Фан-техника | 19:43 / 21.10.2024
7592
2 дақиқада ўқилади

Ҳуманоид робот узунликка сакраш бўйича жаҳон рекордини ўрнатди

Хитой компанияси шу пайтгача яратилган роботлар орасида энг узоққа сакровчи машинани ишлаб чиқди. У катта масофага сакрагандан кейин ҳам мувозанатни сақлай олади.

Фото: Видеодан кадр

Хитойнинг Unitree компанияси ишлаб чиқарган G1 guma роботи узунликка сакраш бўйича жаҳон рекордини ўрнатди. Робот турган жойидан 1,4 метрга сакрашга муваффақ бўлди. Ишлаб чиқарувчиларнинг таъкидлашича, бу одамсимон робот томонидан амалга оширилган энг узун сакрашдир.

Баландлиги 1,32 метр бўлган механизм учун бу катта ютуқ ҳисобланади. Бироқ роботнинг одамлар билан беллашишига ҳали эрта. Таққослаш учун, одамнинг турган жойидан энг узоққа сакраш масофаси 3,73 метрни ташкил этади. Ушбу рекордни 2015 йилда америкалик Байрон Жонс ўрнатган.

Unitree компанияси G1 гуманоидининг сакрашдан олдин қандай “қизишиб олишини” ҳам кўрсатди. Шу орқали компания ўз маҳсулотининг эгилувчанлиги ва ҳаракатчанлигини намойиш этди.

Роботнинг айрим бўғимлари 360 даражага айлана олади. Ҳар бир шарнир 23 дан 43 даражагача, машина қўл-оёқлари эса сониясига 2 метр тезликда ҳаракатланиши мумкин. Робот 9000 мА/соатлик қувватга эга батарея билан жиҳозланган бўлиб, бу унга 2 соатгача узлуксиз ишлаш имконини беради. G1’нинг нархи 16 000 долларни ташкил этади.

Аввалроқ Хитойнинг Ecovacs бренди чангютгич-роботлари кутилмаганда уй эгалари ва уй ҳайвонларини қувиб, сўкина бошлагани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид