Жаҳон | 22:18 / 22.10.2024
1985
2 дақиқада ўқилади

Уруш оқибатлари Ғазонинг ривожланишини 69 йил ортга суриб юборди — БМТ ҳисоботи

БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси томонидан тайёрланган янги ҳисоботга кўра, 2024 йилда Фаластиндаги қашшоқлик даражаси 74,1 фоизга етади.

Фото: UNDP

БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси томонидан тайёрланган янги ҳисоботга кўра, 2024 йилда Фаластиндаги қашшоқлик даражаси 74,1 фоизга етади. Натижада, бу 4,1 миллион кишига таъсир кўрсатади. Шунингдек, ривожланиш даражаси ҳам 1955 йилда қайд этилган ҳолатга тушади.

«Ғазодаги уруш: Фаластин давлати учун кутилаётган ижтимоий-иқтисодий оқибатлар» номли ҳисоботда қайд этилишича, мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2024 йилда 35,1 фоизга қисқариши, ишсизлик даражаси эса 49,9 фоизга етиши прогноз қилинмоқда.

Баҳолашларга кўра, қайта тикланиш ва реконструкция учун инвестицияларни гуманитар ёрдам билан бирлаштирадиган комплекс режалар, шунингдек, иқтисодий чекловларнинг ечилиши мамлакат иқтисодиётига 2034 йилга бориб Фаластинни ривожлантириш режаларини амалга оширишга кўмаклашиши мумкин. Бироқ бундай сценарий фақат тикланиш ҳаракатларида ҳеч қандай чекловлар бўлмаслигини назарда тутади.

«Бизнинг баҳолашларимиз ҳалокатга учраган миллионлаб одамларнинг ҳаёти ва ўнлаб йиллар давомида барбод қилинган ривожланиш ҳаракатлари ҳақида бонг уришга қаратилган», — дейди БМТ Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ижрочи котиби Рола Дашти.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, дунёда 1,1 миллиард одам ўта қашшоқликда яшаяпти ва уларнинг деярли ярми — 455 миллион киши можаро ёки беқарорлик мавжуд мамлакатларда истиқомат қилади.

Аввалроқ дунёда ҳамон 733 миллион киши очликдан азият чекмоқда, уларнинг аксарияти Африка минтақасида яшаётгани тўғрисида хабар берилганди. Дунёнинг 36 та давлатида тўйиб овқатланмаслик билан боғлиқ ҳолат «жиддий», олтитасида эса «ўта жиддий» дея таърифланмоқда.

Мавзуга оид