Ўзбекистон | 20:24 / 08.10.2024
6974
5 дақиқада ўқилади

8 октябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

200 киловатт-соатлик ҳақида вазирнинг фикри, “Афросиёб” поездлари қатновида ўзгариш, Қаршидаги газ қуйиш шохобчасида портлаш — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

200 киловаттлик норма оширилмайди

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов электр энергияси истеъмол учун киритилган 200 киловаттлик ижтимоий меъёр оширилиши кутилмаётганини айтди. 

«Биринчидан, 200 киловаттлик норма эртага ошириш учун эмас, таҳлил қилиб, меъёрлардан ва истеъмолдан келиб чиқиб, барчасини ўрганиб чиққандан сўнг киритилган. Ўшанда таҳлил қилинганда истеъмолчиларнинг 60 фоиздан ортиғи 200 киловаттдан кам ишлатгани маълум бўлганди. Ундан ортиғини ишлатса ишлатсин, фақат табақалаштирилган тарифда», — деди у.

Вазирнинг айтишича, мамлакатда электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми пасайиб кетган ва бунга истеъмол камлиги сабаб бўлган. Абонентлар сони ошганига қарамай 2023 йилнинг мос даври билан солиштирганда 2024 йил июнидан сентябригача ойлик истеъмол ҳажми камайган.

Яъни истеъмолчилар ижтимоий норма ва табақалаштирилган тарифлар киритилганидан сўнг электр энергиясини тежай бошлаган.

«Афросиёб» поездлари қатновида ўзгариш

8 октябрдан бошлаб тезюрар «Афросиёб» поездлари қатнови вақти олдинга сурилди.

«Ўзбекистон темирйўллари» АЖ тезюрар поездларнинг эрталабки қатнов вақтини ўзгартиришни режалаштираётгани, бу хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳларнинг тарихий шаҳарларда узоқроқ бўлишини таъминлаш мақсадида амалга оширилиши ҳақида хабар берилган эди.

Олтин-валюта захиралари 41 млрд доллардан ошди

Ўзбекистоннинг расмий захира активлари сентябр ойида 1,98 миллиард долларга ошиб, 41,139 миллиард долларга етди. Бу ҳақдаги маълумот Марказий банк томонидан эълон қилинган.

Марказий банк захиралари кетма-кет уч ойдан бери ўсмоқда — июлда 1,06 миллиард долларга, августда 1,75 миллиард долларга. Сентябрда эса ўсиш 1,98 миллиард долларни ташкил этган.

Бу 2013 йилдан бери юритиладиган статистик маълумотларнинг бутун даври учун навбатдаги рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

Ўзбекистонликлар қаерга саёҳатга бормоқда?

2024 йилда хорижга саёҳатга борган ўзбекистонликлар сони маълум қилинди. Жорий йилнинг дастлабки саккиз ойида уларнинг сони 4 миллиондан ошгани айтилмоқда.

Статистика агентлигига кўра, бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 1,1 млн нафарга ёки 37,2 фоизга ошган.

Ўзбекистонликлар туристик мақсадда энг кўп борган давлатлар еттилиги қуйидагилар:

  • Қирғизистон – 1 млн 913,6 минг нафар;
  • Тожикистон – 797,6 минг нафар;
  • Қозоғистон – 640,2 минг нафар;
  • Россия – 194,7 минг нафар;
  • Туркия – 157,7 минг нафар;
  • Саудия Арабистони – 111,9 минг нафар;
  • БАА – 81,4 минг нафар;

Газ қуйиш шохобчасидаги портлаш

Қарши туманидаги автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлди.

Ҳолат 7 октябр куни соат 15:45 да Қарши тумани Дашт маҳалласи ҳудудидаги автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида кузатилган. «Камаз-512» автомобилдан газ сақлаш сиғимига газ қуйиш вақтида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Чақнаш оқибатида ёнғин юзага келган.

4 та ёнғин-қутқарув экипажи 10 дақиқада етиб келиб, 45 дақиқада оловни ўчиргани маълум қилинмоқда.

Ёнғин оқибатида шохобча биносининг 22 метр квадрат майдонда том қисми ёниб зарарланган. Тан жароҳати олган ва вафот этганлар йўқ.

Ҳозир ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Ишчилар ток уриши оқибатида ҳалок бўлди

Бухоро вилоятида жойлашган нимстанцияда икки мутахассис ҳалок бўлди.«Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» АЖнинг хабар беришича, ҳодиса 2024 йил 2 октябр куни юз берган.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг «Бухоро магистрал электр тармоқлари» филиалига қарашли 500 киловолт кучланишли «Қоракўл» подстанциясида 2 нафар мутахассис бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлган.

Қайд этилишича, бахтсиз ҳодиса тўғрисида шу куннинг ўзида тегишли органларга хабар берилган. Айни пайтда ҳодиса сабаблари тегишли органлар томонидан ўрганилмоқда.

Хабарда бахтсиз ҳодиса қай тарзда рўй бергани ҳақида маълумот берилмаган.

Мавзуга оид