Жаҳон | 11:50
2582
3 дақиқада ўқилади

Кремлга яқин VK'да оммавий ишдан бўшатишлар кузатиляпти

Компания ходимларининг таъкидлашича, ходимларнинг қисқариши кўп миллиард долларлик йўқотишлар фонида содир бўлмоқда. VK'нинг ўзи оммавий ишдан бўшатишларни рад этди.

Фото: Игорь Иванко / Коммерсантъ

Кремл назоратидаги VK IT корпорациясида оммавий ишдан бўшатишлар бошланди, бу IT-мутахассисларга ҳам таъсир қилди, деб хабар берди «Осторожно, новости» Telegram-канали 4 октябр, жума куни компаниянинг бир қанча ходимларига таяниб. Уларга кўра, ишдан бўшатилганлар сони аллақачон 300 кишига етган ва кўпайиши мумкин. Ишдан бўшатишдан олдин ходимларга «аниқ ишдан бўшатиш» ҳақида айтилади, икки ёки учта иш ҳақи олиш ва компанияни ўз хоҳиши билан тарк этиш таклиф этилади.

Бошқа бир манбанинг таъкидлашича, ишдан бўшатиш факти «соҳада бир неча кундан бери муҳокама қилинмоқда, аммо компаниядан расмий баёнотлар йўқ». «Компания ҳеч қандай эълон бермайди, одамларга секингина бир кундан кейин бўшаш керак, деган »таклиф« айтилади. Ҳамма хонадаги филни сезмагандек бўлиб юришга мажбур бўляпти», — дейди ходимлардан бири.

Ўз навбатида, «Новая.Европа» нашрининг VK ичидаги манбалари аллақачон 300 дан ортиқ одам ишдан бўшатилганини билдирди. «Баъзи бўлинмаларда барча ходимларнинг ярмига яқини ишдан олинди», деб тушунтирди компания раҳбариятига яқин суҳбатдош «Новая.Европа» нашрига. Унинг сўзларига кўра, компания ичида қисқартиришлар ҳақидаги маълумот ва ҳатто уларни чатларда муҳокама қилиш қаттиқ тақиқланган. Бу маълумотни «Новая.Европа» нашрига VK икки ходими тасдиқлади.

«Осторожно, новости» манбалари қисқартиришни корпоратив харажатларни оптималлаштириш зарурати билан изоҳлайди. Forbes журнали маълумотларига кўра, VK Россиянинг энг кўп зарар кўраётган бешта компаниясидан биридир. 2022 йилда унинг соф зарари, журналистларнинг фикрига кўра, 32,6 миллиард рублни, 2023 йилда — 34,3 миллиард рублни ташкил этди. 2024 йилнинг биринчи ярмида зарар икки баравар кўпайиб, 24,6 миллиард рублни ташкил қилди.

VK компаниясининг 45 фоизи Юрий Ковалчукнинг «Согаз» компаниясига, 45 фоизи эса «Газпром-Медиа холдинги»га тегишли. VK'нинг ўзи оммавий ишдан бўшатишларни рад этди. «VK ишдан бўшатишларни режалаштирмаяпти. VK ходимлари сони 2024 йил бошидан бери ўзгармади ва салкам 15 000 кишини ташкил қилади. Ҳозирда VK'да турли соҳаларда ўнлаб бўш иш ўринлари мавжуд», деб хабар берди компания.

Мавзуга оид