Ўзбекистон | 21:20 / 09.10.2024
3489
5 дақиқада ўқилади

9 октябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Тошкент туманида котлован қулатган уй, олийгоҳларнинг бўш ерларига қуриладиган боғчалар, одамларга ўзи учун кредит олишни тақиқлаш имконияти — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Тошкентда котлован қўшни уйни қулатди

Тошкент туманида «дом» қуриш мақсадида қазилаётган котлован сабаб қўшни ҳовлининг бир қисми қулаб тушди. Бундан уй ичида бўлган эгаларининг соғлиги ёмонлашиб қолган, қутқарувчилар қўшни ҳовли орқали кириб, уларни олиб чиққан.

Ҳудудда «Toshkent mega stroy» МЧЖ томонидан кўп қаватли уй қурилаётган бўлган. Воқеа 8 октябр куни Тошкент туманининг Баҳор маҳалласида содир бўлган.

«Қутқарувчилар қўшнимизнинг деворини бузиб, уйдан онам ва отамни олиб чиқишди. Онамнинг соғлиги ёмонлашиб қолган экан, шифохонага олиб кетишди. Тиббий ёрдам кўрсатилиб, ҳолатлари яхшилангач, қайтариб олиб келдик», деган жабрланувчининг ўғли.

Унинг маълум қилишича, қўшни уй эгаси бунгача бир неча бор қурувчиларни котлованни уйга яқин қазмаслик бўйича огоҳлантирган. Аммо қурувчилар «ҳеч нарса бўлмайди», дея билганини қилишган.

Энергетика вазирлигидан мурожаатлар учун яна бир телефон рақами

Энергетика вазирлиги қуёш панеллари бўйича мурожаатларни қабул қиладиган яна бир телефон рақами қўшди.

Ижтимоий тармоқларда энергетика вазири қабулхонасидаги 71 231-14-41 рақамига қўнғироқ қилиб боғлана олмаган фуқароларнинг эътирози тарқалди. 7-8 октябр кунлари вазирлик қабулхонасига жами 1232 та қўнғироқ бўлган.

Уларнинг 131 тасига қабулхона ходимлари томонидан жавоб берилган. Хусусан, 31 та қўнғироқ қуёш панели ўрнатишга мажбурланаётганини айтган фуқаролардан келиб тушган.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, 9 октябрдан бошлаб мурожаатлар учун 71 231-16-61 рақами ҳам ёқилгани эълон қилинди.

Олийгоҳлардаги бўш ерларда боғчалар қурилади

Давлатга қарашли институт ва университетларга ўзларига тегишли бўлган бўш ер участкаларида давлат боғчалари қуришга рухсат берилди.

Бу президентнинг «Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланди.

Фармонда мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган хусусий сектор вакилларини қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича чоралар белгиланган.

Фармон билан 2024-2025 йилларда мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида янги электр тармоғи

22 километр узунликдаги 500 киловолтлик янги электр узатиш линияси Тожикистоннинг «Сўғд» нимстанцияси ва Ўзбекистоннинг «Янги Сирдарё» нимстанциясини боғлайди.

Осиё тараққиёт банки Тожикистон электр тармоқларини қўшни Ўзбекистон билан ўзаро боғланиш орқали Марказий Осиёнинг ягона энергия тизимига қайта улаш лойиҳаси учун 15 миллион доллар миқдорида қўшимча грант маблағлари ажратилишини маъқуллади.

Бунда Марказий Осиё энергетика тизими мамлакатлари, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида электр энергияси экспорти ва импорти бўйича қувватларни ошириш, шунингдек, тармоқ носозликларининг олдини олиш учун инфратузилмани мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Узоқ муддатда у Тожикистондаги Роғун гидроэлектр станцияси электр энергиясини узатиш схемасининг асосий таркибий қисмига айланади.

Кредит олишни ўз-ўзига тақиқлаш имкони

Энди одам ўзига кредит ажратилишига ўзи тақиқ қўя олиши мумкин. Кредит-ахборот таҳлилий марказининг ана шундай тақиқни қўйиш имконини яртувчи Freeze хизмати фуқароларни кибержиноятчилардан ҳимоя қилиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Сўнгги пайтларлар ўзгаларнинг банк ва шахсий маълумотларидан фойдаланиб, уларнинг номига онлайн кредит расмийлаштирувчи фирибгарлик ҳаракатлари кўпайган ва бундай айрим фуқаролар «куйиб» қолаётган эди.

Хизматдан фойдаланиш учун Кредит-ахборот таҳлилий маркази порталига кириш ва авторизациядан ўтиш лозим. Сўнгра SMS-ахборот функциясини ёқиш талаб этилади. Шундан сўнг, Freeze хизматини ишга тушириш керак бўлади. Функциядан қандай фойдаланиш ҳақида видеоқўлланма ҳам яратилган.

Қайд қилинишича, хизмат 2025 йил 1 январига қадар бепул кўрсатилади. Хизматдан фойдаланишни фуқаро ўзи истаган вақтда бас қилиши мумкин, бунда онлайн кредит олиш имконияти тикланади.

Мазкур хизмат ёқиб қўйилса, ҳеч ким (ҳаттоки банклар ҳам) фуқаронинг кредит тарихи билан боғлиқ маълумотларини ололмайди. Натижада, банклар фуқаронинг кредит тарихини онлайн ўргана олмайди ва кредит ажратиш имконсиз бўлиб қолади.

Мавзуга оид