Ўзбекистон | 21:18 / 07.10.2024
4654
5 дақиқада ўқилади

7 октябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Сирдарёдаги коррупционер ҳокимлар, Самарқандда қурилаётган сифатсиз мактаб, Ислом Каримов ҳақида янги китоб, Венгриядан келтириладиган янгича банкоматлар ва Наманганда аварияга учраган ўқувчилар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Сирдарёнинг коррупционер ҳокимлари

Аксилкоррупция агентлиги Сирдарё вилоятида икки йилда 5 нафар ҳоким коррупциявий жиноят содир этганини хабар қилмоқда.

Вилоятда 2023 йилда 324 та, 2024 йилнинг 8 ойида эса 216 та коррупциявий жиноят содир этилган. Жиноятчилар орасида бир неча нафар ҳоким, ҳоким ўринбосари ва ҳокимлик ходимлари ҳам бор. 

Агентлик раҳбари Акмал Бурҳонов бошчилигида ўтган йиғилишда маълум қилинишича, вилоятда 2023 йилда 324 та, 2024 йилнинг 8 ойида эса 216 та коррупциявий жиноятлар содир этилган. 

Хусусан, 2023 йилда 3 нафар ҳоким, 1 нафар ҳоким ўринбосари ва 17 нафар ҳокимлик ходимлари, 2024 йилда 2 нафар ҳоким, 3 нафар ҳоким ўринбосари, 2 нафар ҳокимлик ходимлари, 3 нафар ободонлаштириш, 1 нафар ягона буюртмачи хизмати инженеринг компанияси масъул мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлар содир этган.

Самарқанддаги сафатсиз қурилаётган мактаб

Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида Meʼmor complex MЧЖ томонидан бунёд этилаётган янги, 1800 ўринли мактаб биноси сифатсиз қурилаётгани аниқланди

Қоидабузарликлар юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган, сифатсиз ишлар жойида демонтаж қилдирилган. 

Хусусан, объект бўйича қурилиш ишларини ташкил қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилмаган, ҳудудга олиб келинган қурилиш материаллари тартибсиз ҳолда сақланган. 

Объектда юритилиши керак бўлган ижро журналлари тегишли тартибда юритилмаган, фойдаланилаётган материалларнинг ишлаб чиқариш сертификатлари олинмаган ҳамда ёпма плиталар меъёрларга амал қилинмаган ҳолда ўрнатилган. 

Қоидабузарликларга йўл қўйилишининг асосий сабаби буюртмачининг техник, лойиҳачининг муаллифлик назорати ўз вақтида олиб борилмагани бўлган.

Каримов ҳақида янги китоб

Туркияда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳақида китоб нашр қилинди.

«Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов: Миллий ғоянинг шаклланиши» номли тадқиқот муаллифи доктор Исмоил Пўлат.

Муаллифга кўра, тадқиқот Ислом Каримовнинг давлат қурилиши жараёнида тутган ўрнини очиб беради ва миллий ўзликни «Тарихшунослик», «Тил», «Дин» ва «Рамзлар» каби давлат қуриш параметрлари орқали ўрганади. Ўзига хосликлар ўртасида қандай боғлиқлик мавжудлигини тушунтиради.

Жорий йилнинг августида «Остона» нашриёт уйида чоп этилган китоб 324 саҳифадан иборат, нархи 650 лира ёки 243 минг сўм.

Венгриядан янги банкоматлар келтирилади.

Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчиси Ойбек Шахавдинов Spectrum компанияси директори Жозеф Ковач билан учрашув ўтказди.

Жозеф Ковачнинг айтишича, ҳозирда ушбу компания Ўзбекистонга янги турдаги банкомат ускуналарини етказиб бериши бўйича лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. «Октябр ойида тақдимоти бўлиб ўтадиган НСР компаниясининг инновацион имкониятларини биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда татбиқ этиш режалаштирилган», деган Ковач.

Компания мутахассислари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Венгрия картошка навларини экиб, тадқиқот натижаларини кутмоқда. Балиқчилик соҳасида ҳам ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирди.

Томонлар жорий октябр ойида Қўқон шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган бизнес-форумга Будапешт Савдо-саноат палатаси билан биргаликда Венгриянинг етакчи тадбиркорларини жалб қилишга келишиб олишди.

Наманганда ўқувчилар “авария”га учради

Наманган шаҳрида ижарага олинган Gentra йўл-транспорт ҳодисасига дучор бўлди. Машинани бошқарган ўсмир вафот этган.

Воқеа 2 октябр куни эрталаб, шаҳарнинг Марғилон кўчасида содир бўлган.

Ўсмир бошқарувидаги катта тезликда бораётган автомобил бошқарувни йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган ва “Зил” юк машинасига урилган. Gentra салонида 5 нафар ўқувчи бўлган.

Авария оқибатида машинани бошқарган 17 ёшли ўсмир вафот этган. Шунингдек, 17 ёшли уч нафар ҳамда 15 ёшли бир нафар ўсмир оғир тан жароҳати олиб, шошилинч тез ёрдам илмий маркази Наманган вилояти филиали жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Марказ шифокорининг билдиришича, уларнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Улардан бирида клиник ўлим ҳолати кузатилган ва кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли ҳаёти сақлаб қолинган. Ҳозирда уларнинг барчаси кома ҳолатида ва сунъий нафас олиш аппаратига уланган.

Шавкат Мирзиёев Москвага учиб кетди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 7–8 октябр кунлари амалий ташриф билан Москва шаҳрида бўлади.

Давлат раҳбари МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасидаги тадбирларда иштирок этади.

Жорий йилда МДҲга Россия раислик қилмоқда. Саммитда раислик Тожикистонга ўтади.

7 октябр, шунингдек, Россия президенти Владимир Путиннинг таваллуд куни ҳам ҳисобланади. У 72 ёшни қаршилайди.

Мавзуга оид