Жамият | 11:46
44876
10 дақиқада ўқилади

Ёлланма қотиллар, сирли буюртмачи ва чалғитилган тергов – Намангандаги мудҳиш қотиллик тафсилоти

2023 йилнинг 10 феврал куни ярим тунда Янги Наманган тумани Беруний маҳалласида яшовчи тадбиркордан турмуш ўртоғига “Рози бўл, мен сендан розиман” деган смс хабар келади. 11 феврал куни тонгда эса аёлнинг йиғи аралаш бақир-чақиридан қўни-қўшни унинг уйига тўпланади: тадбиркорнинг жасади омборхонада бўйнидан осилган ҳолда турарди. Экспертиза у ўзини осганлигини тасдиқлайди. Кўргилик, ўз жонига қасд қилибди, дея майитни кўмишади. Аммо асл ҳақиқат “кўмилмай” қолганди. 

Тадбиркорнинг ўлими

Янги Наманган туманининг Беруний маҳалласида яшовчи Адҳам Мирдадаевни кўпчилик омадли йигит деб биларди. Сабаби у тадбиркорлик билан шуғулланар, меҳнатининг ортидан яхшигина мол-мулк орттирганди.

2023 йилнинг 11 феврал куни қишлоқда Адҳам ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар тарқалади. Элнинг оғзига элак тутиб бўлармиди, тадбиркор хонадонининг омборхонасида ўзини осганлиги ҳақидаги гап тилдан тилга ўтиб, барчанинг қулоғига етиб борганди.

“Катта ишларнинг муаммоси ҳам катта бўлади-да, йигит жиддийроқ масалага аралашиб қолган-ов”, дерди эшитганлар бош чайқаб.

Узрли смслар

2023 йилнинг 10 феврал куни ярим тунда Адҳам Мирдадаевнинг телефон рақамидан икки кишига – шаърий никоҳдаги турмуш ўртоғи ҳамда акасига смс хабар боради.

Турмуш ўртоғи Саидахон Қаюмовага борган хабарда “Рози бўл, мен сендан розиман” дейилганди.

Акасига борган хабар эса қуйидагича эди:

Ассалому алайкум. Аъзам ака, ман чарчадим, эртага мени терговга чақирган. Анвар аканинг қарзини узмасдан қамалишга ҳаққим йўқ. Наргиза судга бериб юборибди, ака. Наргиза келса ҳайдаб юборинг, жон ака, мен уйимни Саидага қарзимга ўтказдим, товарларимни ҳам, ҳамма нарсани. Ака, тўғриси сиз билан уришишдан чарчадим, Анвар акадаги омонатимга хиёнат қилиб қўйдим. Ака, ҳамма чок машиналарни паст цехга ўрнатинглар. Анвар аканинг ишини, пулини олиб, Саида юргизади, ёрдам қиларсиз. Мен қамалиб қолишга ҳаққим йўқ эди. Жон ака, яхши-ёмон гапирган бўлсам узр. Сиздаги товарлар сиздаги қарзимга «расчёт». Саидага ёрдам қилинг, ака, сабаби у мени сотмади, доим ёнимда турди. Анвар акага омонатини қайтаришга ақлим етмаяпти”. 

Адҳам Мирдадаев смс хабарида тилга олган Анвар исмли шахс турмуш ўртоғи Саидахон Қаюмованинг муқаддам жиноят содир қилгани учун ҳозирда жазо муддатини ўтаётган амакиси Анвар Қаюмов эди. Тадбиркор йигит аслида Анвар Қаюмов раҳбарлигидаги “Porloq Textil” МЧЖ фаолиятини вақтинчалик бошқариб келаётганди. 

Ушбу икки смс хабаридан кейин 11 феврал куни тонгда Саидахон Қаюмова бақирган ҳолда турмуш ўртоғи ўз жонига қасд қилганини қўшниларига билдиради, яқин қариндошларига қўнғироқ қилиб айтади.

Воқеа жойига қўни-қўшнилар, қариндошлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари тўпланади: Адҳам Мирдадаевнинг мурдаси омборхонада бўйнидан осилган ҳолда турарди.

Тадбиркор ўз жонига қасд қилгани экспертизада тасдиқланади. Аъза очилиб, майит кўмилади. Аммо ҳақиқат “кўмилмай” қолганди...

Жиноятга етаклаган орзу

Аслида Адҳам Мирдадаев турмуш ўртоғи, 29 ёшли Саидахон Қаюмованинг буюртмаси асосида ёлланма қотиллар томонидан ўлдирилган эди.

Аёл нега эрини ўлдиришга қотиллар ёллади? Саидахон Қаюмова бошқаларга нисбатан яхшироқ яшашни, ўзининг машинаси, ҳовли ва бошқа мулклари бўлишини орзу қиларди. У дабдабали ҳаёт кечиришни текин бойлик орттириш орқали амалга оширмоқчи бўлади ва шу жиноятга қўл уради.

Аввалига ҳаммаси хамирдан қил суғургандай осон кечади: экспертиза хатога йўл қўйган, тергов чалғитилганди. Гўёки ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолаётган эди. Бироқ орадан бир йил ўтиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар барчасини фош қилади.

Жиноий режа

Саидахон Қаюмова турмуш ўртоғи Адҳам Мирдадаевнинг уй-жойи, мол-мулкларига якка ўзи эгалик қилиш учун уни ўлдиришни ўйлай бошлайди. Албатта, бу ишни ёлғиз ўзи амалга ошира олмасди. Шунинг учун аёл қотил ёллашни мақсад қилади.

Саидахон ёлланма қотил топиш учун ўзига олдиндан таниш бўлган, Наманган шаҳар Ободонлаштириш бошқармасида участка устаси вазифасида ишловчи Акбаржон Нурматов ҳамда унинг ходими Орифжон Облобердиевга мурожаат қилади. Аёл хизмат ҳақи учун яхшигина пул беришини айтади.

Акбаржон ва Орифжон аёлнинг таклифини ўзлари амалга ошира олмасликларини айтиб, ишга Фирдавс Султонов ҳамда Али Султоновни ҳам жалб этишади. Улар “хизмат ҳақи” учун 2 минг АҚШ доллари талаб қилади. Орзу ўтида ёнаётган аёл учун бу пул ҳеч нарса эмасди.

Ярим тундаги қотиллик

Саидахон Қаюмова жиноий гуруҳга ўзи раҳбарлик қилади. У гуруҳнинг ҳар бир аъзосига вазифаларни тақсимлаб беради.

Режага кўра, аёл кўрсатилиши мумкин бўлган фаол қаршиликни енгиш мақсадида турмуш ўртоғини ухлатиб қўйиши ёки хушсиз ҳолга келтириши, сўнгра жиноий шерикларига хабар бериши, уларнинг хонадонга кириш учун қулай шароитлар яратиши керак бўлган. Шунингдек, Саидахон Қаюмова жиноят содир этилишини осонлаштириш мақсадида гуруҳ аъзоларига ниқоб, тиббий қўлқоп ва қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган арқон ҳамда бошқа буюмларни сотиб олишни молиялаштирган.  

Жиноий гуруҳнинг қолган аъзолари Адҳам Мирдадаевни арқондан ясалган сиртмоқ ёрдамида қасддан ўлдиришлари, келгусида жиноий жавобгарликдан қутулиш мақсадида унинг мурдасини омборхонага осиб, гўёки ўз жонига қасд қилгандай кўрсатишлари керак эди. 

2023 йилнинг 9 феврал куни ярим тунда, турмуш ўртоғи ухлаб ётганида Саидахон Қаюмова жиноий режани амалга ошириш мақсадида Нурматов ва Облобердиевга қўнғироқ қилади. Гуруҳ аъзолари топшириққа асосан тадбиркорнинг Янги Наманган тумани, Беруний маҳалласидаги хонадонига етиб боришади. Бироқ жиноятни амалга ошириш учун етарли даражада тайёргарлик кўришмаганини айтиб, ишни 10 феврал тунига қолдиришади ҳамда қайтиб кетишади.

2023 йилнинг 10 феврал куни соат 23:00 ларда Саидахон Қаюмова гуруҳ аъзоларига қўнғироқ қилиб, жиноий режани амалга оширишга қулай фурсат келганини, турмуш ўртоғи Адҳам Мирдадаев қаттиқ уйқуда эканини айтади. “Сизларни уйнинг дарвозаси олдида кутиб оламан, зудлик билан етиб келинглар”, дейди у.

 4 эркак ярим тунда манзилга етиб боради ва аёлнинг ишораси билан хонадонга киришади. Улар биров таниб қолмаслиги учун бошларига аёллар “колготка”си ва қўлларига тиббий қўлқоп кийиб олишганди. Саидахон Қаюмова қўшни хонадаги жияни ва 3 нафар фарзанди қаттиқ уйқуда эканлигига ишонч ҳосил қилгач, қотилларни эри ухлаб ётган ётоқхонага бошлаб киради. 

Аёл, Акбаржон Нурматов ва Али Султонов қаттиқ уйқуда бўлган Мирдадаевнинг қўл ва оёқларини босиб туради, Орифжон Облобердиев ҳамда Фирдавс Султонов эса олдиндан тайёрлаб қўйилган арқон сиртмоқни тадбиркорнинг бўйнига солиб, ярим соат бўғиб туришади. Оқибатда Адҳам Мирдадаев ҳодиса жойида вафот этади.

Сўнгра жиноятчилар марҳумнинг мурдасини у ўзини ўзи осиб вафот этгандек кўрсатиш учун ҳовлидаги омборхона тўсинига осиб қўйишади.  

Дабдабали ҳаётдан қамоққа

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади, деган гап рост. Саидахон Қаюмова ҳаммасини енг ичида қила олдим, дея нотўғри ўйлаганди. Ушбу жиноятдан қарийб 10 киши хабардор бўлган. Бунча одам билган сир эса бир куни ошкор бўлиши аниқ эди.

Жиноий гуруҳнинг қилмишлари орадан бир йил ўтиб фош этилади. 2024 йилнинг март-апрел ойларида гуруҳ аъзоларининг барчаси ушланиб, улар қамоққа олинади.

Эксперт-криминалистнинг хатоси

Судланувчилар орасида Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Наманган филиали эксперт-криминалисти лавозимида ишлаган шахс ҳам бор. У Мирдадаевнинг ўлими сабабларини аниқлашда хатоликка йўл қўйган. Унинг хатоси эса ҳаммани марҳум ўз жонига қасд қилганига ишонтиришга урингани жиноий гуруҳнинг фойдасига ишлаган.

Жумладан, эксперт-криминалист мурданинг бўйин соҳасини кесиб текширмаган бўлса-да, расмий ҳужжат ҳисобланган экспертиза хулосасига бу иш қилингани ҳақида сохта маълумот ва ёзувлар киритган. Шунингдек, Мирдадаев тириклик вақтида бўғиб ўлдирилиб, сўнг осиб қўйилган бўлса ҳам унинг бўйин соҳасидаги биринчи странгуляцион эгат сидирилиб асосий эгатга қўшилиб кетгани ҳолатини илмий асосланмаган ҳолатда нотўғри талқин қилган. Бу орқали у ўта оғир турдаги жиноят фош этилмай қолишига сабабчи бўлган.

Жазо

Жиноят иши доирасида жами 10 киши судланган.

Суд ҳукми билан Саидахон Қаюмова Жиноят кодексининг 97-моддаси (қотиллик) 2-қисмининг “в, и, п” бандларида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга 13 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шу модда билан Орифжон Облобердиев ва Фирдавс Султоновга 17 йил 3 ойдан, Акбаржон Нурматовга 17 йил (ўта хавфли рецидивист деб топилиб, жазони махсус тартибли колонияларда ўтиш белгиланган), Али Султоновга 17 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган.

Суд ҳукмига кўра яна 4 киши Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисмида (Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ва улар турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган.

Шунингдек, эксперт-криминалист Жиноят кодексининг 209-моддаси 1-қисми (Мансаб сохтакорлиги) ва 238-моддаси 1-қисмида (Ёлғон гувоҳлик бериш) назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбли деб топилган. Унга 1,5 йил суд-экспертиза соҳасида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 1,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.  

Руслан Сабуров,
Kun.uz
Суд материаллари асосида тайёрланди

Мавзуга оид