Спорт | 14:26 / 17.10.2024
14717
7 дақиқада ўқилади

Мбаппе жинсий зўравонликда гумонланмоқда

Футболчининг ўзи бу иш ортида ўзи билан судлашаётган собиқ клуби турганини айтмоқда. Журналистлардан бири унда алкогол билан боғлиқ муаммо ҳам борлигини айтган. Бу ҳақда ҳозиргача нималар маълум?

Lars Höglund / TT / Scanpix / LETA

Швеция полицияси Стокҳолм марказидаги меҳмонхонада зўравонлик рўй бергани ҳақидаги шикоятни текширмоқда. Маҳаллий медиага кўра, гумонланувчи — «Реал»нинг франциялик ҳужумчиси Килиан Мбаппедир.

Қуйида ушбу ҳодиса ҳақида ҳозиргача маълум бўлган маълумотлар келтирилади.

У бу жойга қандай қилиб бориб қолганди?

Ҳужумчи сентябр ойида сон соҳасидаги мушакларини жароҳатлаб олганди. 5 октябр куни Килиан «Вилярреал»га қарши ўйиннинг бошланғич таркибида майдонга тушди, аммо Франция миллий жамоаси бош мураббийи Диде Дешам уни ФИФА кунларидаги танаффус вақтида жамоага чақирмади — «Реал» жароҳатидан тўлиқ тузалиши учун Мбаппега дам беришни сўраган. Бундан ташқари, Килианнинг ўзи жамоа усиз ҳам уддалайдиган ўйинларда куч йўқотмасликни истаётгани ҳақида миш-мишлар чиққан.

11 октябр куни Sportbladet нашри Франция миллий жамоаси ўйини вақтида футболчини Стокҳолмдаги тунги клублардан бирида кўришгани ҳақида ёзди. У бу ерга шериклари билан таксида келган, ВИП-кириш орқали юрган ва ўзини сездирмасликка (шапка, ниқоб) ҳаракат қилган.

Кейин RMC Sport айрим тафсилотларни очиқлади: Мбаппе тунги клубга боришдан олдин маҳаллий ресторанлардан бирида бўлган. Хабар қилишларича, машғулотлар қайта бошланишидан олдин бир неча кунлик таътил олгани туфайли «Реал» унга Швецияга боришга рухсат берган. Килианга бўлажак ўйинларга яхшироқ тайёргарлик кўриши учун индивидуал дастур ҳам юборишган.

Француз футболчиси дарҳол қариндошлари ва «ПСЖ»даги жамоадоши, ҳозирда ижара асосида «Байер»да тўс сураётган Норди Мукиеле билан биргаликда Стокҳолмга учади. Expressen газетаси ёзишича, Мбаппе Швеция пойтахтига хусусий самолётда 9 октябр куни борган ва тунги клубга кирган. Кейинги куни у яна ўша ерда бўлади ва 11 октябр куни Корсикага қайтади.

«Асосли гумонланувчи»

Эҳтимолий жиноят 10 октябр куни — Франциянинг Миллатлар лигаси доирасида Исроилга қарши ўйини кунида содир этилган. Полицияга икки кун ўтиб мурожаат қилган ва Мбаппе терговга тортилган. Aftonbladet нашрига кўра, терговчилар Стокҳолмда футболчи дўстлари билан тунаган меҳмонхонага боришган — жинсий зўрлаш айнан шу ерда содир этилган.

Швеция прокуратураси юлдузли футболчининг номини тилга олмаган, аммо маҳаллий TV4 телеканали хабар беришича, тергов ҳаракатлари айнан унга нисбатан олиб борилмоқда: жабрланувчи Килиан томонидан жинсий зўравонликка учраганини айтган. У шифохонанинг махсус бўлимига ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Ҳозирда футболчи «асосли гумонланувчи» сифатида белгиланган. Бу маҳаллий полицияда гумонланувчиларнинг энг паст даражаси. Аммо исталган паллада бу ёмон томонга ўзгариши мумкин.

Килиан бу хабарларни фейк деб атади ва «ПСЖ» найрангига ишора қилди

Мбаппенинг ўзи зўрлашда гумонланаётгани тўғрисидаги хабарларга дарҳол реакция қилди ва бу хабарлар собиқ клуби томонидан тарқатилаётганига ишора қилди.

«Фейк янгиликлар. Буни олдиндан айтиш мумкин эди. [Бу ҳақда клуб билан шартнома бўйича] суд мажлисидан бир кун олдин ёза бошлашди — худди тасодифдек, шундай эмасми?» — дея ёзган у ижтимоий тармоқда.

Футболчи бу билан ўзи ва «ПСЖ» ўртасида 55 миллион евро миқдоридаги қарздорлик (бонуслар ва тўланмаган маош) бўйича суд ишини назарда тутган, ҳужумчи собиқ клуби уч ойлик маошини бермаганини айтган; сентябрда Франция лигаси клубга қарзни тўлаш мажбуриятини юклаганди, шундан кейин «ПСЖ» апелляция берганди. Бу бўйича навбатдаги эшитув 15 октябрга белгиланганди.

Футболчининг адвокати Мари Алис Каню-Бернар AFP билан суҳбатда Мбаппе туҳмат юзасидан шикоят қилишини айтган.

Маҳаллий нашрлар Мбаппенинг сўзларини киноя билан кутиб олган. Париждаги L'Équipe газетаси ўз материалларидан бирида «ПСЖ»нинг собиқ футболчисига шундай масхара қилган: «Мбаппе учун барчасига «ПСЖ» айбдор. «Реал» сафида фақат пеналтидан гол уряптими? Айбдор «ПСЖ». Франция миллий жамоасига чақирилмадими? Айбдор «ПСЖ». Швецияда қўлга тушдими? Айбдор «ПСЖ».

Нашрнинг клубдаги манбаси «ПСЖ» раҳбарияти бундан қаттиқ ажабланганини билдирган: «Тўғриси, бу шармандалик. Биз Килиан сўзларини эътиборсиз қолдирамиз ва юзимизни сақлаб қоламиз».

Манбанинг айтишича, клубдагилар Килиан реакциясидан ҳайратда қолишган. Ва у нега зўравонлик бўйича ёлғон айблов ортида «ПСЖ» турганига бунчалик ишончи комил эканини тушунишмаяпти. Клубдагилар суд шусиз ҳам улар томонида эканига амин.

«Реал»дагилар қандай реакция қилишди?

15 октябр куни RMС Sport испан клубидагилар ҳодисадан ташвишда эмаслиги ва маълумотни ёлғон деб ҳисоблаётганини хабар қилди. «Реал» вакиллари фикрича, бу миш-мишлар 25 ёшли французнинг обрўсига зарар етказиш учун тарқатилмоқда.

Аммо шундан кейин ғалати ҳолат кузатилди: қаймоқранглилар клуби ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Artist Pack коллекциялари рекламаси акс этган фотосуратни жойлаштирди. Унда эса Килиан тушириб қолдирилган. Шу билан бирга, Жуд Беллингҳем ўз аккаунтида жойлаштирган худди шу суратда Мбаппе борлигини кўриш мумкин.

Шу билан бирга, бу Килиан Nike билан шартнома тузганига боғлиқ бўлиши ҳам мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Кейинроқ клуб бу можаро юзасидан шошилинч йиғилиш ўтказгани хабар қилинди. Ҳозирча футболчи жамоанинг яқин вақтлар ичидаги ўйинларида қатнашиши номаълум. «Реал» ҳозирга қадар бу масала юзасидан расмий баёнот бергани йўқ.

Алкогол билан ҳам муаммо борми?

Шу кунларда журналист Ромен Молина оловга мой сепди. У шов-шувли инсайд билан чиқиш қилди — унинг айтишича, Мбаппе клублар ва бошқа кўнгилочар масканларга тез-тез ташриф буюради, натижада унда руҳият ва алкогол билан боғлиқ муаммолар юзага келган.

Килианнинг ўзи ҳозирча бу маълумотга ҳеч қандай муносабат билдирмади.

Мавзуга оид