Профтаълим муассасалари техникумларга бирлашяпти – тизимда қандай ўзгаришлар бор?
Техникумларга оид президент фармонига кўра, 672 та профтаълим муассасалари негизида 600 та техникум ташкил этилади. Ўқиш муддати ўқувчи ва касбга мослаштирилади. Фармондаги шу ва бошқа ўзгаришларга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тушунтириш берди.
2024 йил 16 октябрда “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони эълон қилинди. Ҳужжатда кўрсатилган ўзгаришлар ва уларга нега эҳтиёж бўлгани ҳақида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова изоҳ берди.
Нега профессионал таълим муассасалари бирлаштириляпти?
Ҳозиргача профессионал таълим тизими 3 та турдаги – 333 та касб-ҳунар мактаби, 112 та коллеж ва 227 та техникумдан иборат бўлган. Бу муассасалар табақалашгани ва дастурлари ўртасида узвийлик бўлмагани сабаб уларнинг қувватларидан унумли фойдаланилмаган.
“Энди президент фармони билан 3 та турдаги муассасалар оптималлаштирилиб, уларнинг негизида барча даражалар ва йўналишлар бўйича кадр тайёрлайдиган ягона муассаса тури – техникумлар ташкил этилади. Бунда 672 та профтаълим муассасалари негизида 600 та техникум ташкил этилади, 71 та таълим муассасалари мактабларга берилиб, 42 мингта янги ўқувчи ўринлари яратилади. Таълим даражаларининг узвийлиги, узлуксизлиги ва интеграцияси таъминланади ҳамда уларнинг смена коэффициенти нормаллашади”, – деди Назокат Абдуқундузова.
Ўқиш муддати ўқувчи ва касбга мослаштирилади
Масъулнинг тушунтиришича, энди профессионал ва олий таълим модулларини ягона дастурга бирлаштириш ва “2+2”, “1+3” каби мослашувчан дастурлар бўйича ўқитишни йўлга қўйиш мумкин бўлади. Шунингдек, техникумларда ўқиш муддатлари ва давомийлиги касб мураккаблиги ва ўқувчининг таълим даражасига қараб белгиланади. Мисол учун, экспедитор касби бўйича 9-синф битирувчиси 3 йил ўқиса, 11-синф битирувчиси – 2 йил ўқийди.
Ўзлаштирилган модуллардан келиб чиқиб таълим дастурларининг ўқитиш муддатлари белгиланади. Ўрта махсус касбий таълим дастурларининг битирувчилари ўзлаштирган модуллари, тўпланган кредитлари ва олий таълим ташкилоти томонидан белгиланган баллар ўртача қиймати(GPA)дан келиб чиқиб, бакалавриатнинг муайян босқичидан ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади.
Фармонга кўра, техникумларнинг мустақиллиги кенгайтирилади ва улар иш берувчилар талаби асосида фанлар сони ва соатларини 30 фоизгача ўзгартириш ва қўшма дастурларни жорий қилиш имкониятига эга бўлади. Техникумлар буюртмачилар билан контракт асосида кадрларни тайёрлаш бўйича шартномалар тузиш, бу дастурларнинг қабул параметрлари, таълим тили ва қийматини мустақил белгилайди. Шунингдек, техникумларга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотиш, тушган пуллар ҳисобидан ўзининг моддий ҳолатини яхшилаш, ўқувчилар ва педагогларни рағбатлантириш ҳуқуқи берилади.
Халқаро таълим дастурлари киритилади
Фармонга кўра, дастурлар сифати ва жозибадорлигини ошириш мақсадида 14 та техникумда тажриба тариқасида 12 та квалификация бўйича “Pirson” компаниясининг BITEK дастури жорий қилинади. Маълум қилинишича, “Pirson” етакчи халқаро таълим ташкилоти бўлиб, дунё бўйлаб 784 та марказга эга ва унинг 90 фоиз битирувчиси иш билан таъминланади. Бунда ҳар битта техникумда BITEK дастури бўйича алоҳида бўлим ташкил этилади. Бўлим ходимлари “Pirson” компанияси билан ҳамкорликда дастур жорий қилинишини тўлиқ мувофиқлаштириб боради. BITEK дастури жорий қилинган муассасаларга тўлиқ академик мустақиллик берилади.
“BITEK дастурларини амалиётга киритиш натижасида 180 нафар педагогнинг малакаси оширилади ва йилига 1 680 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинади. Битирувчиларга 70 та давлатда тан олинадиган диплом берилади ва 200 дан ортиқ хорижий университетларга кириш имкони яратилади. Натижада ривожланган давлатлардаги малакали ва юқори даромадли иш ўринларига юборилган муҳожирлар кўлами ошади. BITEK дастурларини жорий қилиш натижасидан келиб чиқиб бу тажриба босқичма-босқич бошқа техникумларга ҳам татбиқ этилади”, – деди Абдуқундузова.
Ўқиш жараёнига иш берувчилар жалб қилинади
Назокат Абдуқундузовага кўра, ҳозиргача қабул параметрлари ва таълим дастурлари иш берувчилар талаби асосида эмас, балки таълим муассасаларидаги ўқитувчилар ва мавжуд асбоб-ускуналардан келиб чиқиб шаклланган. Шу сабаб айрим ҳудудларда муайян ўрта бўғин кадрларга эҳтиёж бўлса-да, техникумларида мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилмаган.
“Буни ўзгартириш учун қабул параметрларини шакллантириш бўйича электрон платформа яратилади, барча вазирлик ва иш берувчилар унга уланади. Техникумларнинг таълим дастурлари тармоқ кенгашлари, тадбиркорлар бирлашмалари, йирик иш берувчилар ва уюшмалар билан келишилганидан сўнг амалиётга киритилади”, – деди у.
Шунингдек, эндиликда якуний аттестацияларни техникум ходимлари эмас, иш берувчилар ва уюшмалар вакиллари ўтказади.
Ягона бошқарув тизими жорий қилинади
Ҳозиргача профтаълимда яхлит бошқарув тизими мавжуд бўлмагани ва муассасалар 27 та вазирлик ва идоралар бўйсунувига берилгани сабаб уларнинг фаолияти самарали ташкил этилмаганини айтади матбуот хизмати раҳбари. “Вазирликлар ўртасида мувофиқлаштириш бўлмагани сабабли 75 та касбга ўқитиш марказида ўқитилаётган 30 дан ортиқ касблар яқин ҳудуддаги 275 та профтаълим муассасасида ҳам ўқитиляпти. Шунга кўра, профтаълимда ташкилий-бошқарув ва методик масалаларни мувофиқлаштирувчи ва ягона давлат сиёсатини юритувчи орган сифатида Олий таълим вазирлиги белгиланмоқда”, – деб қўшимча қилди у.
Шунингдек, профтаълим муассасаларини адабиётлар ва жиҳозлар билан таъминлаш ва ўқув жараёнини рақамлаштириш мақсадида Олий таълим вазирлиги ҳузурида алоҳида жамғарма ташкил этилади. Унга вазирликнинг бюджетдан ташқари жамғармасидан 50 млрд сўм ва давлат бюджетидан 2025 йилда 50 млрд сўм ажратилади.
Қўшимча қилинишича, техникумларнинг директор ва директор ўринбосарлари Олий таълим вазирлиги платформаси орқали очиқ танлов асосида танланади. Техникум директорлари билан 3 йиллик меҳнат шартномасини тузиш ва фаолият натижасидан келиб чиқиб, улар билан шартномани узайтириш ёки бекор қилиш тартиби жорий этилади.
Мавзуга оид
16:29 / 21.10.2024
Кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади
14:41 / 11.10.2024
Ногиронлиги бор болалар юридик техникумларда бепул ўқиши мумкин бўлди
15:14 / 25.07.2024
Тошкент, Бухоро ва Наманганда заргарлик марказлари ташкил этилади
11:12 / 25.05.2024