Иқтисодиёт | 11:52 / 21.10.2024
5549
2 дақиқада ўқилади

1 грамм олтин нархи 90 долларга етди

21 октябр кунги котировкаларда 5 граммлик қуйма олтин нархи 5 млн 750 минг сўмни ташкил қилди. 15 граммлик эсдалик тилла тангалар эса 17 млн 418 минг сўмдан сотиляпти. Қимматбаҳо металл нархи йил бошидан бери 35,5 фоиздан кўпроққа ошди.

Фото: Марказий банк

Марказий банк 21 октябр куни олтин қуймалар ва эсдалик олтин тангалар нархларини янгилади. Қимматбаҳо металлнинг 1 грамми нархи 1 млн 150 минг сўм ёки 89,7 долларга етди.

Айни пайтда 5 граммли олтин қуймалар нархлари 5 млн 750 минг сўмни, 15 граммли эсдалик танга нархи 17 млн 418 минг сўмни ташкил қилмоқда. 

Қимматбаҳо металлнинг жорий нархлари йил бошидаги нархлардан 35,5 фоизга, 2023 йилнинг мос давридаги нархлардан эса 45,4 фоизга юқори.

Маълумот учун, Ўзбекистон Марказий банки олтин ва кумушдан тайёрланган эсдалик тангаларни 2018 йилда муомалага чиқарган. 2020 йил ноябридан бошлаб эса ўзбекистонликларда жамғармаларини қуйма олтин шаклида сақлаш имконияти ҳам пайдо бўлди: Марказий банк 5, 10, 20 ва 50 граммли олтин қуймаларини тижорат банклари орқали сотувга чиқарди.

Олтин қуймалари нархлари халқаро қимматбаҳо металлар бозори конъюнктурасидан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан кун давомида қайта кўриб чиқилади. Шунга кўра, нархлар доимий ўзгарувчан характерга эга бўлади.

Ўзбекистонда олтин нархларининг ошиши глобал нархлар ўсиши билан изоҳланмоқда. Жаҳонда олтин нархи узоқ муддатли рекордларни янгилашда давом этяпти. Айни пайтда олтиннинг бир троя унцияси 2728 долларга баҳоланмоқда, бу бир грамм учун 87,7 долларга тўғри келади.

Мавзуга оид