Жаҳон | 20:39 / 22.10.2024
5591
5 дақиқада ўқилади

Фото: Трамп McDonaldʼs емакхонасида картошка қовурди

Бунгача Камала Ҳаррис бир вақтлар шундай жойда ишлаганини айтганди ва Трамп унинг сўзларини шубҳа остига олганди. Компания улардан ҳеч бирини қўлламаслигини билдирган. Бу нимани англатади?

Doug Mills / The New York Times / AP / Scanpix / LETA

McDonaldʼs компанияси ўз ходимларига АҚШ президентлигига номзодларнинг ҳеч бирини қўллаб-қувватламаётгани айтилган хат юборган — бу Доналд Трамп ўз сайловолди кампанияси доирасида тармоқ ресторанларидан бирида 15 дақиқа давомида картошка қовуриши ортидан рўй берди.

Собиқ президент, давлат раҳбарлиги учун Республикачилар партиясидан яна бир бор ўз номзодини қўйган сиёсатчи 20 октябр, якшанба куни «иккиланувчи» штатлардан бири бўлмиш Пенсилваниядаги McDonaldʼs емакхонасига келган. CNN ёзишича, у пиджак ўрнига ишчи фартукини кийган ва ошхонада картошка-фри қовуриб, уни қадоқлаган. Кейин у буюртмаларни тезкор қабул қилиш ойнаси орқали тайёрлаган егулигини мижозларга тарқатган — Трамп буни ўзи тайёрлагани ва «унинг ҳисобидан» эканини айтган. Президентликка номзод ташрифи вақтида ресторан зали ёпиқ бўлган.

Бу Трамп ўз рақиби, демократлар номзоди Камала Ҳаррисни ёлғонда айблашга уриниши фонида рўй берди. Сентябр ойи охиридаги интервюларидан бирида у талабалик йилларида ўқиш пулини тўлаш учун маълум вақт McDonaldʼs ресторанида ишлаганини айтганди. Ҳарриснинг ўзи айтишича, у картошка қовурган ва кассада турган. Демократлар номзоди бу иши ҳақида илк бор гапираётгани йўқ — 2019 йилда ҳам у шундай баёнот берганди.

Пенсилванияда McDonaldʼs мижозларига картошка тарқатаркан, Трамп Ҳаррис ҳақида эслаб, журналистларга «бу ерда Камаладан 15 дақиқа кўпроқ ишлагани»ни айтди.

Evan Vucci / AP / Scanpix / LETA

Ҳаррис сайловолди кампанияси доирасида миллионер оиласида туғилган Трампдан фарқли ўлароқ, ўрта синфдан чиққан одам сифатида кўрсатмоқда. Август ойида унинг вице-президентликка номзоди Тим Уолз шундай деганди: «Сиз Доналд Трамп McDonaldʼs да ишлашини тасаввур қила оласизми? У McFlurry учун машинани ҳам ишлата олмайди, ҳатто ҳаёти шунга боғлиқ бўлиб қолганида ҳам».

Трамп сўнгги ҳафталарда Ҳарриснинг McDonaldʼsʼда ишлагани ҳақидаги даъволарини бир неча марта шубҳа остига олди ва бу гапни «фейк» деб атади. Унинг тарафдорлари Ҳаррисдан далил келтиришни талаб қилишди, аммо бу талаб эътиборсиз қолдирилди. Бир неча бор ўзининг ҳам ёлғонлари фош бўлиб қолган Трамп McDonaldʼs емакхонасига боришидан бироз олдинроқ ижтимоий тармоқларда «маълумот сўрагани» ва Ҳарриснинг фастфуд тармоғида ишлагани ҳақидаги гапларини тасдиқловчи ҳеч қандай далил топилмагани ҳақида ёзди. Шу билан бирга, McDonaldʼsʼдагилар компанияда оддий ходимлар бўйича бу қадар эски маълумотлар йўқлигини таъкидлади.

Шунингдек, McDonaldʼs намойишкорона Трампни ўзидан узоқлаштирди: раҳбарият номидан ходимларга йўлланган мактубда компания ҳеч қачон лавозим учун сайловларда бирор номзодни қўлламагани ва «бу позиция бу сафарги президентлик пойгасида ҳам ўзгаришсиз қолдирилиши» билдирилган. «Биз қизил ёки кўк эмасмиз — биз олтинрангмиз», — дейилган хабарда.

Қайд этилишича, Трампнинг сайловолди кампанияси ходимлари тармоқнинг Пенсилваниядаги франшизасига мурожаат қилиб, президент ресторанга бориши учун рухсат сўраган. «Ресторанлар эшиклари барчага очиқлиги» туфайли бу сўров қаноатлантирилган. McDonaldʼs олдинроқ бошқа франшизалар Камала Ҳаррисни ўз ресторанларига таклиф қилганини таъкидлаган.

Доналд Трамп бир неча бор ўзини фастфуд ишқибози деб атаганди. 2016 йилда у буни тез тайёрланадиган таомлар тармоқларида маҳсулот сифати юқори бўлиши билан изоҳлаганди. «Егулик қаердан олиб келингани тушунарсиз бўлган қаергадир бориш ўрнига яхшиси у ерга [йирик фастфуд-тармоғи] боринг», — деганди у.

2019 йилда, Трамп ҳали президентлигида, америкача футбол бўйича талабалар чемпионати ғолибларини Оқ уйда қабул қилганида улар учун бургер ва пицца буюртма қилганди. Трампнинг собиқ маслаҳатчиси ва куёви Жаред Кушнер ўз автобиографиясида 2020 йилда ковидга чалинган Трамп McDonaldʼsʼдан биг-мак, балиқ филеси, картошка-фри ва ванилли музқаймоқ буюртма қилишни сўраганини эслаган. «Шунда Трамп соғайиб кетганини тушундим», деган Кушнер.

Мавзуга оид