Ўзбекистон | 08:00 / 18.10.2024
3174
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Озарбойжон Ташқи разведка хизмати раҳбари билан учрашди

Учрашувда терроризм, экстремизм ва радикализм, кибержиноятчилик ва бошқа хавфларга қарши курашиш бўйича махсус хизматларнинг яқин идоралараро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 октябр куни мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Озарбойжон Ташқи разведка хизмати раҳбари Орхон Султоновни қабул қилди.

Учрашув аввалида Озарбойжон идораси бошлиғи давлат раҳбарига Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон-Озарбойжон иттифоқчилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида янада чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Турли даражаларда фаол мулоқотлар ва самарали алмашинувлар давом этаётгани, ўзаро савдо ва инвестициялар кўрсаткичлари барқарор ўсаётгани, томонлар кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва жадаллаштириш, маданий-гуманитар тадбирларни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар кўраётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Терроризм, экстремизм ва радикализм, кибержиноятчилик ҳамда хавфсизликка таҳдид солаётган бошқа замонавий хавфларга қарши курашиш бўйича махсус хизматларнинг яқин идоралараро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва самарали мувофиқлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашишга қаратилган амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Мавзуга оид