хусусан, республикага амалга оширилган сўнгги бешта бизнес миссияси чоғида доимий равишда муҳокама қилмоқда. Бу ишлар, ўз навбатида, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг умумий ўсишига хизмат қилмоқда.

Томонлар маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлаб, Ўзбекистон ва Олтой ўлкаси олий ҳамда касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида тажриба алмашиш, халқлар маданияти, анъана ва урф-одатларининг ўзига хослигини очиб берувчи қўшма тадбирларни ўтказиш муҳимлигини қайд этдилар.

Мамлакатда Олтой ўлкаси университетларининг филиалларини очиш имкониятлари хусусида ҳам фикр алмашилди.

Мавзуга оид