Драмага айланган ўлим: Исроил Синвар жасадини тирикларга алмашмоқчи
Ҳамас лидери Яҳё Синварнинг ўлими катта воқелик бўлди. Исроилда уни ҳаракатнинг охирги лидери деб аташяпти ва Синвардан кейин Ҳамас яна қайта тўпланиб, аввалги каби катта кучга эга бўлишига шубҳа билдиришмоқда.
ҲАМАС лидери Яҳё Синварнинг ўлими катта воқелик бўлди. Исроилда уни ҳаракатнинг охирги лидери деб аташяпти ва Синвардан кейин ҲАМАС яна қайта тўпланиб, аввалги каби катта кучга эга бўлишига шубҳа билдиришмоқда.
Ғалаба?
Яҳё Синварнинг ўлимини Исроил ҳукуматида катта байрам ўлароқ қаршилашди. Ҳамма катталар бу ўлимга алоқадор эканини айтишга уринди. Ҳатто пляжларда ва жамоат жойларидаги карнайларда Синвар ўлгани ҳақида байрамона эълон қилишди. Эълонларда уни 7 октябрдаги ҳужум ташкилотчиси деб аташди ва бу ҳақиқат. Чиндан Яҳё Синвар 7 октябрдаги Исроилга ҳужумнинг энг тепасида турган инсон бўлган. Абу Иброҳим (гуруҳ ичида уни шундай аташади) бу бир кунлик ҳужумга икки йил тайёрланган.
Бироқ исроилликлар Нетаняҳу ҳукумати каби Синварнинг ўлимини байрам қилишмади. Масалан, ўша кунги газеталар Синвар ўлимидан кўра кўпроқ 5 ҳарбий ҳалок бўлганига эътибор қаратишди. Биласиз, Исроилда ҳарбийлар ўлими ёки асир тушишига оғриқли мавзу деб қарашади. Ахир 2011 йил биргина Гилат Шалит деган ЦАҲАЛ аскарига 1027 нафар фаластинликни алмашиб юборишганди. Алмашувга қўйиб юборилганларнинг 300 нафари бир умрлик қамоққа ҳукм қилингани ҳам тўсқинлик қилолмаган. Яҳё Синвар ҳам ана ўша алмашув доирасида Фаластинга қайтганди.
Исроил раҳбариятининг реакциясидан Синварнинг ўлими Ҳамас устидан қозонилган ғалаба деб қабул қилинаётганини сезиш мумкин. Аммо бундай дейишга шошмаслик керак. Синвардан кейин ким гуруҳ тепасига келиши ҳам кейинги ҳаракатлар қандай бўлишини белгилаб беради.
Жасадни алмашишмоқчи
Эсингизда бўлса, Яҳё Синвар ўлгани ҳақида хабар берган видеомизда исроилликлар унинг жасадини замбилга солиб олиб кетганига эътибор қаратгандик. Бекорга эмаскан. Маълум бўлишича, Исроил томони Ҳамас га Синварнинг жасадини ҳаракат қўлида қолаётган исроиллик асирларга алмашишни таклиф қилган. Бу ҳақда CNN исроиллик манбаларига таяниб ёзган. Манбанинг сўзларига кўра, исроилликлар Ҳамас га асирларни қайтариш Синвар жасадини қайтаришнинг ягона шарти эканини етказган. Аммо CNN манбалари Синвар жасадининг қайтарилиши ҳамасчилар қайта жипслашишига хизмат қилишидан хавотир билдирган.
Шу ўринда асирларни озод қилиш масаласида бир мулоҳаза пайдо бўлади. Исроил Ғазонинг кулини кўкка совурган, Ҳамас нинг барча етакчилари ва қўмондонларини йўқ қилган бўлса-да, гуруҳ қандай қилиб ахборот беришда, янги раҳбарларни сайлашда давом этаётгани жумбоқлигича қолади. Исроил Ғазода бутун бино қолдирмай ҳамма ерни ер билан битта қилиб 101 асирни топа олмагани эса янада кўпроқ саволларни пайдо қилади. Ахир Исроил томонига кўра, Ғазодаги тунеллар йўқ қилинган, Ҳамас ҳарбий қудрати парчаланган. Бундай бўлса, асирларни ким, қаерда яшириб ўтирибди?
Янги лидер ким?
Яҳё Синвар ўлганидан кейин Ҳамас лидери бўлиш учун 6 нафар номзод борлиги айтилганди. Кутилганидек улардан энг номдори ва гуруҳ ичида обрўси баланди Холид Машъал янги лидер бўлди. Ҳозирча, бу ҳақда ҳаракат расман эълон қилгани йўқ, лекин Машъал Синварнинг ўлимидан кейин эълон қилган мурожаатида ўзини гуруҳ лидеридек тутган. У ҳаракат тепасига келиши деярли аниқ.
Ҳамас лидери бўлиш бу инсон учун янгилик эмас. У 1996 йилдан 2017 йилгача Ҳамас сиёсий лидери бўлиб ишлаган. Исроил билан энг йирик асирлар алмашиш музокараларига бош бўлган. Турли нашрларнинг ёзишича, Исроил учун Синварнинг ўрнига келиши мумкин бўлган энг яхши номзод айнан Холид Машъал. Чунки Қатарда яшайдиган бу сиёсатчи Эрон билан яқинлашишнинг радикал тарафдори эмаслиги айтилади. Яъни, Машъалнинг янги лидер бўлиши асирларни озод қилиш борасида музокараларга йўл очиши мумкин. Исроиллик асирлар озод қилиниши эса уруш тугашига олиб келади дегани.
Синвар ва Том Ҳенкс
Видео охирида Ҳамас лидери Яҳё Синварнинг ўлими дунёда қандай қаршилангани ҳақида икки оғиз. Давлатлар ва расмий шахсларнинг бу борада муносабатлари тўғриси сариқ чақага арзимайди. Дунёдаги одамлар бу ҳолатни қандай кутиб олгани энг муҳими.
Исроил Синварнинг охирги лаҳзалари тасвирланган видеони эълон қилганини кўрдингиз. Аслида исроилликлар бу видеони эълон қилишидан мақсади энг катта душманимизнинг етакчисини йўқ қилдик, деб мақтаниш бўлган. Аммо уруш бошидан буён ахборот урушида мағлуб бўлаётган Исроил бу видеони эълон қилиб чинакам хатога йўл қўйди дейиш мумкин. Чунки охирги лаҳзасида чалажон ҳолатда қўлидаги таёқ билан дронни уришга уринган Яҳё Синвар бутун дунёда шунчалик қаҳрамонга айланиб кетдики, ҳозир у 7 октябрда нималар қилганини ҳеч ким эсламайди.
Футбол ўйинларида мухлислар унинг суратини кўтариб қўшиқ куйлашди, Мағрибдаги бир майдонда Синвар ўтирганига ўхшаш курси қўйилди ва у ерда одамлар оғзини араб рўмоли билан боғлаб, қўлига таёқ кўтарган гўйи расм тушишмоқда.
Стивен Спилбергнинг иккинчи жаҳон уруши ҳақида «Оддий аскар Раянни қутқариш» деган филми бор. 1944 йил Нормандияда бўлган воқеалар тасвирланган бу филмда бош ролни Том Ҳенкс маромига етказиб ижро этган. Энг драматик эпизодлардан бирида Ҳенкс ижро этган қаҳрамон капитан Жон Миллер устига юриб келаётган ва уни янчиб ташлаши муқаррар бўлган танкка қарата чалажон ҳолатда тўппончадан ўқ узади. Тармоқда Синварнинг охирги лаҳзалари айнан мана шу эпизодга ўхшатилмоқда.
Исроил Синварнинг ўлими ҳақида шунчаки ёзма хабар бериб қўйганида, дунёда буни оддий хабар деб ўқиб кетган бўлишарди. Чунки Ҳамас ҳозир етакчисининг ўлимини драмалаштирадиган ҳолатда эмас. Аммо Исроил душманимни ўлдирдим деб мақтаниш асносида Синварнинг ўлимини шунчалик драмага айлантитриб юбордики, бунақасини фақат Стивен Спилберглар эплай олган бўларди...
Ўткир Жалолхонов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фаҳриддин Ҳотамов
Мавзуга оид
08:56
БМТ бош котиби Исроилнинг UNRWA ишини тақиқлаш қароридан чуқур хавотирда
09:20 / 31.10.2024
Ироқ ўз ҳаво ҳудуди Исроил томонидан бузилгани юзасидан БМТга шикоят қилди
21:21 / 30.10.2024
«Ҳизбуллоҳ»нинг янги раҳбари Насруллоҳнинг йўлини давом эттиришга ваъда берди
17:04 / 30.10.2024