Ўзбекистон | 15:55 / 24.10.2024
1758
9 дақиқада ўқилади

“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси

Сенатнинг навбатдаги ва жорий чақириқдаги энг сўнгги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Танзила Норбоева Сенатнинг 2020-2024 йиллардаги фаолияти хусусида ахборот берди. Сенат раисига кўра, ўтган 5 йилда 59 та ялпи мажлисда 700 дан ортиқ масала, жумладан, 440 га яқин қонун муҳокамага олиб чиқилган.

Фото: senat.uz

Сенатнинг эллик тўққизинчи ялпи, жорий чақириқдаги энг сўнгги ялпи мажлиси якунига етди. Унда Танзила Норбоева Сенатнинг 2020-2024 йиллардаги фаолияти хусусида ахборот берди. Сенат раиси ўз ахборотида парламентнинг юқори палатаси томонидан ўтган 5 йилда қонунчилик, назорат-таҳлил фаолияти, парламентлараро халқаро ҳамкорлик ва бошқа масалалар юзасидан амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди.

Танзила Норбоевага кўра, 2020-2024 йиллар давомида 59 та ялпи мажлисда 700 дан ортиқ масала, жумладан, 440 га яқин қонун муҳокамага олиб чиқилган. 20 та қонун улардаги айрим нормалар инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳудудлар манфаатларини ўзида тўлиқ ифода этмагани, умуман олганда, уларни янада такомиллаштириш зарур бўлгани сабаб рад этилган.

“Маълумки, янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда Сенатга қонунчиликка оид таклифларни қонунчилик ташаббуси тартибида киритиш ҳуқуқи берилди. Бу янгилик муаммоларни бартараф этиш, аҳолини қийнаб келаётган масалаларга қонуний ечим топиш борасидаги фаолиятимиз самарадорлигини янада оширди.

Биз маҳаллий кенгашлар билан биргаликда аҳолининг қонуний талабларини ўрганиш ва тегишли қонунчилик таклифларини шакллантириш бўйича изчил иш олиб бордик. Натижада 50 дан ортиқ қонунларга тўлиқ асослантирилган таклифларни ҳукуматга тақдим этдик.

Қонунчилик палатасида қабул қилинган қонунлар Сенатга келиб тушгач, уларнинг ҳудудлар манфаатларига қанчалик мос келишини ўрганиш мақсадида маҳаллий кенгаш депутатлари билан бирламчи муҳокамаларни мунтазам ташкил этдик.

Қонун ижодкорлиги сифатини ошириш мақсадида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда уларни коррупцияга қарши ва гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш амалиёти жорий этилди. Сенаторларимиз ҳар бир ялпи мажлисдан сўнг ўз ҳудудларида бўлиб, қабул қилинган янги қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида аҳолига кенг тушунтириш ишларини олиб борди”, дея таъкидлади Сенат раиси.

Шунингдек, ахборотда Сенат ўтган йиллар давомида назорат-таҳлил йўналишида ҳам самарали фаолият олиб боргани қайд этилди.

Жумладан, республика ва ҳудудий ижро органларининг қабул қилинган давлат дастурлари ижросини таъминлаш борасидаги фаолиятини ўрганиш ҳамда уларнинг тўлақонли бажарилишини таъминлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилган.

Ушбу йўналишда ишларни ташкил этишда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурларнинг бажарилишига асосий эътиборимизни қаратдик. Президент топшириқлари бўйича жойлардаги ижро ҳолати назоратини зиммамизга олдик. Мазкур дастурлар ижроси устидан парламент назоратини янада самарали ташкил этиш мақсадида бу борадаги иш услубимизни тубдан ўзгартирдик.

Сенаторлар ва Сенат девонининг тегишли мутахассислари маълум бир ҳудудда ушбу дастурлар ижроси ҳолатини чуқур ўрганиб, белгиланган вазифаларнинг бажарилмай қолишига сабаб бўлган омилларни аниқлади.

Ўз навбатида, уларнинг ижросини таъминлашга бағишланган Сенат кенгашининг сайёр мажлисларида масъул вазирлик, идоралар вакиллари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, маҳаллий кенгаш депутатлари иштирокида ҳар бир вилоятда алоҳида муҳокамалар ташкил этилди.

Ҳар бир туман (шаҳар) бўйича мавжуд муаммоларни бартараф этиш, белгиланган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлашга қаратилган алоҳида “йўл харита”лари ишлаб чиқилди. Уларда белгиланган вазифалар ижроси устидан доимий мониторинг олиб борилди. Ижтимоий жиҳатдан муҳим саналган йирик муаммолар Сенатнинг ялпи мажлисларида масъул мутасаддилар иштирокида муҳокама этилди, уларни ҳал этиш юзасидан Сенат кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди”, деди Танзила Норбоева.

Қайд қилинишича, 2020 йилдан бошлаб ҳар йили Сенатнинг ҳукуматга киритган таклифлари асосида жойлардаги 5 мингдан зиёд муаммоли масалани ҳал қилишга умумий ҳисобда 10 трлн сўмдан зиёд бюджет маблағлари йўналтирилиши таъминланган.

Сенат томонидан маҳаллий кенгашлар таркибий тузилмасини такомиллаштириш, фаолиятига доир ички норматив ҳужжатларини янгилаш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, маҳаллий кенгашлар фаолиятини тизимли, мақсадли ва комплекс ёндашув асосида йўлга қўйиш, уларни жараёнга фаол жалб этиш мақсадида Сенатда Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази ташкил этилган.

Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида маҳаллий кенгашларга ҳуқуқий, ахборот-таҳлил ҳамда илмий-услубий жиҳатдан кўмаклашиш, уларнинг норма ижодкорлигига доир фаолиятини мониторинг қилиб бориш ва зарур тавсияларни ишлаб чиқиш каби муҳим вазифалар белгилаб олинган. Шунингдек, маҳаллий кенгашларда доимий асосда фаолият юритувчи котибиятлар ташкил этилиб, уларнинг фаолиятини тўғри ва самарали йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар бажарилган.

Танзила Норбоева парламентлараро халқаро ҳамкорлик орасидаги ишларга ҳам тўхталиб ўтди.

Гувоҳи бўлиб турганимиздек, бугун дунёнинг айрим минтақаларида юзага келган қалтис ва мураккаб бир вазиятда мамлакатлар ўртасида, биринчи навбатда Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, муаммоларнинг ўзаро манфаатли ечимини топиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш ва такомиллаштиришда парламент дипломатияси ҳар қачонгидан кўра муҳим рол ўйнамоқда.

Парламентимиз ўтган давр мобайнида айнан мана шу йўналишлар бўйича миллий манфаатларни ва ташаббусларни халқаро миқёсда фаол илгари суриш мақсадида парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш йўлидан борди.

Сўнгги йилларда Парламентлараро Иттифоқ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламентлараро Ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси, Туркий давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси билан алоқаларимизни кенгайтирдик ва ушбу халқаро тузилмалар ишида фаол иштирок этиб келмоқдамиз.

Халқаро муносабатларда хорижий давлатлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Сенатда 27 та парламентлараро дўстлик гуруҳлари ва комиссиялар фаолияти йўлга қўйилди.

Ўзбекистон парламенти фаолиятида тўпланган илғор тажрибаларни инобатга олган ҳолда бир қатор халқаро тузилмалар ўзларининг нуфузли тадбирларини айнан мамлакатимизда ташкил этиш ташаббусини билдирди.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда “Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Хотин-қизлар форуми”, “Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити”, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеясининг кузги сессияси ва қатор халқаро конференциялар ташкил этилди”, дея маълум қилди Сенат раиси.

Қўшимча қилинишича, Ўзбекистон томони таклифига кўра, Парламентлараро Иттифоқ ўзининг 150-юбилей Ассамблеясини 2025 йилда Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Ўтган давр мобайнида Парламент комиссияси томонидан 16 та миллий мақсад, 126 та вазифа ва 190 та индикатор доирасида олиб борилаётган ишлар ҳолати ҳудудлар ва тармоқлар кесимида ўрганилиб, мавжуд ҳолат йилнинг ҳар чорагида муҳокама қилиб борилган. Комиссия мажлисларида 40 дан ортиқ вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилган ва бу борадаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинган.

Қолаверса, Ўзбекистон дунё тарихида биринчи бўлиб Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга парламентлар эътиборини қаратиш, соҳада парламент назоратини кучайтириш, бу борада парламентлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш ташаббуси билан чиққан.

Танзила Норбоева Гендер тенгликни таъминлаш ва оила масалалари бўйича республика комиссияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилган ишларга ҳам тўхталди.

Унга кўра, мамлакатда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш бўйича стратегия қабул қилинган ҳамда ушбу стратегия доирасида индикатор ва кўрсаткичлар ишлаб чиқилган. Ҳар чорак якунида эса улар ижроси юзасидан таҳлилий-танқидий муҳокамалар йўлга қўйилган.

Қувонарлиси шундаки, бу йўлда мамлакатимиз эришаётган натижалар ва тўпланган миллий тажриба Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” деб номланган индексида алоҳида эътироф этилди. Унга кўра, жорий йилда Ўзбекистон гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторидан жой олгани бизни мамнун қилади”, деди Норбоева.

Сенат раисига кўра, олиб борилган амалий чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон сўнгги 6 йилда Ҳуқуқ устуворлиги индексида – 16, Коррупцияни қабул қилиш индексида – 32, Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида – 18, Иқтисодий эркинлик индексида – 31, Логистика самарадорлиги ҳамда Глобал инновация индексларида – 11 поғонага юқорилаган.

Танзила Норбоева ахбороти сўнгида ҳафта охирида ўтадиган сайловларда халқ ишончига сазовор бўлиб, катта масъулиятли вазифаларни ўз зиммасига оладиган бўлажак депутат ва сенаторлар ишига муваффақият тилади.

Мавзуга оид