Жаҳон | 12:50 / 24.10.2024
1540
3 дақиқада ўқилади

Зеленский G7'га Украинага кўп миллиардлик ёрдам учун миннатдорчилик билдирди

АҚШнинг G7 кредити доирасида 20 миллиард доллар ажратиш ҳақидаги қарори Украинани қўллаб-қувватлайди, деди Володимир Зеленский. У бу ёрдамни жорий йилда амалга оширишга чақирди.

Фото: REUTERS

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ ва бошқа G7 давлатларига Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдам учун кўп миллиард долларлик кредит ажратганига миннатдорчилик билдирди. «Америка 20 миллиард доллар беришга қарор қилди, булар музлатилган Россия активларидан таъминланган маблағлар», деди Зеленский 23 октябр, чоршанба куни кечки видеомурожаатида.

Унинг сўзларига кўра, Вашингтоннинг G7 кредитининг бир қисми бўлган бу ҳиссаси Украинанинг ҳимояси ва барқарорлиги учун зарур. «Бу бизни қўллаб-қувватлайдиган нарса ва буни шу йил амалга ошириш жуда муҳим», деди Украина давлати раҳбари.

Зеленский ўзининг анъанавий кечки нутқини Make Russia small again («Россияни яна кичкина қиламиз») ёзуви туширилган футболкада ўқиб эшиттирди. Бу ибора АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампнинг «Американи яна буюк қиламиз» сайловолди шиорига ишорадир.

АҚШ Украинага 20 млрд долларлик ёрдам юборишни режалаштирмоқда

Қўшма Штатлар ўзини Россиядан ҳимоя қилаётган Украинага 20 миллиард доллар (конвертация қилинганда: 18,5 миллиард евро) миқдорида молиявий ёрдам кўрсатишни режалаштирмоқда. «Катта еттилик»нинг 50 миллиард долларлик ёрдам пакетига шартли равишда 20 миллиард доллар ҳисса қўшишимиз мумкинлигини айтмоқчиман», дея 22 октябр куни АҚШ молия вазири Жанет Йелленнинг сўзларидан иқтибос келтирган dpa.

Бу Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан тушган даромаддан Украинага 50 миллиард доллар ажратиш бўйича «Катта еттиликка» аъзо давлатлар июн ойида эришган келишувга ишора қилади.

Йелленнинг аниқлик киритишича, Киевга Америка ҳукумати томонидан қўшимча ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарор «99 фоизга қабул қилинган». Бу борадаги якуний қарор шу ҳафта охиригача қабул этилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, АҚШ молия вазири Украинага ушбу молиявий ёрдам кўрсатиш юки америкалик солиқ тўловчиларга тушмаслигини таъкидлади. «Бу ёрдам учун Россия тўлайди», деди Жанет Йеллен.

Мавзуга оид