25 октябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар
Ҳукумат ҳузурига ўтказилган Миграция агентлиги, битта тутни кесгани учун 75 млн сўм тўлайдиган фуқаро ва болаларни шамоллашдан ҳимоя қилиш учун тавсиялар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Миграция агентлиги тузилди
Бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолияти тугатилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миграция агентлиги ташкил этилди. Шунингдек, президент қарорига асосан, Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси негизида Миграция жамғармаси ташкил этилиб, жамғарма Миграция агентлигига ўтказилди.
2025 йил 1 январдан бошлаб агентликка хусусий бандлик агентликлари фаолиятини текшириш билан боғлиқ назорат тадбирларини ўтказишга рухсат этилади. Текширувлар бўйича тузилган баённомалар “Хорижда иш” электрон дастурига жойлаштириб борилади. Шу билан бирга, хусусий бандлик агентликлари томонидан лицензия олиш учун захира қилинадиган маблағлар миқдори БҲМнинг 8500 бараваридан 4000 бараваригача туширилади.
2026 йил 1 январгача Миграция агентлигининг фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда танлаш, хорижга ишга юбориш ва ишга жойлаштириш билан боғлиқ функциялари босқичма-босқич хусусий бандлик агентликларига ўтказилади.
Қарорга кўра, фуқароларга хорижда ишга жойлашиш ва “ишчи виза”ни расмийлаштириш бўйича бепул консалтинг хизматлари кўрсатилади.
Yandex Eats ва Express24 бирлашади
Ўзбекистонда таом етказиб бериш билан шуғулланувчи иккита йирик сервис – Yandex Eats ва Express24 бирлашадиган бўлди. Yandex Uzbekistan компанияси Express24 активларининг бир қисмини сотиб олаётганини эълон қилди. Расмий хабарга кўра, битим тез орада ёпилади, шундан кейин икки сервис таом етказиб бериш бўйича ягона технологик платформани яратади. Express24 иловаси ишлашда давом этиши айтиляпти. Битим қиймати эса очиқланмади.
Айни пайтда бу битим борасида монополияга қарши органнинг муносабати кутилмоқда. Чунки айнан битта бозорда фаолият юритувчи иккита муҳим ўйинчининг бирлашиши рақобат муҳитига салбий таъсир қилиши, бу эса истеъмолчилар манфаатларига зид бўлиши мумкин. Yandex Uzbekistan компаниясининг Kun.uz'га маълум қилишича, бу битим антимонопол органнинг розилиги олинадиган битимлар тоифасига кирмайди, шундай бўлса-да, компания келишув ҳақида Рақобат қўмитасини хабардор қилган. Қўмита ҳам бу борада расмий ахборот берилишини билдирди.
Қонунчиликка кўра, активларининг қиймати ёки йиллик тушуми муайян миқдордан ортиқ бўлган йирик компаниялар бошқа компания билан бирлашса, монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиши керак. Ўтган йили Uzum экотизими Click билан бирлашишини эълон қилган, ўшанда Рақобат қўмитаси улар берухсат бирлашадиган бўлса, жазоланишини маълум қилганди. Орадан бир йил ўтиб, Uzum бу бирлашув ғоясидан воз кечганини билдирган.
Расмий таксичилар 600 мингдан ошди
Ўзбекистонда 2024 йил 1 октябр ҳолатига кўра, ўзини ўзи банд қилган шахслар сони 4 миллион кишига етди. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, бу кўрсаткич охирги бир йилда 87 фоизга, яъни салкам 2 баробарга ошган. Ўзини ўзи банд қилганлар Самарқанд вилоятида 470 мингдан, Қашқадарёда эса 413 мингдан ошган.
Маълум қилинишича, ўзини ўзи банд қилган таксичилар сони 612 мингга яқинлашган. Шундан 345 минг нафари 2024 йилда рўйхатдан ўтган. Жами 4 миллион нафар ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг 44 фоизи маиший хизматлар соҳасида фаолият юритмоқда. Яна 1 миллиондан ортиқ фуқаро қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзини ўзи банд қилган.
Дарахт кесганга 75 млн
Самарқандда 1 туп тутни кесган фуқаро 75 млн сўм тўлайдиган бўлди. Тойлоқ тумани экология бўлимига кўра, у тегишли тартибда рухсат олмаган ҳолда Хўжаюз маҳалласи ҳудудидаги 1 туп соғлом тут дарахтини кесиб ташлаган. Натижада табиатга 71 млн 250 минг сўм зарар етказилган.
Ҳуқуқбузар бу зарарни қоплаш билан бирга, БҲМнинг 10 баравари – 3 миллион 750 минг сўм миқдорида жаримага ҳам тортилган. Шу тариқа, битта тутни кесиб ташлаганлик учун жазо роппа-роса 75 млн сўмни ташкил этмоқда.
Шамоллаш мавсуми учун тавсиялар
Соғлиқни сақлаш вазирлиги болаларни нафас йўллари касалликларидан ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар берди. Тиббиёт фанлари доктори, профессор Фурқат Шамсиевнинг сўзларига кўра, оилада фарзандларни гигиеник қонун-қоидаларга риоя қилиш, қўлни совунлаб ювиш ёки тез-тез антисептик воситалардан фойдаланишга ўргатиш керак.
Бундан ташқари, юзни қўл билан кўп ушламаслик, хоналарни доимий шамоллатиш, йўталганда ёки акса урганда оғиз-бурунни салфетка ёки тирсак билан ёпишни ўргатиш лозим. Болаларга касал бўлган тенгқурлари олдига яқин келмасликни айтиш, ҳимоя ниқобларидан фойдаланишни тушунтириш зарур. Агар бола касал бўлиб қолса, боғча ёки мактабга юбормаслик керак.
Профессорнинг айтишича, иситмаси юқори боланинг томоғига йод ёки зелёнка суртиш хато, чунки кичик ёшдаги беморнинг нафас йўли шиллиқ қавати жуда нозик, қолаверса, вирусдан яллиғланган ва шишган ҳолатда бўлади. Агар йод ёки зелёнка сурилса, шиллиқ қават жароҳатланиб, шиш катталашиши, ларингит юзага келиши мумкин.
“Боланинг фибрил тутқаноғи бўлмаса, касаллик туфайли тана ҳарорати 38-38,5 даражадан паст бўлганда иситмани туширишга ҳожат йўқ. Шундан ортсагина “парацетамол” ёки “ибупрофен” (болалар учун эритма) бериш мумкин. Тана ҳароратининг 37 даража экани иситма кўтарилганини англатмайди. Қайта-қайта иситмани туширувчи дориларни ичириш эса ундаги терморегуляция марказига салбий таъсир этади”, дейди Фурқат Шамсиев.
Унинг қўшимча қилишича, аллергик йўтал, астма, юқори нафас йўлларининг яллиғланиши кузатилаётган болалар бор хоналарда исириқ тутатиш мумкин эмас. Чунки тутун кичкинтойнинг органларида спазмни кўпайтириб, йўтални янада кучайтириши мумкин.
Тиббиёт фанлари докторига кўра, болаларга кўп суюқлик бериш, уларни тўғри овқатлантириш ва уларни чиниқтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Мавзуга оид
21:32 / 31.10.2024
31 октябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:05 / 30.10.2024
30 октябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:02 / 29.10.2024
29 октябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:51 / 28.10.2024