Ўзбекистон | 10:01 / 13.10.2024
5694
6 дақиқада ўқилади

“Бир кунда 1000 тупга яқин дарахтни суғораман” – экофаол Нигора Носирова

Асл касби ҳуқуқшунос бўлган Нигора опа Тошкент шаҳрида экология ва табиатни асрашга масъулларнинг ўз вазифасини рисоладагидек бажармаётганидан норози. “Масъулларга арча ва ниҳоллар қуриб қолаётгани бўйича мурожаат қилсам, бундай вазиятда ўша ҳудуддаги ободонлаштириш идораси вакилларига жарима солинишини айтишди. Жарима солинар экан деб дарахтлар қовжирашига бемалол қараб туриш керак эмас-ку!” – дейди у. Kun.uz мухбири билан суҳбатда у сувни тежаш, дарахтлар қуриб қолишининг олдини олиш борасида қилаётган ишлари ҳақида сўзлаб берди.

Яхшидан боғ қолар...

Нафақада бўлишимга қарамасдан тадбиркорлик фаолияти билан ҳам шуғулланаман. Иккита меҳмонхонам бор, шу ердаги бошқарувчилик ишларимдан ортган вақтда шаҳарни яшиллаштириш ишларига ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан. Яшаш жойимизга яқин ҳудудлар, яъни Ўрикзор ва Алгоритм маҳаллаларига экилган, қаровсиз ҳолда қолган кўчатлар, дарахтларни кун ора ишчиларим билан суғориб чиқамиз.

Ҳовлимизнинг орқасидан канал оқиб ўтган. Шу ердан икки тонналик идишга сув тўлдириб, дарахтларга олиб бориб қуямиз. Бунинг учун иккита “Лабо” машинаси сотиб олганман, уч нафар ишчи ёллаганман. Ишчилар навбат алмашиб, дарахтларни 24 соат давомида суғориш билан шуғулланишади. Кунига 15 та рейс амалга оширилади. Шу орқали суткасига 30 тонна ичимлик сувини тежаб, ўртача 800-1000 туп дарахтни ариқ суви билан суғорамиз.

Қор асфалтга эмас, тупроққа керак

Суғориш ишларини май ойидан бошлаб, ёмғир мавсуми октябр ойига қадар давом эттирамиз. Бу ишни 2021 йилдан бери қилиб келамиз. Қишда ходимларим билан биргаликда кўчалардаги қорларни асфалтли ерлардан тупроқли ҳудудларга кураб чиқамиз. Эътибор берган бўлсангиз, ободонлаштириш хизмати вакиллари қорни йўлларнинг бир чеккасига тўплаб, уюб қўйишади. Ўша уюмлар асфалт устига эмас, дарахтлар экилган тупроқли ҳудудларга ташланса, ер келаси йил учун янада унумдор бўлади.

Бу ташаббусни кенгроқ йўлга қўйиш учун тегишли ташкилот вакилларига мурожаат қилдим. Улар қорга туз сепилгани учун уларни тупроқли жойга кураб бўлмайди, дея жавоб қайтаришди. Шундан сўнг яшаш ҳудудимдаги қор уюмларида туз бор-йўқлигини текшириб кўрдим ва таркибида туз мавжуд эмаслиги аниқланди. Тўғри, магистраллардаги қорни эритиш учун туз сепилиши мумкин, аммо ҳамма кўчалар, маҳалларда бундай қилинмайди. Масъул идоралардан жавоб бўлмагач, бу ишни ходимларим билан амалга оширадиган бўлдим.

Тоза сувга машина ювилмайди

Ўтган йили 26 кун давомида Швейцарияда яшадим. У ерда ичимлик суви, дарё сувлари сероб. Ёмғир кўп ёғади, аммо машина ювишга ичимлик суви сарфланмайди. Ёмғир, қор сувлари тўпланиб, қайта ишланади ва маиший эҳтиёжлар учун йўналтирилади. Туркияга борганимда кўрдимки, манзарали жойлардаги ўсимлик ва кўчатлар махсус сув пуркагичлар орқали белгиланган муддат давомидагина суғорилади. Сув пуркагичларга вақтни ва сув сарфини ўлчайдиган датчиклар ўрнатилган, суғориш учун белгиланган меъёрдан ошганда сув автоматик равишда ўчирилади. Бизда эса газонларни сув босиб, қанчаси исроф бўлади.

Суратлардан кўришингиз мумкинки, суғорилаётган ерларнинг бир тарафида сув тошиб, бир тарафига эса сув етмай қақшаб ётибди. Шаҳарларимизда бунақа ҳолатларни кўп учратиш мумкин. Айни шундай вазиятларнинг олдини олиш учун масъулларга мурожаат қилсам, баъзи бир “фонтанчик”ларнинг бузилиб қолганини важ қилишди. Ишдан чиққан бўлса, эскисини янгисига алмаштириб қўйиш қийин иш эмас-ку!

Дарахтнинг қуришини пойлаб туришади

Кўчалардаги ҳолатларни кўп кузатаман. Қимматбаҳо дарахтлар экилганига кўп бўлмасдан қуриб қолади. Бир сафар шу вазият юзасидан Экология вазирлигига бордим. Улар эса кўчатларнинг маҳаллий иқлимга мос келмагани сабаб қуриб қолганини айтишди. Бир нарсага тушунмайман, мамлакатимизда илм соҳасига қанча эътибор қаратиляпти, қишлоқ хўжалигида қанчадан қанча мутахассислар, олимлар бор? Нега алламбало пулга чет элдан ноёб дарахтларни сотиб олиб келишдан аввал уларнинг Ўзбекистон иқлимига мос келиш-келмаслигини текшириб, тажриба қилиб кўришмайди?

Дарахтларни экиб кетиб, қаровсиз қолдиришади. Бир сафар қуриб қолган ниҳолларни расмга олиб, масъулларга кўрсатдим ва ободонлаштириш хизмати фаолиятини жиддийроқ назорат қилишларини сўрадим. Масъуллар бу борада кўнглим тўқ бўлишини, дарахтлар қуриб қолса, ўша ҳудуддаги ободонлаштириш идораси вакилларига жарима солинишини айтишди. Жарима солинар экан деб, дарахтлар қуришини бемалол пойлаб туриш керак эмас-ку!

Кир машина сувини санузелга ишлатамиз

Фарзандларим ва набираларимга ўрнак бўлиши учун хонадонимизда сув тежамкорлиги бўйича бир қанча усулларни қўллаймиз. Масалан, кир машинадан чиқаётган сувни канализацияга оқизиб юбормасдан тоғорага бўшатиб, ундан санузелни тозалаш учун кун давомида фойдаланамиз. Бу орқали кунига тахминан 600 литр ичимлик сувини тежаймиз. Шунингдек, ошхонада идишларни товоқчага сув солиб ювиб-чаямиз, жараёнда 1-1,5 литр сув ишлатилади. Раковинада сувни тўлдириб ёки жўмракни очиб қўйиб, идишларни ювганда тахминан 7-9 литр сув исроф бўлади.

Фикримча, ҳар бир оилада шу каби сув тежаш усулларини қўллаш йўлга қўйилиши керак, тарбия оиладан бошланади дейилганидек, фарзандларимизга ўзимиз намуна бўлсак, тежамкорлик уларга онгли равишда сингиб боради.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Оператор: Зияддин Маматжонов
Монтаж устаси: Низомжон Тошпўлатов. 

Мавзуга оид