Жаҳон | 17:10 / 26.10.2024
9045
9 дақиқада ўқилади

Инсон матонати – 61 ёшида супермарафонда ғолиб чиққан австралиялик чўпон

1983 йилда Австралияда супермарафонга старт берилади. Унда қатнашаётганларнинг аксарияти ёши 30 га тўлмаганлар эди. Спортчилар орасида бошқаларни ажаблантириб кекса ёшдаги бир инсон ҳам югуришга тайёргарлик кўрарди.

Австралия ажабтовур мамлакат. Қуруқликда чегаралари бўлмаган ва тўрт томонини сув ўраб турган бу қитъа-давлатнинг ўзига хос табиати, ҳайвонот дунёси, анъана-удумлари ҳамда спорт мусобақалари бор.

1980-йилларда Австралияда ғалати бир мусобақа ўтказилган ва у қарийб 10 йил давомида ҳар йили ташкиллаштирилган.

Сидней-Мелбурн супермарафони” деб аталган бу мусобақада спортчилар бир неча кун давомида Сиднейдан Мелбурнгача бўлган 875 км масофани югуриб ўтишлари керак эди.

Бу мусобақа биринчи марта 1983 йилда ўтказилган. Ўшанда унда қатнашиш учун дунёнинг энг кучли атлетлари келишади. Марафонда қатнашмоқчи бўлган спортчиларнинг ёши 30 гача эди.

Спортчилар орасида фермерлар кийимида бўлган кекса ёшдаги бир инсон ҳам бамайлихотир югуришга тайёргарлик кўрарди. Уни пайқаб қолган ОАВ мухбирлари дарҳол спортчидан интервю олишга киришишади. Бу 61 ёшли чўпон Клифф Янг эди.

Фото: polzam.ru

Бутун умри қўй подаси ортидан ўтган инсон

Клифф Янг 1922 йилда фермер оиласида туғилган. Австралия фермерлари асосан қўйчилик билан шуғулланишади ва бу давлат қўйлар сони бўйича дунёда етакчилар рўйхатига киради.

Клиффнинг отаси Австралия жанубий-ғарбидаги Виктория штатида 800 гектар ерга эгалик қилар ва у ерда чорвачилик билан шуғулланарди. Шу сабабли унинг ёшлиги ҳам қўй ва моллар боқиш билан ўтади.

Оиланинг 2 минг бош қўйи ва яна моллари бор эди ва Клифф ҳар куни кўплаб чақирим жойни пиёда босиб ўтиб, уларни боқишда отасига ёрдамлашарди.

Кейинчалик, у улғайганидан сўнг қўй ва моллар подасига ўзи қарайдиган бўлади ва ўшанда ҳам отлардан фойдаланмай, фақат пиёда юради.

Фото: subscribe.ru

Катта спорт ва марафон

Клифф Янг фермада чўпонлик қилиб юрар экан, унинг 56 ёшгача спорт югуриш мусобақаларида қатнашгани ҳақида маълумот йўқ.

У илк бор 1979 йилда Мелбурнда ўтказилган кичик марафонда қатнашади. Ўшанда Клифф 16 километрлик масофани 64 дақиқада босиб ўтади ва шу мусобақада ОАВ орқали омма эътиборига тушади.

Чунки бу марафонда қатнашганларнинг аксарияти ёши ўттизгача бўлганлар эди. Улар орасида бўлган 56 ёшли Клифф мухбирларнинг эътиборини тортганди.

Ўша йили у Мелбурн марафонида ҳам қатнашади ва 42 километрлик масофани 3 соат 21 дақиқада югуриб ўтади. Клифф Мелбурн марафонида 1980, 1981 ҳамда 1982 йилларда ҳам қатнашади ва шахсий рекордини 3 соат 2 дақиқага янгилайди.

Фото: monitorthebeat.com

Супермарафондаги ғалаба ва машҳурлик

1983 йилда австралияликлар Westfield Sydney to Melbourne деб номланган супермарафонни ўтказишга қарор қилади.

Мусобақа шартига кўра Мелбурн ва Сидней оралиғидаги 875 км масофани биринчи бўлиб югуриб ўтган атлет ғолиб чиқади.

Мусобақа ҳомийси Westfield савдо марказлари тармоғи эди. Шу сабабли старт Сиднейдаги Westfield Parramatta савдо тармоғи олдидан бошланиб, Мелбурндаги Westfield Doncaster савдо тармоғи олдида тугаши керак эди.

Клифф Янг бу мусобақага эгнида чўпонлар киядиган махсус ёмғирпўш ва оёғида резина этик билан келади. Спортчилар унинг устидан кулишади.

ОАВ мухбирлари спортчиларга хос бўлмаган кийимларда марафонда қатнашмоқчи бўлган одамдан интервю олади.

Мухбирлардан бири унинг ёмғирпўши ва резина этиги ҳақида савол беради. Бошқаси эса кекса ёшда эканида марафонда югура олишига шубҳа билдиради.

Шунда Клифф аввалги мусобақаларда ҳам резина этик ва чўпонларнинг ёмғирпўшини кийиб югурганини, бу кийимларда ўзини қулай ҳис қилишини айтади.

Мусобақанинг биринчи кунида у бошқа спортчилардан анча орқада қолиб кетади. Чунки Клифф югурмасди, унинг ҳаракатлари югуришдан кўра кўпроқ спортча юришга ўхшаб кетарди.

Фото: dzen.ru

Биринчи куни спортчилар маълум масофани югуриб ўтади ва дам олиш учун тўхтайди. Иккинчи кун улар югуришни бошлаганда Клиффнинг олдинга ўтиб кетганини кўриб, ҳайрон қолади.

Бошқалардан анча ортда қолиб кетган спортчи қандай қилиб олдинга ўтиб кетди? Гап шундаки, Клифф тунда дам олмаган ва ҳаракатда давом этган эди.

Мусобақа бошлангандан сўнг биринчи тунда олдинга ўтиб кетган Клифф маррага етгунча бошқаларни олдинга ўтказмайди ва беш кун тўхтамасдан ҳаракатланиб, мусобақада ғолиб чиқади.

Иккинчи спортчи маррага Клиффдан 10 соат ортда қолиб етиб келади. Умумий ҳисобда у соатига ўртача 6,5 километрдан югуради ва маррага беш сутка, 15 соат 4 дақиқада етиб келади.

Резина этик ва чўпонларнинг ёмғирпўшини кийиб олган одам мусобақа ғолиби бўлгач барча ОАВ мухбирлари уни ўраб олади ва Клиффни саволларга кўмиб ташлайди. Мухбирларни унинг бир неча сутка давомида ухламасдан югуриши сири қизиқтирарди.

Фото: спорт.ру

Шунда Клифф қўйларни боқиш жараёнида бундай жараённи тез-тез бошдан ўтказиши, бир неча сутка ухламасдан отарнинг ортидан юрган пайтлари кўп бўлганини айтади.

Клифф нуфузли марафонда ғолиб чиққач уни Австралияда “Тошбақа ва қуён” маталидаги тошбақага ўхшатишади.

Маълумот учун, қадимги Грецияда яшаб ўтган шоир ва файласуф Эзоп қаламига мансуб бу маталда тошбақа секин юрса ҳам тинмасдан ҳаракатланиб чопағон қуённи ютиб чиқади.

Westfield Sydney to Melbourne давомли ўтказила бошланади ва Клифф унда яна бир неча йил қатнашади. У 1984 йилда иккинчи ўринни эгаллайди.

1985 ва 1986 йилларда кексалик ўз кучини кўрсатади ва Клифф маррага етиб кела олмайди. 1987 йилда эса ўн тўртинчи бўлиб етиб келади.

Клиффнинг кейинги йилларда марафонда муваффақиятсиз қатнашганининг яна бир сабаби бор эди. 1983 йилда марафоннинг биринчи йилида спортчилар 875 км масофани босиб ўтиши керак бўлган.

Фото: futilitycloset.com

Кейинги йилларда масофа сезиларли оширилган. Жумладан, 1985 йилда 960 км, 1986 йилда 1016 км, 1987 йилда 1060 километрга етказилган. Шунингдек, бошқа спортчилар ҳам камроқ дам олиб, кўпроқ югура бошлайди.

Кейинчалик Клифф айнан шу мусобақада “Энг яхши австралиялик югурувчи” номинациясини ташкил этади ва унда ғолиб бўлганларга соврин топширади.

Клиффнинг ғалати ҳаёт тарзи ва рекордлари

Клифф Янг гарчи қўй боқиш билан шуғулланса-да, 1973 йилдан бошлаб умуман гўшт емаган ва вегетериан бўлган. Шунингдек, у узоқ йиллар мобайнида уйланмай юради.

1983 йилда Westfield Sydney to Melbourne супермарафонида ғолиб чиққач Клифф 62 ёшида 23 ёшли қизга уйланади.

Клифф Янг хотини билан
Фото: Geelong Advertiser

Марафон ҳомийси бўлган Westfield компанияси Клиффнинг тўй харажатларини қоплаб беради. 1984 йилда Клифф “узоқ масофага югурувчи” сифатида Австралия ордени билан тақдирланади.

1997 йилда Клифф 75 ёшда австралиялик атлет, бутун дунё бўйлаб югурган Роналд Грантнинг рекордини янгилаш учун Австралия бўйлаб югуришга чиқади.

Ўшанда Клифф 16 000 км масофани югуриб ўтса, Грантнинг рекорди янгиланарди. Бироқ у 6 520 км масофани босиб ўтганидан сўнг югуришни тўхтатади.

2000 йилда Клифф Янг Викторияда ўтказилган олти кунлик марафонда жаҳон рекордини ўрнатади. У расмий спорт мусобақаларида умумий ҳисобда 20 минг км масофани югуриб ўтган.

Кексайиб қолган Клифф машҳур резина этиги билан
Фото: incarnate

76 ёшида Клиффда саратон хасталиги аниқланади. Шундан сўнг ҳам югуришда давом этади. Бироқ бу жараёнда касаллик ўз кучини кўрсатади ва у бир неча марта инсулт олади.

Клифф Янг 2003 йилда 81 ёшида ўзининг Квинсленддаги уйида саратон хасталигидан вафот этади. Атлетнинг резина этиги шарафига Бич-Форестда ҳайкал ўрнатилади.

Шунингдек, Австралиядаги иккита жой – Cliff Young Drive ва Cliff Young Park унинг номи билан аталади.

2013 йилда ABC1 телеканалида Клифф Янг 1983 йилда қатнашган марафони ҳодисалари тасвирланган филм намойиш этилади.

Клифф Янг ҳақидаги филм учун тайёрланган баннер

“Клиффи” деб номланган бу филмда Клифф Янг ролини австралиялик машҳур актёр Кевин Ҳаррингтон ижро этган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид