Жаҳон | 08:50 / 21.10.2024
3309
2 дақиқада ўқилади

Куба кетма-кет иккита блэкаут фонида тўфонга тайёрланмоқда

Электр таъминотидаги узилишлар давом этаётган бир пайтда, Куба кучли «Оскар» тўфони оролнинг шарқидан ўтишига тайёрланмоқда.

Фото: Antonio Levi / AFP / Scanpix / LETA

Куба бутун мамлакат бўйлаб электр таъминотидаги узилишлар давом этаётгани фонида «Оскар» тўфони келишига тайёрланмоқда. Бу ҳақда 20 октябр, якшанба куни Куба президенти Мигел Диас-Канел ўзининг Х ижтимоий тармоқдаги аккаунтида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий ҳокимият идоралари тўфон яқинлашаётгани муносабати билан «аҳолини ва иқтисодий ресурсларни ҳимоя қилиш учун барча саъй-ҳаракатларни ҳозирданоқ сарфламоқда».

«Оскар» тўфони Баҳамага ёпирилган ва энди Кубага етиб бориши кутилмоқда

«Оскар» тўфони Баҳама оролларидаги Грейт Инагуа оролига етиб борган ва АҚШ Миллий тўфонлар маркази маълумотларига кўра, маҳаллий вақт билан 20 октябр куни тушдан кейин шарқий Кубага етиб бориши кутилмоқда.

«Оскар» Атлантика океанида шакллангани хабар қилиняпти. Унинг тезлиги тахминан 130 км/соат.

Кубада миллионлаб аҳоли ИЭСдаги авария туфайли электрсиз қолмоқда

Кубадаги миллионлаб кишилар мамлакат бош иссиқлик электр станциясидаги носозлик туфайли электр энергиясиз қолмоқда.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, 18 октябр куни Матанзас шаҳридаги «Антонио Гитерас» иссиқлик электр станциясида юз берган авария деярли бутун мамлакатни электр энергиясидан узиб қўйган.

Расмийларнинг хабар беришича, қизғин ишлардан сўнг электр энергияси мамлакатнинг айрим ҳудудларига, хусусан, пойтахт Ҳаванага етказиб берила бошланган. Бироқ, мамлакатнинг 80 фоизи электр таъминотисиз қолмоқда, баъзи шаҳарларда 30 соатдан кўпроқ вақт давомида узилишлар мавжуд.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган кадрларда Ҳаванадаги Хосе Марти халқаро аэропорти тўлиқ қоронғиликда акс этган.

Энергетика сектори вакиллари Куба президенти Мигел Диас-Канел раислигида йиғилиб, мамлакат бўйлаб электр таъминотидаги узилишларни бартараф этиш бўйича кейинги қадамларни баҳолашди.

Мавзуга оид