Жаҳон | 15:06 / 09.10.2024
7412
5 дақиқада ўқилади

Байден Германияга ташрифини қолдирди: Флорида 100 йилликдаги энг кучли тўфонга тайёрланмоқда

Американинг Флорида штати соҳилларига яқинлашиб келаётган «Милтон» тўфони минтақада сўнгги юз йилликдаги энг вайронкор табиий офатлардан бири бўлиши мумкин, деди АҚШ президенти Жо Байден.

Фото: Getty Images

«Бундай бўлишидан худо асрасин, аммо ҳозирда барчаси айнан шундай бўлиб кўринмоқда, — деган у маҳаллий аҳолини эвакуацияга чақирган ҳолда. — Бу ҳаёт-мамот масаласи».

Шунингдек, президент минтақадаги барча сиёсий кучлар вакиллари билан музокаралар ўтказиб, уларга «талаб қилиниши мумкин бўлган ҳар қандай ёрдам»ни ваъда қилганини айтган.

Аввалроқ Оқ уй матбуот хизмати тўфон туфайли президент тақвимида шу кунларга режалаштирилган Германия ва Ангола сафарларини қолдиришга қарор қилингани ҳақида хабар берганди.

«„Милтон“ тўфонининг прогноз қилинаётган траекторияси ва кучини инобатга олиб, президент Байден „Милтон“ тўфонига тайёргарлик ва реакция кўрсатиш чораларини назорат иқлиш учун Германия ва Анголага бўлажак сафарларини қолдирмоқда», — деган Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пиер.

Америка етакчиси Германияга ташрифи чоғида ГФР канцлери Олаф Шолц, Франция президенти Эммануэл Макрон, Британия бош вазири Кир Стармер ҳамда Украина президенти Володимир Зеленский билан биргаликда Украинани қўллаб-қувватлаш масаласига бағишланган учрашувда иштирок этишни режалаштирганди.

Бундан ташқари, Байден Киев иттифоқчиларидан иборат коалициянинг кенгайтирилган йиғилиши ўтказиладиган Рамштайн авиабазасига бориши кўзда тутилганди. Байден Германиядан Анголага йўл олиши керак эди.

ГФР ҳукумати матбуот котиби Штеффен Ҳебештрайт Берлиндагилар Байденнинг қароридан афсусдалиги, аммо буни тўғри қабул қилишларини билдирган.

Бир кун олдин «Милтон» тўфони максимал даражада кучайиб — бешинчи тоифага етганди. Мутахассислар Флорида соҳилларида ҳалокатли оқибатлар рўй бериши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Сешанба кунининг иккинчи ярмида тўфон бироз кучсизланди ва тўртинчи тоифага тушди, шамол тезлиги соатига 250 километрдан ошмади, аммо кейин яна бешинчи тоифагача кучайди.

Тўфон марказида шамол тезлиги соатига 270 километр атрофида бўлмоқда, унинг тезлиги янада ошиши мумкин.

Европа ва дунёнинг кўплаб мамлакатларида қабул қилинган Бофорт шкаласига кўра, шамол тезлиги соатига 117 километрдан ошганида тўфон ҳисобланади ва тахминан шу даражадан унинг даражаси Американинг Саффир-Симпсон шкаласи бўйича ҳисоблана бошланади.

Сешанба куни кечқурунги ҳолатга кўра, синоптиклар «Милтон» Флорида соҳилларига етиб келганида учинчи тоифага (178-208 км/соат) тушиши прогноз қилишган, аммо бундай шамол, цунамидаги каби кучли тўлқин ва кучли ёмғирлар комбинацияси ҳам барибир ҳалокатли бўлади.

«Милтон» соҳилга, катта эҳтимол билан, чоршанба куни кечқурун (Ўзбекистонда пайшанба тонги) ёки бироз кейинроқ етиб келиши кутилмоқда.

АҚШ Довулларни кузатиш миллий маркази (NHC) яқин соатлар ичида Флоридада тропик ёмғирлар ва сув тошқинлари рўй бериши хавфидан огоҳлантирган.

АҚШ тарихидаги энг вайронкор тўфонлар

Фото: Getty Images

АҚШ Миллий океан ва атмосфера тадқиқотлари агентлиги (NOAA) довуллар маълумотлари базасига кўра, 1924 йилдан кейинги даврда Атлантика океанида камида 40 та довул бешинчи тоифага чиққан.

Қуйида соҳил аҳолиси учун энг ҳалокатли оқибатларга олиб келган довуллар келтирилган:

  • 1969 йилда Миссисипига ёпирилган «Камилла» довули ўзи билан 7,5 метр баландликдаги тўлқин олиб келади (олимлар буни «пикдаги тўлқин» деб аташади) ва соҳилдаги деярли барча қурилмаларни ювиб кетади. Довул қурбонлари сони 259 киши бўлган, шунинг аксари Виржиния штатида яшовчилар эди, етказилган моддий зарар миқдори 1,4 млрд доллар атрофида бўлган.
  • 1992 йилда Флорида жанубига «Эндрю» тўфони ёпирилади ва унинг марказида шамол тезлиги сониясига 70 метрдан ошади. Бу табиий офат оқибатида 26 киши ҳалок бўлган, аммо яна ўнлаб ўлимлар билвосита тўфон билан боғлиқ эди. Табиий офат етказган зарар миқдори 30 млрд долларни ташкил этади, бу ўша вақтда «Эндрю»ни АҚШ тарихидаги энг қимматга тушган табиий офатга айлантирган.
  • 2018 йилда Флоридага «Майкл» тўфони кириб келган, бу ўшанда штат тарихидаги энг кучли тўфон деб аталганди. Табиий офат қурбонлари камида 74 киши бўлган (шунан 59 нафари АҚШ ва яна 15 нафари — Марказий Америкада), етказилган моддий зарар миқдори 25 млрд доллардан ошган.
  • Яқинлашиб келаётган «Милтон»дан икки ҳафтача олдин АҚШ соҳилларига ўлимвор «Ҳелен» тўфони ҳам ёпирилганди. Унинг оқибатида ҳалок бўлганлар сони 200 кишини ташкил этди, қурбонлар сони бўйича у фақат 2005 йилда Луизианада қарийб 2 минг кишини ҳаётдан олиб кетган «Катрина»дан ортда қолади.

Мавзуга оид