Жаҳон | 08:40 / 16.10.2024
6213
2 дақиқада ўқилади

Lufthansa АҚШда яҳудийлар дискриминацияси учун жаримага тортилди

АҚШ Транспорт вазирлиги Германиянинг Lufthansa авиакомпаниясини яҳудий йўловчиларни камситгани учун 4 миллион доллар жаримага тортди.

Фото: AP / Michael Probst

АҚШ Транспорт вазирлиги Германиянинг Lufthansa авиакомпаниясини яҳудий йўловчиларни камситгани учун рекорд даражадаги 4 миллион доллар жаримага тортди. Бу ҳақда вазирликнинг 15 октябр, сешанба куни ўз сайтида эълон қилинган пресс-релизида айтилади. Германия авиаташувчиси учун жазо АҚШ Транспорт вазирлиги томонидан жорий этилган энг катта жазо бўлди.

Нашр қилинган ҳисоботга кўра, Lufthansa Ню-Йорк-Франкфурт-Будапешт йўналиши бўйича «асосан ортодоксал яҳудийлар киядиган ўзига хос либосда бўлган» 128 йўловчига Германиядаги боғловчи рейсга чиқишга рухсат бермаган. Бунга Ню-Йорк-Франкфурт рейсидаги ортодоксал яҳудийларга ўхшаган бир неча йўловчининг экипаж аъзоларининг кўрсатмаларига амал қилишдан бош тортгани сабаб бўлган.

Натижада, авиакомпания ходимлари яҳудий деб ҳисоблаган рейсдаги барча йўловчиларга Будапештга самолётга чиқиш тақиқланган. АҚШ транспорт идораси ўз баёнотида уларнинг кўпчилиги бир-бирини танимаслиги ва бирга саёҳат қилмагани, Lufthansa эса экипаж аъзоларининг кўрсатмаларига амал қилмаган йўловчиларни аниқлай олмаганини таъкидлади.

«Саёҳат пайтида ҳеч ким камситишларга дуч келмаслиги керак ва бугунги хатти-ҳаракатлар авиакомпанияларга йўловчиларнинг фуқаролик ҳуқуқлари бузилган тақдирда текшириш ва чоралар кўришга тайёр эканлигимиз ҳақида аниқ сигнал беради», деди АҚШ транспорт вазири Пит Буттижич баёнотида.

Lufthansa раҳбари: ГФРга парвозлар сони қисқаришда давом этади

Lufthansa раҳбари Карстен Шпор авиакомпаниялар Германия орқали парвозлар сонини қисқартиришда давом этишидан хавотирда. Сабаби, Германияда авиакомпаниялар учун солиқ ва тўловлар жуда юқори, деди Шпор 12 октябр куни чоп этилган Bild нашрига берган интервюсида.

«Давлат тўловларининг ҳаддан ташқари ўсиши таъминотнинг (ҳаво парвозлари бозорида) пасайишда давом этишига олиб келади, тобора кўпроқ авиакомпаниялар Германия аэропортларидан парвоз қилишдан қочмоқда ёки улар орқали муҳим туташишларни бекор қилмоқда», — деди Lufthansa раҳбари. У ҳозирги вазиятдан жуда хавотирда эканлигини таъкидлади.

Мавзуга оид