Жаҳон | 09:50 / 22.10.2024
6195
3 дақиқада ўқилади

НАТО КХДРни Украинага қарши урушда қатнашишдан тийилишга чақирди

Россиянинг Украинага қарши урушида Шимолий Корея аскарларининг иштирок этиши можаронинг кучайишига олиб келади, деди НАТО бош котиби.

Фото: François WALSCHAERTS/AFP

НАТО бош котиби Марк Рютте Шимолий Кореяни Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россияга қўшин юбормаслик ҳақида огоҳлантирди. Бу «сезиларли кескинлашувни англатади», деб ёзди у 21 октябр, душанба куни X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Рюттенинг сўзларига кўра, у аллақачон Жанубий Корея президенти Юн Сук Ёл билан вазиятни муҳокама қилган, унга разведка етказган маълумотларга кўра, Шимолий Корея Россияга 1500 нафар аскарини юборган. Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, улар ҳозирда Россия шарқида тайёргарликдан ўтмоқда ва кейин Украинадаги фронт чизиғига жўнатилади.

Аввалроқ Жанубий Кореянинг Yonhap ахборот агентлиги ҳам разведка манбаларига таяниб, Пхенян фронтга «12 минг аскардан иборат тўртта бригада, жумладан, махсус кучлар бўлинмаларини» жўнатмоқчи эканини хабар қилган эди.

18 октябр куни Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ушбу маълумотларни изоҳлар экан, Рютте алянсда Шимолий Корея аскарларининг жанговар ҳаракатларда фаол иштирок этиши ҳақидаги тасдиқланган ахборот ҳалигача йўқлигини айтди. Бироқ у Пхеняндан Москвага қурол, технология ва янги ишланмалар кўринишида кенг кўламли ёрдам кўрсатилаётганига ишора қилди, бу эса Украина ҳамкорлари орасида хавотир уйғотмоқда.

Пентагон КХДР қўшинлари Украинага эҳтимолий юборилиши ҳақидаги хабарларни таҳлил қиляпти

АҚШ Мудофаа вазирлиги (Пентагон) пайдо бўлган хабарлар асосида Россияни қўллаб-қувватлаш учун Украинага Шимолий Корея ҳарбий контингенти эҳтимолий юборилиши имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби бригада генерали Патрик Райдер кундалик брифингда айтди.

Райдернинг таъкидлашича, Пентагон Пхеняннинг Украинага қўшин юбориши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни кўрган, аммо уларнинг ҳақиқийлигини ҳали тасдиқлай олмаган.

Унинг сўзларига кўра, Пентагон бу масалани ўрганмоқда ва бу йўналишдаги вазиятни диққат билан кузатишда давом этмоқда.

«Агар бу айбловлар рост бўлиб чиқса, бу Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳамкорлик кучайиб бораётганини англатади. Бу, шунингдек, Россиянинг жанг майдонидаги куч нуқтайи назаридан қанчалик оғир аҳволда эканини кўрсатади», — деди у.

Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский Брюсселда Европа Иттифоқи (ЕИ) етакчилари билан учрашув якунлари бўйича журналистларга Россия 10 мингга яқин Шимолий Корея аскарини жангларга жалб этишни режалаштираётганини айтганди.

Мавзуга оид